Ўзбекистон | 19:30 / 03.01.2019
36500
6 дақиқада ўқилади

ҚҚС нархларнинг ошишига сабаб бўлмайди, дейишга ҳали жуда эрта

Фото: KUN.UZ

2019 йил 1 январдан бошлаб, Ўзбекистонда кўплаб корхоналар қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлашга ўтишди. Бу ҳақда сайтимизда туркум мақолаларни, мутахассисларнинг фикрларини ёритиб бораётган эдик.

Бу мақола эса Kun.uz сайти ўқувчиси Шукурулла Файзуллаев томонидан юборилган бўлиб, унда ҚҚС бўйича муштарийнинг фикр ва мулоҳазалари келтирилган.

Солиқ ислоҳотининг зарурлигини кўпчилик тушуниб етган. Унификация қилинган ягона солиқ тўлови тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга ҳақиқатан ҳам тўсиқ бўлаётган бўлиши мумкин. Бунинг устига солиқ ислоҳоти комплекс тарзда олиб борилаётгани, жумладан, даромад ва дивидендлардан олинадиган солиқларнинг камайгани, акциз солиқларининг бир қатор ҳолларда бекор қилиниши, божхона йиғимларининг камайтирилиши ёки бекор қилиниши яхши, албатта. Лекин мен ҳозир фақат қўшилган қиймат солиғи — ҚҚС ҳақида тўхталмоқчи эдим.

Сўнгги кунларда ҚҚС билан боғлиқ гап-сўзлар жуда оммавий тарзда муҳокама қилиняпти. Бу тўғри ҳам, чунки солиқларнинг ўзгариши товарлар ва хизматларнинг нархига таъсир қилиш орқали ҳар бир фуқаронинг чўнтагига таъсир қилиши аниқ.

Бу муҳокамаларда ҚҚС алоҳида кўрсатилган дўкон чеки шов-шувга сабаб бўлди. Баъзи ҳурматли тадбиркорларимизнинг ёзишича, дўкондаги нархлар ҳали ошмаган, ҚҚСнинг алоҳида қаторда кўрсатилиши — давр талаби. Молия вазирлиги ва бошқа давлат ташкилотлари эса ҚҚСнинг жорий этилиши товарлар ва хизматлар нархининг ошишига олиб келмайди, деб бизни ишонтиришмоқчи. Рухсатингиз билан мана шу гапларга ўз муносабатимни билдирсам.

1. Дўконлардаги нархлар 1 январь ҳолатига деярли ошмаган, деган иддаога қўшиламан. Чунки ҳали кўпчилик ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар томонидан ҚҚС жорий этилгани йўқ. ҚҚС бўйича тегишли норматив ҳужжатлар 2018 йилнинг охирги кунига қадар ўзгариб турди. Масалан, гўшт, нон ва баъзи сабзавот маҳсулотлари ҚҚСдан озод этилгани йил сўнгида маълум бўлди. Шунинг учун деярли барча ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини эски нархларда сотяпти, вазиятнинг аниқлашувини кутяпти. Дўконлар ҳам илгариги мавжуд нархлардан фақат ҚҚСнигина алоҳида кўрсатяпти, холос.

2. “Нархлар ўзгарадими?”, деган саволга мен: “Ҳа, ҳойнаҳой ўзгаради ва ошади”, деб жавоб бераман. 2 январь куни Kun.uz сайтида “Қўшилган қиймат солиғи нарх ошишига олиб келадими?” сарлавҳали материал чоп этилди. Мақолада шоколад ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотини ҚҚС билан 3000 сўмга сотганда 300 сўм солиқ тўлаши мисол қилиб келтирилган. Ҳолбуки эскича Ягона солиқ тизимида солиқ суммаси 150 сўм бўлар эди. Шу мисолнинг ўзида кўриниб турибдики, ҚҚС киритилгач, солиқ суммаси 150 сўмга, яъни икки баробарга ошган. Бу солиқ босими охир-оқибатда харидорнинг елкасига тушиши аниқ. Шундай равшан кўриниб турган вақтда давлат ташкилотларининг “ҚҚСнинг киритилиши товарлар ва хизматлар нархининг ошишига олиб келмайди”, дейиши ғалати.

