Жаҳон | 10:10 / 31.12.2018
49483
19 дақиқада ўқилади

2018 йил жаҳон саҳнасида: йилнинг энг шов-шувли воқеалари

Фото: AP Photo / Lefteris Pitarakis

Петров ва Бошировнинг саргузаштлари, таиландлик мактаб ўқувчиларининг ғордан қутқарилиши, журналист Аркадий Бабченконинг саҳналаштирилган «ўлими», саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг сирли ўлими ва бошқа ҳодисалар. Шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трампнинг кескин сиёсати, Хитой ва Қўшма Штатлар савдо уруши, Буюк Британияда Brexit машмашаси, Франциядаги норозилик акциялари ҳам йил давомида содир бўлган муҳим воқеаларга айланди.

2018 йилда жаҳонда шу ва бошқа шу каби ҳодисалар рўй бердики, улар асосида кейинроқ блокбастерлар ишлаш ҳам мумкин. Қуйида шундай воқеаларнинг асосий сюжетларини келтирамиз.

«Новичок» иши

Фото: Reuters

ГРУнинг собиқ жосуси Сергей Скрипаль ҳамда унинг қизи Юлия Скрипалнинг ҳаётига суиқасд қилиниши ҳақиқий халқаро можарони келтириб чиқарди.

Скрипаллар 4 март куни Британиянинг Солсбери шаҳридаги The Maltings савдо маркази яқинида ҳушсиз ҳолда топилганди. Кейинроқ улар асаб тизимини ишдан чиқарувчи «Новичок» моддаси билан заҳарлангани маълум бўлди. Расмий Лондон бу заҳар Россияда ишлаб чиқарилганини маълум қилди ва Буюк Британия ҳукумати Солсберидаги ҳодиса учун бор масъулиятни Москва зиммасига юклади ва русларни ўз ҳудудида кимёвий қурол қўллашда айблади. Россия барча айбловларни рад этиб, далиллар йўқлигини иддао қилганди. Солсберидаги воқеа катта дипломатик можарони келтириб чиқарди: Ғарб мамлакатлари 150 нафардан ортиқ россиялик дипломатларни чиқариб юборди, Россия ҳам худди шундай жавоб чоралари қўллади.

Юлия Скрипаль апрель ойи ўрталаридаёқ шифохонадан чиқарилди, унинг отасига май ойида жавоб берилди. Уларнинг ҳозирги яшаш жойи маълум эмас.

Сентябрь ойида Британия прокуратураси Скрипалларни заҳарлашда гумонланувчиларнинг номларини маълум қилди - Александр Боширов ва Руслан Боширов ГРУ жосуслари экани айтилди. Инглизлар икки россияликнинг Лондондаги аэропортда ва Солсберида кузатув камералари орқали олинган тасвирларини эълон қилди. Улар Скрипаллар яшайдиган уй яқинидан ҳам ўтишгани маълум бўлди.

Кўп ўтмасдан, Россия президенти бу айбловларга жавоб сифатида Петров ва Бошировни телевидение орқали чиқишга чақирди. Бир кун ўтиб Russia Today телеканали ушбу икки шахс билан мулоқот ўтказди.

Боширов ва Петров Россия махсус хизматларига алоқадорликларини тан олишмади. Улар март ойи бошида чиндан ҳам Солсберига боришганини, лекин бундан мақсад диққатга сазовор жойларни зиёрат қилиш эканини маълум қилишди. Шу билан бирга улар Скрипаллар уйи олдидан ўтган бўлишлари мумкинлигини истисно этишмади. Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги эса бу интервьюни «ёлғонлар ва хато жавоблардан иборат интервью» деб атади.

Кейинроқ The Insider интернет-нашри ва Bellingcat тадқиқот гуруҳининг қўшма текширувида Петров аслида Александр Мишкин, Боширов эса Анатолий Чепига экани, уларнинг иккиси ҳам Россия махсус хизматлари ходимлари экани маълум бўлди.


