Ўзбекистон | 20:20 / 31.12.2023
26785
19 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон 2023 йилни қандай ўтказди?

Якунланган йил Ўзбекистон ҳаётида нималар билан ёдда қолди? Сиёсий тадбирлар, энергетикани ўнглаш ҳаракатлари, узоқ кутилган ўзгаришлар ва ечимини кутаётган муаммолар – Kun.uz'нинг йил дайжестида.

Энергетика

Ўзбекистонда 2023 йил қандай бошланганини эслаганда кўпчиликнинг хаёлига биринчи бўлиб аномал совуқ келади. Йилнинг илк ҳафталаридаги қаҳратон об-ҳаво сурункали тус олиб, ёғган қор уч ҳафтагача эримай тургани билан ноодатий бўлди. Тошкентда ҳаво ҳарорати –20 даражагача тушиб, шаҳар аҳолиси охирги 50 йилдаги энг совуқ январни бошдан кечирди. Бу эса қатор мавзеларда соатлаб эмас, бир неча кунлаб свет ўчиши ва одамларнинг кўчада гулхан ёқиб исинишигача олиб келган бемисл энергия инқирозини келтириб чиқарди.

Гап шундаки, газ босими кескин пасайиб кетгач, ҳамма ёппасига электр жиҳозларидан фойдаланишга ўтди. Энергетиклар бундай вақтларда аввал бўлганидек бошқа ҳудудларни тармоқдан узиш ҳисобига бўлса ҳам Тошкентга кўпроқ электр энергияси етказиб беришга тайёр эди, лекин шаҳардаги тармоқлар бу даражада катта юкламани кўтара олмаслиги тезда аён бўлиб, серияли авариялар бошланиб кетди. Сон-саноқсиз қурилишлар тармоққа юкламани ҳисобга олмай қилинганининг оқибатлари ўзини бор бўйи билан кўрсатди. Ва бу воқеалар охир-оқибат Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг пойтахт ҳокими лавозимидаги фаолиятига нуқта қўйди. “Қуруқ гап билан, ёлғон “сводка” билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат бу даражадаги инқирознинг бошқа такрорланишига йўл қўймаслик учун йил давомида бюджетдан 14 трлн сўм ёки миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлаб, электр ва газ инфратузилмасини модернизация қилиш, оддийроқ айтганда эпақага келтиришга ҳаракат қилди. Бошқа томондан, инвесторлар маблағлари ҳисобидан ўнга яқин янги электр қувватлари ишга туширилди. Янги ишга тушган иссиқлик, қуёш ва шамол станцияларининг бир қисми ҳозирча тўла битмаган, фақат биринчи босқичда қувват узатяпти. Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг ваъдасига кўра, қурилган станциялар тўла қувватда ишлай бошлагач, узоғи 1 йилдан кейин Ўзбекистон электр энергиясига бўлган ўз эҳтиёжини 100 фоиз қондира олади.

Электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва уни етказиб бериш тармоқларини янгилаш бўйича қилинаётган ишларни эътироф этиш билан бирга, энергетикада рақобатли бозорни вужудга келтириш жараёни секин кетаётганини ҳам айтиб ўтиш ўринли. Сентябр ойида қабул қилинган фармон билан, энергетика бозори регулятори ташкил этиладиган бўлди. Лекин соҳага доир қонунчилик базасини ишлаб чиқиш, яъни энг биринчи босқич – бозорнинг ҳуқуқий асосларини яратиш яна кейинги йилларга қолдирилди.

