Ўзбекистон | 08:57 / 01.01.2019
17193
7 дақиқада ўқилади

Йилнинг энг фаол ва суст матбуот хизматлари Kun.uz таснифида 

Фото: Fotolia

2018 йил сарҳисоби давомида вазирлик, ташкилот, идора ва муассасаларнинг матбуот хизмати тўғри ҳамда батафсил маълумотларни жамоатчиликка етказиб бера олдими, деган савол турибди. Kun.uz таснифида йил давомида самарали меҳнат қилган матбуот (ахборот) хизматлари, шунингдек, очиқ маълумотларни ҳам яширишга интилган, иш самарадорлиги билинмайдиган хизматлар рейтингини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Йилнинг энг яхши матбуот котиби 

Вазифасини сидқидилдан амалга ошириб, зиммасидаги масъулиятни адо этаётган матбуот хизмати - Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонова. Ваҳоланки, Бош прокуратура тизимида ўнлаб бошқарма, тузилмалар бўлса-да, Раҳмонова прокуратура ваколати доирасидаги барча сўровга ўз вақтида муносабат билдиради. Унинг ҳар бир муносабати расмий изоҳ сифатида талқин этилади. Прокуратура тизимига оид хабарларни аниқлаштириш учун қилинган барча мурожаатлар қайсидир маънода қаноатлантирилган, яъни савол жавобсиз қолмаган. 

Йилнинг энг фаол матбуот хизмати 

Гарчи бу масалада бир тўхтамга келиш қийин бўлса-да, тан олиш керакки, Комил Алламжонов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси президент матбуот хизмати жамоаси медиа майдонида жонбозлик кўрсатди. Давлат раҳбарининг ташрифлари, унинг иштирокида ўтган йиғишлар, узоқ йиллар кузатилган одатий репортажлардан фарқли равишда, жонли тасвирлар билан бойитилди. 

Президент матбуот котиби лавозимида ишлаган Комил Алламжонов эса давлат аҳамиятига молик ижтимоий-сиёсий масалаларда расмий изоҳ беришни бошлади. Ўқитувчи Диана Еникеева билан юз берган ҳолат юзасида журналистларга брифинг берилди. Бизнингча, буларнинг барчаси таҳсинга сазовор ва ишлар шу зайлда давом этиши керак эди. Албатта, Комил Алламжоновнинг бошқа лавозимга ўтказилиши президент матбуот хизмати фаолиятининг сустлашиб, ахборотларни тўлиқ ва тезкор узатилишига салбий таъсир қилмоқда. 

Йилнинг энг очиқ матбуот хизмати

Бу йўналишда, шаксиз, Адлия вазирлиги ва тизимда сермаҳсул ишни давом эттираётган Адлия матбуот хизмати тан олиниши керак. Гап шундаки, Адлия вазирлигидан маълумот олиш, у ёки бу масала юзасидан изоҳ сўраш нафақат ОАВ вакиллари, балки барча учун ҳам мушкул иш эмас. Қолаверса, вазирлик долзарб маълумотларни «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида мунтазам эълон қилади. Ижтимоий тармоқларда фаол бўлган вазирлик матбуот хизмати мулоқотларга очиқ, вазирлик ҳузурида бир нечта мустақил тарғибот гуруҳлари шакллантирилган бўлиб, улар қонун ва ҳужжатларни элга тушунарли тилда етказиб берилишига ҳаракат қилади. Шу ўринда Давлат хизматлари агентлиги жамоаси ҳам самарали фаолият юритаётгани, агентлик эса Адлия ҳузурида эканлигини инобатга олсак, Адлия вазирлиги матбуот хизмати энг очиқ хизматлардан биринчиси бўлишга лойиқ. 

Йилнинг тезкор матбуот хизмати 

Ўз тизимида кутилмаган ҳодиса ва воқеаларга кўп дуч келган, аммо ҳар бир ҳолатда тезкор бўлишга интилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати йил сарҳисоби бўйича алоҳида эътироф этилиши лозим. Ақтўбе фожиасидан бошлаб, овқатланишдан оммавий заҳарланиш, ис газидан вафот этиш ҳолатларигача тезкор муносабат билдириб, вазифасини уддалаб келаётган вазирлик матбуот хизмати жуда кўп қийинчиликларга дуч келганини яширмаслик лозим. 