Арманистондаги намойишлар

Сиёсатчи Никол Пашинян Арманистон президенти Армен Саркисян билан
Фото: РИА Новости/Асатур Есаянц

2008 йилдан 2018 йилга қадар Арманистонга президентлик қилган Серж Саргсян ўзининг иккинчи президентлик ваколати якунланишига яқин қолганида, 2015 йили конституцияга ўзгартириш киритганди: унга кўра, 2018 йилдан бошлаб давлат раҳбари бош вазир бўлиши белгиланади. Саргсян ўшанда 2018 йилда президентлик ваколати тугагач, президентликка ҳам, бош вазирликка ҳам номзодини қўймасликка ваъда беради. Лекин у ваъдасида турмади ва 17 апрель куни у раҳбарлик қилаётган партия парламентда кўпчилик овозга эгалиги эвазига Арманистон бош вазирига айланди. Шундан кейин Арманистон норозилик намойишлари ичида қолди. «Бахмал инқилоб» номини олган, сўл сиёсатчи Никол Пашинян бошчилик қилган намойишлар туфайли 23 апрель куни Саргсян бош вазирликдан истеъфо берди ва Арманистон президенти Армен Саркисян мамлакат ҳукуматининг истеъфоси ҳақидаги фармонни имзолади.

1 май куни  парламент янги бош вазирни сайлаши керак эди. Номзод ҳам атиги битта — мухолифат етакчиси Никол Пашинян эди. Бироқ аввалги президентнинг партиясидан чиққан кўпчилик депутатлар барибир Пашинянга овоз беришмади ва бош вазир ҳам сайланмади. Пашинянни фақат 45 депутат қўллаб-қувватлади, бош вазир бўлиш учун эса камида 53 овоз керак эди. Овоз бериш натижаларига кўпчилик овозга эга Арманистон Республикачилар партияси (АРП) таъсир кўрсатди — партиядан сайланган депутатлар Пашинянга овоз беришдан бош тортди.
 Пашинян парламентдан чиқиши билан, 2 май куни бутун Арманистонда норозилик намойишлари ўтказилиши, йўллар ёпиб қўйилишини эълон қилди.
2 май тонгида намойишчилар барча йўллар ва кўчаларни, жумладан, аэропортга олиб борувчи трассани ҳам ёпиб қўйди. Мамлакатда поездлар ҳаракати тўхтади — намойишчилар темирйўлларни тўсиб қўйишди. Метрополитен ҳам ишлашдан тўхтади. 

Деярли бир ойлик намойишлардан сўнг, май ойи ўрталарида Никол Пашинян бош вазирликка сайланди - уни бу сафар 59 депутат қўллаб-қувватлади, 42 киши қарши овоз берди.

Октябрда Пашинян истеъфога чиқиб, асосий мақсадни маълум қилди - муддатдан аввалги парламент сайловларини ўтказиш.

24 октябрь куни Арманистон Миллий ассамблеяси депутатлари махсус йиғилишда Пашинянни бош вазир лавозими учун ягона номзод сифатида танлашмади.

Арманистонда декабрь бошида муддатдан аввалги парламент сайловлари бўлиб ўтди ва унда Пашиняннинг сиёсий блоки ғалаба қозонди.


«Вақтинча ўлган» журналист

Фото: Reuters

29 май куни кечқурун нашрларнинг биринчи саҳифаларини журналист Аркадий Бабченко ҳақидаги хабарлар эгаллади. Ўша куни Украина полицияси Россия ҳукуматига мухолифатчи журналист суиқасд оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилганди. Ижтимоий тармоқ унга бағишланган некрологлар билан тўлди.

Аммо кейинги кунда у «тирилди» ва брифингда Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари Василий Грицак ҳамда бош прокурор Юрий Луценко билан бирга пайдо бўлди.

Брифингда Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган операция натижасида Аркадийнинг ўлимига буюртма олган киллер ва қотиллик ташкилотчиси ушлангани маълум қилинди.


Йилнинг кутилмаган учрашуви

Kevin Lim/The Straits Times via Reuters

2018 йилнинг 12 июнь куни Сингапурда АҚШ президенти Дональд Трамп ва КХДР етакчиси Ким Чен Ин ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди. Ким Чен Иннинг сўзларига кўра, бу саммитни ташкиллаштириш йўлида кўплаб тўсиқлар пайдо бўлди, аммо улардан муваффақиятли ўтилди. Трамп ҳар икки давлат етакчиларининг учрашувини жуда катта ютуқ, деб атаган. Ким Чен Ин ушбу тарихий саммитдан кейин дунё аҳли кўплаб ўзгаришларга гувоҳ бўлишини таъкидлади. Дональд Трамп эндиликда АҚШ-КХДР муносабатлари илгаригига мутлақо ўхшамайдиган, бутунлай бошқача бўлишини қайд этди.

Бироқ, ушбу саммитдан сўнг КХДР ва АҚШ ўртасидаги муносабатда кескин ўзгариш кузатилмади, Шимолий Корея ядро технологиялари туфайли яна санкциялар остида қолди. Охир-оқибат КХДР ядро полигонларини бузиб ташлашга рози бўлди.
 