Газ масаласига келсак, бу борада ҳозирча оптимистик прогнозлар йўқ. Хитойга газ экспорти ўтган йилга нисбатан икки баробар камайган бўлса-да, бу билан бир вақтда газ қазиб олиш кўрсаткичлари ҳам сезиларли пасайишда давом этяпти. 2023 йилда энергетик сиёсатдаги катта воқеалардан бири – тарихда биринчи марта Россиядан газ импорт қилиш бошлангани бўлди. Манбаларга кўра, бу борадаги музокараларда Россия томони Ўзбекистоннинг газ-транспорт тармоғи эгалигини “Газпром”га ўтказишни сўраган. Бу ҳақдаги хабарларга жавобан Ўзбекистон расмийлари шартномада бундай банд йўқлигини маълум қилди, лекин Москвадаги ҳамкорлар томонидан бундай масала кўтарилганми-йўқми, бу борада изоҳлар бўлмади. Шунингдек, феврал ойида Энергетика вазирлиги хорижий матбуотда эълон қилинган газ ҳақидаги шов-шувли суриштирувларга изоҳ ва раддиялар беришга мажбур бўлди.

Энергоресурсларни сиёсий босим қуроли қилиб ишлатадиган Россия мулозимлари Ўзбекистонга газ экспортини кўпайтириш ва Жиззахда АЭС қуриш ниятлари ҳақида такрор ва такрор баёнотлар бераётган бир пайтда, Ўзбекистон қайта тикланувчи энергия манбаларига зўр беряпти. Айтиш мумкинки, газ дефицити масаласи яқин йилларда ҳал бўлмаслиги аниқ, шу сабаб асосий эътибор узоқ истиқболда энергетика тизимининг газга боғлиқлигини камайтиришга қаратилган. Ҳозирда республика бўйича 9 гигаваттли 22 та қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш лойиҳалари устида иш олиб бориляпти. Бунга қўшимча, давлат дастуридан кенг миқёсда қуёш панеллари ўрнатиш, мактаблар ва бошқа ижтимоий муассасаларни кўмир билан иситишга ўтиш каби чоралар ҳам ўрин олган.

Сиёсий ўзгаришлар

Конституциянинг ўзгартирилиши ва шу асосда бўлиб ўтган президент сайловлари йилнинг биринчи рақамли сиёсий воқеалари бўлди. Асосий қонуннинг янги таҳрири 30 апрел кунги референдумда 90 фоизлик овоз билан маъқулланди. Унда Ўзбекистон нафақат ҳуқуқий-демократик, балки ижтимоий ва дунёвий давлат экани, Конституция тўғридан тўғри юридик кучга эга бўлиши, ер хусусий мулк бўлиши мумкинлиги, ҳокимлар кенгаш раиси лавозимидан кетиши ва бошқа ўзгаришлар белгиланди. Шунингдек, президентнинг ваколат муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилди.

Референдумдан кейин, Шавкат Мирзиёев янги ҳуқуқий макон юзага келгани муносабати билан муддатидан илгари президент сайлови ўтказишни белгилади. Сайловда амалдаги давлат раҳбари 87 фоиз овоз билан ғолиб чиқди. Мирзиёев Сенатнинг янги биносида ўтган инаугурация маросимидаги нутқида Ўзбекистонни “ҳар бир фуқаро тинч ва эркин, бахтли ва фаровон яшайдиган ижтимоий давлатга айлантириш”га ваъда берди; конструктив мухолифат фаолияти, сўз ва виждон эркинлиги кафолатланишини айтди.

“Келган сармоядор билиши керак: Ўзбекистон – демократик тизим, Ўзбекистон – очиқ, бюрократия йўқ, коррупция йўқ деган гап бўлса, ҳамма ишларимиз албатта халққа ваъда берганимиздек бўлади”, – деди лавозимга киришган президент.

Сайловдан кейинги ҳафталарда турли даражалардаги кадр ўзгаришлари рўй берди. Август ойига келиб, бу ўзгаришлар Президент администрациясига ҳам етиб келди. Администрация раҳбари Сардор Умрзоқов ва унинг жамоаси истеъфога чиқарилиб, Умрзоқов махсус масалалар бўйича маслаҳатчи этиб тайинланди. Администрация раҳбари лавозими тугатилиб, идора тузилмаси қайта кўриб чиқилди. Энг диққатга сазовор тайинлов администрацияда шуъба мудири лавозимида ишлаётган Саида Мирзиёеванинг президент ёрдамчиси этиб тайинлангани бўлди.