Гап шундаки, форс-мажор вазиятлар пайдо бўлиши ва унга муносабат билдириш тарози палласининг бир томонидаги иш бўлса, оқ халат эгаларини мажбурий меҳнат, мажбурий обуна каби балолардан сақлаш, ахборот хуружларга тайёр туриш бошқа палладаги иш бўлди. Ўйлаймизки, Соғлиқни сақлаш вазирлиги жамоаси тезкорлиги туфайли ижобий имиджни янада мустаҳкамлай олди. 

Бундан ташқари, вазирлик матбуот котиби Фурқат Санаев хизматлари эвазига Kun.uz'да эълон қилинаётган (айрим пайтлар эълон қилинмай туриб) хайрия акциялари беморларига шифокорлар томонидан сифатли хизмат кўрсатиш таъминланмоқда. Акцияни муваффақиятли давом эттириш йўлида ҳамкорлик қилинмоқда. 

Йилнинг энг яхши ҳокимлик ахборот хизмати

Бу ўринда барча вилоят ва ҳудудларнинг саъй-ҳаракатини бирма-бир эътироф этиш, танқид қилиш мумкин. Аммо, барчасининг ичида яққол кўзга ташлангани, энг яхши натижаларга интилган, иш услубини тубдан ислоҳ қилишга ҳаракат қилаётган ахборот хизмати - Тошкент шаҳар ҳокимияти ахборот хизмати. Хизмат турли мавзуларда репортажлар тайёрлаб, ижтимоий тармоқларда мунтазам эълон қилади. Инқирозли ҳолатлар юзасидан муносабат билдиришда бошқа вилоят ҳокимликлари ахборот хизматларини аллақачон ортда қолдириб кетган. 

Йилнинг энг ёмон матбуот хизмати

Ҳар йили эълон қилинадиган очиқлик индексида ҳам қуйи ўринларга муносиб кўрилган, аҳолининг норозилиги, тадбиркорларнинг шикоятига парво ҳам қилмайдиган, энг асосийси - ОАВда эълон қилинган танқидий мақолаларга муносабат билдирмайдиган матбуот хизмати Қурилиш вазирлигига тегишли. Очиғи, биз уларни танимаймиз ҳам, шу билан бирга улардан қурилиш соҳасида пайдо бўлаётган, тўпланиб қолган саволларга жавоб олишнинг имкони йўқ.

Йилнинг энг суст матбуот хизмати 

Бу ўринда, мамлакатда катта ҳажмдаги ишларни бажариб, ОАВ ходимлари билан алоқа ўрнатмаган, фаолияти ёритилишидан манфаатдор бўлмаётган Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукумат) матбуот хизматини танқид қилиш жоиз бўлади. Ҳукумат аъзоларининг иш фаолияти, комплексларда олиб борилаётган тадбирлар ҳақида ҳеч қачон, ҳатто пресс-релиз ҳам тарқатилмайди. Вазирлар Маҳкамаси фаолияти атрофида пайдо бўлаётган танқидларга муносабат билдирилмаслиги ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Йилнинг энг масъулиятли матбуот хизмати

2018 йил давомида суд жараёнлари, айниқса жамоатчилик эътиборини тортган суд - Абдуллаев иши, Ҳикматулла қори иши Kun.uz'да тўлиқ ёритилди. Бундан ташқари, суд фаолиятига оид масалаларда фаол ҳамкорлик тарафдори бўлаётган Олий суд ўз ишига катта масъулият билан ёндашмоқда. 

Йилда қайта фаоллашган матбуот хизматлар

Мамлакатдаги иқтисодий-сиёсий муҳит ижобий томонга ўзгариб бораркан, айрим ташкилот ва вазирликларнинг матбуот хизматлари ҳам фаол бўлишга интилмоқда. Масалан, Мудофаа вазирлиги ҳамда Марказий Банк вакиллари ОАВ билан мулоқотни қилиш даврийлиги ошди. Уларнинг матбуот хизматлари эса турли масалалар юзасидан баёнот беришдан чўчимайди. Айниқса, муҳим аҳамиятга эга рақамларни очиқлаш, танқидий мақолаларга муносиб жавоб қайтариш ҳоллари кўпаймоқда. 

Шу ўринда йил сарҳисобига якун ясаб, йил давомида алоҳида фаоллиги билан ажралиб турган Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Молия вазирлиги, «Тошшаҳартрансхимат» АЖ, БМТ тузилмасидаги ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари, Халқ таълими вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматлари жамоаларига ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирамиз.

Мавзуга оид