"Agro Invitro": Жиззахда қишлоқ хўжалиги соҳасида инновацион лойиҳа ишга туширилди
Жиззах вилоятида янги "Agro Invitro" комплекси очилди. Бу лойиҳа Агробанк ҳамкорлигида қишлоқ хўжалиги соҳасида юқори ҳосилдорликка эга, экспортбоп мева кўчатлари етиштиришни мақсад қилган.
Қишлоқ хўжалигида янги йўналиш
7 июнь куни Ғаллаорол туманидаги “Agro Invitro” комплексида бўлиб ўтган тақдимотда ОАВ вакиллари, маҳаллий ва халқаро миқёсдаги мутахассислар, деҳқон ва фермерлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида жойлашган мазкур лаборатория комплекси 20,4 гектар майдонни эгаллаган ва у йилига 10 миллион дона кўчат етиштириш қувватига эга.
Агробанк томонидан молиялаштирилаётган мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 20 миллион АҚШ доллари бўлиб, унда замонавий селекция ва генетика технологияларидан фойдаланилган.
Лаборатория комплекси Европанинг етакчи технологиялари асосида қурилган бўлиб, бу жараёнда Нидерландиянинг "Viscon Group" компанияси билан ҳамкорлик қилинган.
Энерготежамкор ва замонавий 5-авлод иссиқхонаси
"Agro Invitro" лойиҳаси республикада кўчат етиштиришга янгича ёндашувни жорий қилади. Махсус лабораторияда кўчатлар ташқи муҳитдан ҳимояланган, вирус ва касалликлардан тозаланган шароитда етиштирилади. Шунингдек, лойиҳа доирасида автоматлаштирилган сунъий микроиқлим муҳитини яратувчи ойнаванд иссиқхоналар қурилди. Бу иссиқхоналар 50%гача энергия тежалишини таъминлайди.
“Давлат раҳбарининг қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик самарадорлигини ошириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қарор-фармонлари имзоланди.
Буни амалга оширишда Агробанк томонидан қишлоқ хўжалигида инновацияларга асосланган қишлоқ хўжалигида экотизимни яратишга қаратилган лойиҳа тақдим этилди.
"Agro Invitro" лойиҳаси юртимиздаги тадбиркор, деҳқон ва фермерларимизга юқори ҳосилдорликни кафолатлайдиган, сертификатланган, вирусдан холи ва юқори совуқ ҳароратга чидамли кўчатларни етказиб берадиган комплекс ҳисобланади.
Бу уникал лойиҳа Ўзбекистонда эмас, бутун МДҲ давлатларида ягона саналади. Лойиҳа асосида 40 турдаги 6000 дан зиёд кўчатлар Италия ва Испаниядан келтирилди. Эндиликда улардан деҳқонларимизга юқори ҳосилдорликка эга кўчатлар етказиб берилади.
Мажмуадаги 2 гектар майдонда Нидерландия билан ҳамкорликда 5-авлод иссиқхонаси барпо этилган. "Agro Invitro" комплексида айни пайтда 50 иш ўрни яратилган”, дейди “Агробанк” АТБ Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари в.б Эркин Қахоров.
Лойиҳани ишга тушириш давомида хорижий малакали мутахассислар жалб қилинган. Комплексдаги хорижий технологияларга асосланган лабораторияда кўчатчиликнинг инновацион усулларини яқиндан ўрганиш мақсадида 10 дан ортиқ маҳаллий мутахассислар хорижда тажриба ошириб келишган.
Экспорт учун янги қадамлар
Мажмуада янги узум навлари устида алоҳида иш олиб бориш кўзда тутилган бўлиб, Италия ва Испаниядан келтирилган узум кўчатлари кафолатланган ҳолда етказиб берилади.
“Зарарли ҳашаротлар киришининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистонга узум кўчати импорти тақиқланган. Бу ерда энг харидоргир ва ноёб узум навлари кўчатларини тайёрлаш ва сотиш йўлга қўйилади. Дунёнинг селекция ривожланган давлатларидан янги узум навларини олиб келиб, кўпайтириб деҳқонларимизга етказиб берамиз.
Узумнинг тезпишар, эрта ҳосилга кирадиган навлари айни пайтда биз учун биринчи ўринда етказиб бериладиган кўчатлар бўлиб турибди”, дейди "Agro Invitro" лойиҳаси эксперти Зафар Аҳмедов.
МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб Ўзбекистонда йўлга қўйилган “Agro Invitro” лойиҳаси қўшни мамлакатларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда. Тақдимотда иштирок этган Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан келган соҳа мутахассислари ҳамкорлик масалаларида ўз таклифларини беришди.
Нидерландиядан ташриф буюрган иссиқхона ва очиқ ирригация тизими бўйича мутахассис Илья Краснощёков комплекснинг тўлиқ автоматлаштирилганига эътибор қаратди:
“Agro Invitro инновацион технологиялар лойиҳаси Марказий Осиё ва МДҲ ҳудудида уникал лойиҳа бўлиб, Европа мутахассисларининг тажрибасини ўзида мужассам этган. Лойиҳада турли участкаларда микроиқлим назоратини таъминлаш, уни тўлиқ автоматлаштириш, санитария меъёрлари, суғориш сувини фильтрлаш ва дезинфекция қилиш, мослашиш зоналари ва сувни зарарсизлантириш бўйича энг илғор технологияларни бирлаштирган.
Мажмуа йилига 10 миллион тупгача узум ва мевали дарахт кўчатларини етиштириш имконини беради. Ушбу натижага эришиш учун қишда қаттиқ микроиқлим назорати (+28° C) ва ёзда зарур совитиш таъминланади”, деди у.
"Agro Invitro" лойиҳаси Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги секторида инновация ва илмий ёндашувларни қўллаб-қувватлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади ва бу Ўзбекистонни минтақада аграр технологиялар бўйича етакчига айлантиришга ёрдам беради.
Мавзуга оид
21:10 / 25.11.2024
Аҳолига бирламчи зарур бўлган 10 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳисоб-китоби юритилади
15:45 / 21.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
11:37 / 20.11.2024