Қўшимча қилиш керакки, номенклатурадаги тузилмавий ўзгаришлар йил бошида ҳукуматда ҳам рўй берган эди. 2023 йилдан бошлаб, ижро ҳокимияти тизимида вазирлик ва идоралар сони 86 тадан 70 тага қисқарди. Шундай бўлса-да, йил давомида халқ таълими, солиқ, экология, туризм, маданият, маданий мерос, хотин-қизлар, давлат тили, стратегик активлар бошқаруви каби соҳаларда маъмурий-тузилмавий ўзгаришлар давом этди. Шулар қаторида, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилгани айниқса аҳамиятли бўлди.

Иқтисодий ҳаёт

Иқтисодий йўналишда эсда қоларли воқеалардан биринчиси – миллий валютанинг қадрсизлангани бўлди. Йил давомида сўм долларга нисбатан 9,8 фоизга ўз қадрини йўқотди. Таққослаш учун, бу кўрсаткич 2021 йилда ҳам, 2022 йилда ҳам бир хил – 3,4 фоизни ташкил этганди. 2023 йилнинг сўнгги банк иш кунида АҚШ доллари 12 400 сўм атрофидаги нархда сотилди.

2023 йилда Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиш бўйича асосий музокараларни якунлаш режа қилинган бўлса-да, амалда бундай бўлгани йўқ. Кузатувчилар яқин икки-уч йилда аъзолик жараёни якунланиши эҳтимоли пастлигини айтмоқда. Ташқи савдода бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари импорти вақтинча бўлса-да бождан озод этилганини эътироф этиш мумкин. Шунингдек, июн ойида айрим тоифа автомобилларга божлар вақтинча пасайтирилди, лекин бу амалда энг харидоргир сегментдаги автомобиллар бозорида ҳеч нарсани ўзгартирмади.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчи UzAuto Motors эса 8 ой давомида автомобил сотмасдан, кечиктирилган катта талабнинг йиғилиб қолишига замин яратди. Август, сентябр ва ноябр ойларида бир мартадан саноқли соатларга очилган шартнома бериш жараёнлари автосалонлардаги ажиотажлар билан ёдда қолди. Охир-оқибат, компания жараённи тўлиқ онлайн шаклга ўтказиб, декабр охирида келаси йили ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг бутун ҳажми учун шартномаларни очиб юборди. Натижада, катта траффикни кўтара олмаган сотув портали техник муаммолар билан ишлади ва шу сабаб икки кун давомида фақат омади келган ва эҳтимол таниши борларгина шартнома ололди холос. Расмий маълумотга кўра, 25-27 декабр кунлари Cobalt, Damas ва Labo учун 170 мингдан ортиқ шартнома берилган. Миллионлаб ўзбекнинг орзусига айланган Gentra эса сотувга бошқа қайтмаслиги кутиляпти.

Бу йил иқтисодиётдаги энг яхши янгиликлардан бири ялпи ички маҳсулотнинг чорак қисмини ташкил этадиган қишлоқ хўжалигида бўлди. Ўтган йилги ғалла ислоҳотидан кейин навбат ниҳоят пахтачиликка ҳам етиб келгани қувонарли. Фермерлар ва кластерлар ўртасидаги фючерс шартномалари 2024 йилдан бошлаб биржа орқали тузиладиган бўляпти. Фермер хўжаликлари ортиқча етиштирилган ҳосилни мустақил тасарруф этиши, шунингдек, кластерлар билан ишламасдан, эркин тарзда, ўз маблағи ҳисобидан ёки кооперативга бирлашган ҳолда пахта етиштириши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Таълим ва соғлиқни сақлаш

Ижтимоий соҳалар – таълим ва тиббиётда йилнинг энг кўп эътибор тортган янгиликларига тўхталсак.