«Ғор ичида адашув»

Ғор ичида топилган болалар
Фото: Tham Luang / AP

Жорий йилнинг 23 июнь куни 11 ёшдан 16 ёшгача бўлган 12 нафар бола ва уларнинг мураббийи Таиланднинг энг шимолий нуқтасида жойлашган Тхам Луанг ғорига отланганди. «Ўрмон тўнғизлари» ўсмирлар футбол жамоаси аъзолари ғор ичига сайр қилиш учун кириб кетиб, кучли ёмғирлар оқибатида ғордан чиқиш йўллари сув остида қолгани сабабли у ерда қолиб кетишди.

13 киши бедарак кетгач Таиланд армияси уларни қидириш учун сафарбар қилинди. 9 кун ўтиб британиялик дайверлар (чуқурликдаги ғорларга тушиш билан шуғулланадиган мутахассис) болалар жон сақлаётган нуқтага етиб боришди. Уларга кислород ва озиқ-овқат етказиб бера бошлашди.

Уларни олиб чиқиш осон эмасди: 9 кун давомида ғор ичида озиқ-овқатсиз ва ичимлик сувисиз қолиб кетган болаларнинг аксари суза олмас ва дармонсиз эди. Қолаверса, ғор йўлакларини сув тўлдирган, 4 километрлик масофани тажрибали ғаввослар ҳам базўр босиб ўтарди. Болалар умумий узунлиги 7 километрлик ғорнинг ўртасидаги ҳаво бор бўлмасида жон сақлаб қолишганди. Ҳатто тажрибали ғаввос ҳам бу масофани босиб ўтиши учун 6 соат вақт талаб этиларди, бу йўлда ҳар кимга ўлим таҳдид соларди, шундай ҳам бўлди, ғаввослардан бири болаларга ҳаво етказиб бериб ортга қайтаётганида ўзига ҳаво етмасдан ҳалок бўлди.

Бу вақтда Таиландда октябрь ойигача давом этувчи муссон ёмғирлари бошланганди. Аввалига бундай амалиётнинг хавфлилик даражаси юқорилиги туфайли Таиланд ҳукумати болаларни кислород ва озиқ-овқат билан таъминлаб туриб, 4 ой давомида ғорда қолдириш ҳамда ёмғирлар мавсуми тугаб, ғордаги сувлар йўқолишини кутиш вариантини ҳам кўриб чиққанди. 

Тез орада Таиланд ҳукумати болаларни ғор ичкарисида қолдириш - энг ёмон сценарий бўлишини англаб етишди. Биринчидан, 4 ой давомида болаларга озиқ-овқат ва кислород етказиб бериш жараёни қутқарувчиларнинг ҳаёти ҳар куни хавф остида бўлишини тақозо этарди. Қолаверса, ғор ичида бирданига ҳаво қолмаслиги ёки уни бутунлай сув тўлдириши ҳам мумкин эди. Шундан кейин ҳукумат эвакуациянинг бошқа йўлларини қидира бошлади.

4 июль куни SpaceX ва Tesla компаниялари раҳбари, тадбиркор Илон Маскдан Таиланддаги ғорда қамалиб қолган ўсмирларга ёрдам беришни сўрашди. У бир неча вариантларни, жумладан ғор ёнидан туннеллар кавлашни таклиф қилди ва Таиландга The Boring Company ва SpaceX компаниялари муҳандисларини жўнатди. 10 июль куни Маск Таиландга учиб келди ва ғорга кирди. У болалар жамоаси шарафига «Ўрмон тўнғизлари» деб номланган сув ости қайиғини олиб келганди. Аммо Таиланд ҳукумати болаларни қутқаришда бу қурилмадан фойдаланишни истамади. Илон Маск ўз режасини маълум қилганидан бир неча соат ўтиб, қутқарувчилар унинг ёрдамисиз ҳаракатга киришди. Чунки, яна ёмғир ёға бошлаган ва ғор сувга тўлиш хавфи остида қолганди.

Амалиёт 10 июль куни якунланди, ғордан шу куни охирги болакай ва 25 ёшли мураббий олиб чиқилди. Лекин бу вақт давомида қутқарувчилардан бири ҳалок бўлди, болаларнинг ҳаёти ҳам бир неча бор хавф остида қолди.