3. Сўнгги вақтларда биз асосан ҚҚС ҳақида гапиряпмиз, ваҳоланки юридик шахслар энди ҚҚСдан ташқари даромад солиғи ва яна бошқа солиқларни ҳам тўлашга мажбур. Булар ҳам товарлар нархининг ошишига олиб келиши аниқ-ку! Эски тизимда эса ягона солиқ ҳақиқатан ҳам “ягона” эди.

4. Янги тизимга ўтиш ишлаб чиқарувчиларнинг, айниқса, кичик ва ўрта ишлаб чиқарувчиларнинг харажатлари ошишига олиб келади. Ягона солиқ системасида бухгалтерлик ҳисоботларини оддий, унча малакали бўлмаган бухгалтерлар ҳам олиб боришлари мумкин эди. Маҳсулот таннархини аниқ чиқариш, сотиб олинган хомашёдаги ва хизматлардаги ҚҚСни аниқлаш ва уларни якуний ҚҚСдан айириш, корхона соф фойдасини аниқлаш каби ўта масъулиятли ишлар бухгалтерлар томонидан амалга оширилмас эди. Хўш, энди бу ишларни бажариш учун бир эмас, бир неча малакали мутахассис керакми? Аввало, уларни ҳали топа билиш керак, топилган тақдирда ҳам уларнинг иш ҳақи, меҳнат шароитларини яратиш учун сарфланадиган харажатлар ҳам товарлар ва хизматлар нархининг ошишига олиб келиши аниқ.

5. Чакана ва улгуржи савдо ташкилотлари, шу жумладан, маҳсулотни импорт орқали чет эллардан олиб келиб сотувчилар учун янги солиқ тизими анча фойдали. Чунки уларда ишчи-хизматчиларнинг иш ҳақи товар айланмаси миқдорига нисбатан анча кам. Ишлаб чиқаришда эса, аксинча, ишлаб чиқарилган маҳсулот нархида иш ҳақининг салмоғи анча катта (Kun.uz келтирган мисолда 3000 сўмлик маҳсулотда иш ҳақи салмоғи 600 сўм, яъни 20 фоиз). Кўриниб турибдики, корхона ана шу ишчиларга тўланган иш ҳақидан ҳам ҚҚС тўламоқда.

Солиқнинг моҳиятини шундай тушунамиз — фойда олдингми, давлатга солиқ тўла, жамият ривожига ўз ҳиссангни қўш. ҚҚС ҳам моҳиятан худди шундай солиқ — ишлаб чиқаришга сарфланган маблағлардан ташқари устама (фойда) қўйдингми, ана шундан ҚҚС тўлаш керак. Лекин бугунги тизим бўйича корхона томонидан тўланаётган иш ҳақига ва корхона томонидан амалга оширилаётган баъзи харажатларга ҳам ҚҚС солиш кўзда тутилган — бу Kun.uz келтирган мисолда ҳам кўриниб турибди. Ҳолбуки иш ҳақи тўлаш вақтида ҳам корхона, ҳам хизматчи белгиланган солиқларни ва мажбурий тўловларни тўлайди, боз устига корхона яна иш ҳақидан ҳам ҚҚС тўлайди.

Айтилган гаплардан келиб чиқиб, ҚҚС ва умуман янги солиқ тизими нархларнинг ўсишига олиб келмайди, дейишга ҳали жуда эрта, деган фикрдаман. Kun.uz мақоласида келтирилган: “Демак, ҚҚС амалга киритилган пайтда тадбиркор нархни оширмай туриб, кўпроқ даромад олиши мумкин. Ёки истеъмолчи товарларни арзонроқ нархга сотиб олиши мумкин”, деган сўзлар келтирилган ҳисоб-китобга мутлақо зид.

Шукурулла Файзуллаев,
Kun.uz муштарийи

Мавзуга оид