Апрел ойида Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази ташкил этилиб, у Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигидан мустақил фаолият олиб бориши белгиланди. Бу билан халқ таълимининг мазмунини белгиловчи функциялар – таълим стандартлари, ўқув дастурлари ва дарсликлар бўйича ваколатлар вазирликдан олиб, янги марказга берилди. Шунингдек, сентябр ойидан бошлаб республика бўйлаб мактабларда чет тилларини ўргатувчи хорижлик ўқитувчилар ишлай бошлади.

Декабр ойида эълон қилинган 2022 йилги халқаро PISA тадқиқоти натижалари мактаб таълимидаги ҳақиқий аҳволимизни бор-бўйича кўрсатиб берди. Ўзбекистонлик ўқувчилар бу синовларда илк марта иштирок этиб, якуний рейтингларда математика, ўқиш ва табиий фанлар йўналишларининг учаласида ҳам охирги ўнталикдан жой олди. Ўқувчиларимизнинг аксарияти энг бошланғич 1-даражадан ўта олмагани, бирортаси ҳам ҳеч бир йўналишда юқори натижаларни кўрсата олмагани – бутун ҳукумат, мактаб вазирлиги ва айниқса янги очилган таълим маркази учун жиддий сигнал бўлиши керак.

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги воқеалар эса бундан-да қайғули. Тергов маълумотларига кўра, “Док-1 Макс” сиропидан вафот этган болалар сони камида 65 нафарни ташкил этади. Бу иш бўйича суд жараёнлари давом этаётган пайтда, болаларнинг яна бир препаратдан оммавий захарлангани маълум бўлди. Йод танқислигига қарши курашиш дастури доирасида масъуллар Антиструмин препаратининг дозасини белгилашда қўпол хатога йўл қўйиши оқибатида бир нечта ҳудудда юзлаб болалар заҳарланиш белгилари билан шифохоналарга ётқизилди.

Хайриятки, бу сафар қурбонлар бўлмади. Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов журналистларга “бу мавзуга чуқур кирманглар” деб маслаҳат беришни ўзига эп кўролгани ҳам воқеа қурбонларсиз якун топгани билан боғлиқдир, эҳтимол. Ҳозирда “Антиструмин иши” бўйича тергов ҳаракатлари давом этяпти. Тергов масаланинг фақат тиббий жиҳатига қаратилганми ёки миллионлаб дозадаги йод препаратини қиммат нархларда сотиб олишдаги эҳтимолий қонунбузарликларни ҳам қамраб оляптими, бу ҳозирча маълум эмас.

Шунча воқеаларга қарамай, тиббиётдаги фармацевтика лоббисига қарши курашиш, қатъий стандартларга асосланган ва исботланган медицинага ўтиш бўйича қадамлар кўзга ташланмаяпти. Бу йил Тошкент шаҳрида бошланиши керак бўлган тиббий суғурта тизими билан нима бўлаётгани ҳам тушунарсиз. Сентябр ойида имзоланган президент фармонига асосан, 2026 йил охиригача тиббий суғурта тизимига тўлиқ ўтилиши керак.

Транспорт

Энг кўп ижобий ўзгаришлар бўлган соҳалардан бири – бу транспорт. Йиллар давомида деградацияга учраб келган Тошкент шаҳар жамоат транспортига ниҳоят янги қон кирди. Пойтахтга катта сиғимли мингта янги автобус олиб келинганини бутун жамоатчилик олқишлади. Президент топшириғига кўра, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказлари учун яна мингта автобус сотиб олиниши керак.

Тошкент шаҳрида, шунингдек, автобуслар учун алоҳида йўлаклар ажратиш бошлангани, метронинг яна 5 та янги бекати фойдаланишга топширилгани, жамоат транспортида “кунлик план”сиз янги тизимга ўтилаётгани, пиёдалар учун светофорлар кўпайгани ҳам алоҳида эътирофга арзийди.