 

Журналистларнинг сирли ўлими

Фото: Новая Газетв

Марказий Африка Республикасида, Сибут шаҳридан 23 км узоқликда уч нафар россиялик журналист ўлдириб кетилди. Ҳалок бўлганлар - журналист Ўрхон Жамол, режиссёр Александр Расторгуев ва оператор Кирилл Радченко эди.

Ушбу журналистлар «Центр управления расследованиями» лойиҳаси билан ҳамкорликда «Вагнер» гуруҳи фаолиятига оид ҳужжатли фильм ишлаш учун Африкага йўл олишганди.

Дастлабки маълумотларда улар талончилик ҳужуми қурбонига айлангани айтилди, Россия ТИВ эса, бу ҳодисани «сайёҳларнинг хавфли ҳудудда ҳужумга учраши» деб атади ва бошқа россияликларни МАРга бормасликка чақирди.

Охир-оқибат бу қотиллик сирли қотиллигича қолди.

«Вагнер» гуруҳи ёлланма жангчилар хизматини кўрсатадиган ҳарбий компания бўлиб, унинг таркиби асосан Россия ва МДҲ вакиллари бўлган ёлланма жангчилардан иборат ҳисобланади. Бироз аввалроқ ушбу гуруҳ жангчилари МАРга мамлакат президенти Фостен-Арканжа Туадеруни қўриқлаш учун келгани ҳақида маълум бўлганди.

Маълумотларга кўра, «Вагнер» ҳарбий бўлинмаси 2014 йили россиялик собиқ ҳарбий Дмитрий Уткин томонидан тузилган. ОАВ маълумотига кўра, бу гуруҳ Украина шарқидаги ҳарбий ҳаракатларда айирмачиларни фаол қўллаб-қувватлаган ҳамда Қрим аннекцияси жараёнида бевосита иштирок этган. 2015 йилдан эса бу гуруҳ Суриядаги урушга ҳам жалб этилган.

 

Журналистнинг сирли ўлими

2018 йил, 9 октябрь. Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консулхонаси олдида уюштирилган акция
Osman Orsal/Reuters

Американинг The Washington Post газетаси учун мақолалар ёзган, асосан Саудия Арабистони ҳукуматини танқид қилиш билан шуғулланган журналист Жамол Қошиқчи 2 октябрь куни ўз мамлакатининг Туркия пойтахти Анқара шаҳридаги консулхонасига кирганидан кейин изсиз ғойиб бўлди.

2017 йилнинг июлида Жамол Қошиқчи шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон сўз эркинлигини чеклаш ҳаракатларини бошлаши фонида қамоққа тушишдан қўрқиб, Саудия Арабистонини тарк этган.

«Биз сиз билан гаплашиб турган паллаларда саудиялик зиёлилар ва журналистлар қамоққа олинмоқда. Бугунги кунда у ерда ҳеч ким ислоҳотларни танқид қилишга ҳақли эмас», деганди журналист.

У кейинги вақтларда Виржинияда ҳамда Истанбулда яшаб келаётганди.

Жамол Қошиқчи Саудиянинг Туркиядаги консуллигига 2 октябрь куни Саудия Арабистонида яшайдиган хотини билан ажрашгани ҳақидаги ҳужжатни расмийлаштириш учун келганди. Журналист Туркияда янги никоҳини расмийлаштириши учун ана шу ҳужжат керак бўлган. Консулхонада учрашув 13:30га белгиланган, Қошиқчи у ерга 13:14да келган. Журналистнинг қайлиғи Ҳадича Денгизга у ерга киришга рухсат беришмаган ва у ташқарида 5 соат давомида кутиб ўтирган. Шундан сўнг журналистни ҳеч ким кўрмаган. Кузатув камераларида фақатгина унинг ичкарига киргани қайд этилган.

Daily Sabah газетаси Жамол Қошиқчи йўқолган куни Туркияга Саудия Арабистонидан 15 киши келгани ва улар консулхона яқинидаги меҳмонхонага жойлашишгани ҳақида ёзди. Уларнинг барчаси ўша куни кечқурун мамлакатни тарк этишган. Газета исбот сифатида саудиялик эҳтимолий «агентлар» фотосуратини тақдим этди.

23 октябрь куни Haberler порталида Жамол Қошиқчининг жасади бўлаклари Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консулхонаси ҳудудида жойлашган қудуқдан топилгани ҳақида хабар берилди. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған эса Жамол Қошиқчи аввалдан пухта режалаштирилган қотиллик қурбони бўлганини айтиб, Саудия Арабистони ҳукуматини барча далилларни ошкор этишга ва айбдорларни жазолашга чақирди.

Аввалига журналист йўқолишига алоқадорлигини рад этган Саудия ҳукумати кейинроқ унинг ўлимини тасдиқлади ва журналист консулхонада тасодифан ўлдириб қўйилганини тан олди. Бунинг ортидан Саудия Разведка хизматидаги амалдорлар жазога тортилди, айрим истеъфолар рўй берди, ОАВда ушбу қотилликка алоқадор бўлган 5 нафар шахсга қатл жазоси тайинланиши ҳақида хабарлар тарқалди.

Бу можаро ортидан Саудия Арабистонининг халқаро майдондаги нуфузи янада пасайди, қатор ташкилотлар ва давлатлар саудияликларга санкциялар жорий этди.


Францияда «сариқ жилетлилар» намойишлари

Фото: AFP

Ноябрь ойининг иккинчи ярмида Франциянинг турли ҳудудларида ҳайдовчиларнинг оммавий норозилик намойишлари бошланди — улар бензин нархи оширилишидан норози бўлишди. Нур қайтаргичли сариқ нимчаларни кийиб олган намойишчилар йўлларни ёпиб қўйишди, дастлабки намойишларда 50 мингга яқин одам қатнашди.

Франция ҳукумати 2019 йилдан дизель ёнилғисига солинадиган солиқни 6,5 фоизга, бензинга солинадиган солиқни эса 2,9 фоизга оширмоқчи эди. Бу чоралар орқали франциялик амалдорлар французларни шахсий автомобиллардан воз кечиб жамоат транспортига ўтишга мажбур қилишга ёки электрокарлар сотиб олишга ундашмоқчи эди. Ҳукумат ҳар икки ҳолатда ҳам атроф-муҳитга фойда бўлишини назарда тутганди. 

Намойишлар кейинги ҳафталарда янада кучайди ва 5 декабрь куни ҳукумат ён беришга мажбур бўлди. Франция бош вазири Эдуар Филипп мамлакатда ёнилғи нархини оширишга ярим йиллик мораторий жорий этилишини эълон қилди. Бундан ташқари, яқин олти ой давомида газ ва электр энергиядан фойдаланганлик учун тарифлар ҳам оширилмайдиган бўлди.

«Ҳеч бир солиқ миллат бирлигини хавф остида қолдиришга арзимайди», — деди бош вазир. Филипп ҳукумат зўравонликка тоқат қилмаслиги ва намойишлар вақтида қонунни бузганлар жазоланишини қўшимча қилди.

Лекин намойишчилар бу келишувга кўнишмади. Энлиликда улар кўпроқ нарсани, ҳатто мамлакат президенти Эммануэль Макроннинг истеъфосини талаб қила бошлашди. 

10 декабрь куни Франция президенти Эммануэль Макрон 4 ҳафта давом этган намойишлар фонида мамлакатда фавқулодда иқтисодий ва ижтимоий ҳолат эълон қилди.

Давлат раҳбари намойишчиларни хотиржамлик ва тартиб сақлашга чақирган, зўравонликни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмаслиги ҳақида гапирган. Шу билан бирга у французларнинг ғазаби «адолатли» эканини таъкидлади.

Макрон 2019 йилнинг майидан мамлакатда энг кам иш ҳақи миқдори 100 еврога оширилишини, шунингдек, йил якунида бериладиган мукофот пуллари солиққа тортилмаслигини, энг камбағал қатламга солиқ имтиёзлари тақдим этилишини маълум қилди.

Намойишлар фонида Франция иқтисодиёти жиддий зарар кўрди. Ҳисоб-китобларга кўра мамлакат иқтисодига етган зарар миллиард еврони ташкил қилди.


Керч бўғозидаги зиддият

Название

25 ноябрь куни эрталаб Россия федерал хавфсизлик хизмати Украинанинг учта ҳарбий кемаси Россия ҳудудий сувларига ноқонуний киргани ҳақида хабар берди ва уларни денгизчилари билан бирга қўлга олди. Кемалар Одессадан Мариуполга йўл олган, аммо уларни Керч бўғозидан ўтказишмаган.

Украинлар россиялик чегарачиларнинг кемалари украинларнинг шатакка олувчи кемасига нисбатан тажовузкорона ҳаракатлар содир этишгани ҳақида маълум қилишди.

Украина бир ойга ҳарбий ҳолат жорий этди ва россиялик 16 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркакларнинг мамлакат ҳудудига киришини тақиқлади.

Бу ҳодиса Ғарб давлатларининг Россия билан муносабатларини янада таранглаштирди.

Азиз Қаршиев 

Мавзуга оид