Фаоллар узоқ кутган ўзгаришлардан яна бири – шаҳарларда транспорт воситаларининг ҳаракат тезлиги 60 км/соатга туширилгани бўлди. Ноябр ойига келиб, ҳайдовчиларнинг қоидабузарлигига нисбатан жарима баллари белгилаш тизими ниҳоят яна кун тартибига қайтди. Бу йил, шунингдек, жарималарни ўз вақтида тўлаганлар учун чегирма 30 фоиздан 50 фоизга оширилди.

Транспорт соҳасидаги ижобий ўзгаришлар қаторида авиация соҳаси ҳам бор. Ўзбекистонга учадиган авиакомпаниялар сони кўпайиб бориши билан, 2023 йилда халқаро аэропортларимиз илк марта 10 миллионта йўловчига хизмат кўрсатди. Uzbekistan Airways ҳам ўз рекордини янгилаб, бир йилда 5 миллион йўловчи ташишга муваффақ бўлди. Йил давомида 6 та хусусий авиакомпания иш бошлади, Ўзбекистоннинг резидент ташувчилари томонидан 25 та янги самолёт олиб келинди.

Темирйўл соҳасида эса тарифлар оширилиб, 2024 йилдан бошлаб нархлар давлат томонидан тартибга солиниши бекор қилинадиган бўлди. “Ўзбекистон темир йўллари”нинг таркибий тузилмаси ўзгариб, 6 та янги компания ташкил этилди. Кореядан юқори тезликда ҳаракатланувчи 6 та поезд, Чехиядан эса 30 та тезюрар поезд сотиб олиш бўйича шартномалар имзоланди.

Ортда қолган йилда юртимизда яна нималар рўй берди?

Октябр ойидан бошлаб, барчамиз қўштирноқ ичидаги “мобил қуллик”дан озод бўлдик. Энди Ўзбекистонда ҳам телефон рақамни сақлаб қолган ҳолда, алоқа операторини ўзгартирса бўлади. Бу имкониятдан биринчи ҳафтанинг ўзидаёқ мингдан ортиқ абонент фойдаланди. Агар сиз ҳам ўз операторингиз тақдим этаётган алоқа сифатидан зада бўлган бўлсангиз-у, лекин янга рақамга ўтишни истамасангиз, бемалол ҳозирги рақамингизни ўзгартирмасдан бошқа операторга ўтишингиз мумкин.

28 сентябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳри ўз тарихидаги энг кучли портлашлардан бирига гувоҳ бўлди. Сергелидаги божхона омборида рўй берган портлаш қўзиқорин шаклини олиб, унинг қора тутунлари Юнусободгача етиб борди. Оқибатда шу яқин атрофдаги уйлардан бирида бўлган 17 ёшли йигит ҳалок бўлиб, 163 киши жароҳатланди. 1400 га яқин хонадон ва бошқа объектлар зарарланишидан кўрилган зарар 1,2 млн долларга баҳоланди. Ҳукумат комиссиясига кўра, омборхонада катта миқдордаги кимёвий моддалар ва қурилиш материаллари ноқонуний сақланган. Ҳолат юзасидан 4 киши қамоққа олинган ва тергов давом этяпти.

Янги Ўзбекистон боғи атрофида Янги Тошкент шаҳри қурилиши бошланди. Президент Шавкат Мирзиёев март ойида шаҳар қурилишига тамал тоши қўйди. Биринчи босқичда 2,5 минг гектарда 100 минг аҳолига мўлжалланган яшил ва замонавий шаҳар қуриш режалаштирилган. Охирги хабарларга кўра, Янги Тошкентни қуриш дирекцияси раҳбари 350 млрд сўмлик буюртмани қариндошига тегишли компанияга берган бўлиши мумкин.

Зўравонликка қарши курашиш бўйича қабул қилинган прогрессив қонунни ҳам алоҳида эслаб ўтишимиз ўринли. Энг резонансли воқеалардан бири Хоразмдаги педофил амалдорларга енгил жазо тайинлангани билан боғлиқ бўлди. Улар кейинчалик 3 йилга қамалди, лекин бу хабар ортидан педофилияга доир янги-янги ҳолатлар чиқиб келаверди. Керакли вақтда қабул қилинган янги қонун билан хотин-қизлар ва болаларни ҳимоя қилишнинг қўшимча чоралари белгиланиб, қонунлардаги “лазейка”лар ёпилди, маиший зўравонлик ва таъқиб қилганлик учун жавобгарлик белгиланди.

Ўзбекистон халқ ҳофизи Шерали Жўраевнинг вафоти ўзбекистонликлар учун йил йўқотиши бўлди. Сўнгги ярим асрда ўзбек халқининг миллий ўзлиги шаклланишида катта ўрин тутган атоқли санъаткор 4 сентябр куни 77 ёшида вафот этди. Шунингдек, йил давомида ўзбек санъати дарғаларидан Мурод Ражабов 74 ёшида, Нуриддин Ҳамроқулов 77 ёшида оламдан ўтди.

Йил охирида жиноятчилик ва коррупцияга қарши рейдлар асосий мавзулар қаторида турди. Расмийларга кўра, жиноят олами вакилларига қарши амалиётларга узоқ вақт тайёргарлик кўрилган ва биргина Тошкентнинг ўзида икки ҳафта ичида юздан ортиқ киши қўлга олиниб, 38 та жиноят ишлари қўзғатилган. Айни пайтда коррупцион жиноятларда гумонланаётган собиқ қишлоқ хўжалиги Азиз Воитов, бир нечта туманларнинг собиқ ҳокимлари, солиқ, божхона, банк ва бошқа соҳалардаги мансабдорлар қамоқда ўтирибди. Умуман, йил давомида ўндан ортиқ собиқ туман ҳокимлари жиноий жавобгарликка тортилди.

Коррупционерлар ички тараққиётга тўсиқ бўлиб турган бир пайтда, Ўзбекистон мустақиллигига ташқи босимлар ҳам ошиб боряпти. Жамоатчилик Z-артистларнинг Ўзбекистонда режалаштирилган иккита концерти бекор бўлишига эришган бўлса-да, 9 май куни Тошкентда Сталинга шарафлар айтилгани, орган ходимлари фуқаронинг балконида турган Украина байроғини олиб ташлагани, россиялик мухолиф қизиқчининг концертида микрофони ўчириб қўйилгани каби ҳолатлар юзасидан расмийларнинг ҳисобдор бўлишига эриша олмади.

Сентябр ойида Дума депутати Евгений Фёдоров Россия эртами-кечми собиқ совет давлатларининг барчаси билан ё урушиши, ёки низолашишини тахмин қилган бўлса, куни кеча ҳарбий сиёсатчилардан бири Захар Прилепин очиқчасига Ўзбекистонни Россия таркибига қўшиб олиш кераклигини айтиб чиқди. Аввалроқ Хитойнинг Франциядаги элчиси пост-совет давлатларининг мустақиллигини шубҳа остига олганини ҳам унутмаслик керак. Шу маънода, биз кириб келаётган 2024 йилда юртимизга энг аввало мустақиллигимиз дахлсизлигини ва шу мустақиллигимиз мустаҳкамланиши учун энг самарали чора – инклюзив институтлар яратиш бўйича туб ислоҳотлар бўлишини тилаб қоламиз.

Дайжестлар муаллифи: Комрон Чегабоев

Доимий бошловчи: Бобур Акмалов

Лойиҳа сурдотаржимони: Эъзоза Аҳмедова

Тасвир усталари:
Нуриддин Нурсаидов,
Асрор Алмуродов,
Муҳиддин Нидо,
Абдуқодир Тўлқинов

Мавзуга оид