Light | 17:04 / 04.01.2019
15990
6 дақиқада ўқилади

Forbes: Йилнинг энг сара бизнес адабиётлари

Фото: Matthias Haker

Биз доим ниманидир ўтказиб юборишдан қўрқамиз. Карьерада нотўғри қадам қўйишдан, кўпчилик орасида хато танлов қилишдан, касб-ҳунар ёки фойдали китоб танловида адашишдан қўрқамиз. Танлов катта, лекин вақт кам. Бундай қўрқув FOMO (фойдани қўлдан бой бериш қўрқуви) деб аталади. Forbes 2018 йил давомида бизнес-адабиётдаги янгиликларни кузатиб борди ва йил давомида чиққан энг сара китобларни тавсия қилди.

Рэй Далио. «Тамойиллар»

Рэй Далио — 18,1 миллиард долларлик бойликка эга миллиардер (Forbes рўйхатида 25-ўринда) ва дунёнинг энг машҳур инвесторларидан бири. У ўз хатоларидан хулоса қилиб, фаолиятнинг ноанъанавий усулларини ишлаб чиқди: сўнгги 40 йилда у "радикал ҳаққонийлик" ва "радикал шаффофлик" иш усулларини қўллаган. Далио китобда ўз тажрибаси, сабоқлари ва, албатта, ноёб тамойиллари билан бўлишади.

Томми Хилфигер. «Орзу сари йўл. Буюк модельернинг таржимаи ҳоли»

Америкалик афсонавий дизайнер Томми Хилфигер ўзининг илк кийим-кечак дўконини 18 ёшида очди, 30 ёшида эса халқаро империя эгасига айланди. Бироқ Хилфигернинг таржимаи ҳоли фақат бизнес ҳақида эмас — қандай қилиб дислексиядан азият чекувчи бола модалар оламига кириб келгани, илк озодлик нашидаси, отаси олдидаги қўрқув, бизнес ҳамкорлари ва яқин кишиларининг хиёнати, ўзлигини англаш йўли ҳақида ҳамдир.

Нассим Николас Талеб. «Хавфсизликни таҳдид остига қўйиб. Кундалик ҳаётнинг яширин асимметрияси»

Массачусетс университети профессори Нассим Талеб — афсона-инсон. У катта натижаларга олиб келган ноёб ва кутилмаган ҳодисаларни кўриб чиқувчи "қора оққуш" назариясини яратган. Талеб ўзининг янги китобида инвесторлар, воизлар ва ҳарбий аралашув ҳимоячиларининг иккиюзламачи ғояларини очиб ташлайди. Исо Масиҳ, Сенека ва Дональд Трамп бунга мисол сифатида келтирилган. Талебнинг фикрича, уларни бирлаштирувчи асосий сифат - хавфни бошқаларга ўтказишни билиш.

Ким Чан и Рене Моборн. «Мовий уммонга ўтиш. Рақобат доирасидан ташқарида»

Жаҳонга машҳур олимлар Ким Чан ва Рене Мауборн мовий уммон стратегиясини тузишдан олдин тўлиб кетган бозорларда рақобат доирасидан чиқа олган турли ташкилотлар фаолиятини 30 йил давомида ўрганишган. Муаллифларнинг янги китоби юқори рақобатбардош алвон уммондан мовий уммонга ўтиш бўйича босқичма-босқич қўлланмадир.

Ли Галлахер. «Airbnb. Қандай қилиб уч оддий йигит бизнеснинг янги моделини яратди»

Airbnb сервиси Дизайн мактабининг икки ишсиз битирувчиси томонидан ўйлаб топилган. Улар бироз пул ишлаб олишга қарор қилиб, меҳмонхоналарда жой етишмаган конференция иштирокчиларини ўз уйларига қўйишди. Улар компанияни бир неча марта қайта ишга туширишган, сервисни молиялаштириш учун қадоқланган бодроқларни ҳам сотишган, қонунчилик ва стереотиплар билан курашишган. Охир-оқибат 30 миллиард долларлик, ходимлари дунёни ўзгартираётганига чин дилдан ишонувчи компанияга айланишди.

Лоуренс Леви. «Pixar. Қайта ишга тушириш. Қандай қилиб бизнесга янги ҳаёт бахш этиш мумкин»

Pixar мультипликацион студиясини 1986 йилда Стив Жобс 5 миллион долларга сотиб олган. Ўшанда у китоб муаллифи Лоуренс Левини молиявий директор лавозимига таклиф қилган. У ўз китобида қандай қилиб фақат «Ўйинчоқлар тарихи»ни яратган кичик компания IPO'га чиқа олгани ва бунда асосий сири - чексиз мулоқот бўлган корпоратив маданият қандай ўрин тутгани ҳақида сўз юритади. 

Катерина Ленгольд. «Шунчаки космос. Мазмун ва қувватга тўла Agile-ҳаёт тажрибаси»

Катерина Ленгольд 14 ёшида университетга ўқишга кирди, 20 ёшида ўз стартапига асос солди, уч йил ўтгач эса уни Америка бозори етакчиларидан бирига сотди. Ҳозир у жаҳон аэрокосмик саноатининг энг ёш вице-президенти. Ленгольднинг сўзларига кўра, унинг асосий сири фавқулодда ақлли ёки ишчан эканлигида эмас, режалаштиришни билишида. У ўз китобида қандай қилиб Agile услуби ва 9 ҳафталик спринтлар ёрдамида ҳаёт ва бизнесдаги глобал ҳамда қисқа муддатли мақсадларга эришишни ўрганиш, фойдали одатларни шакллантириш ва кечиктиришни тўхтатиш ҳақида сўзлайди.

Даниэль Браун, Итске Крамер. «Корпоратив қабила. Антрополог топ-менежерга нима ўргатиши мумкин»

Корпоратив маданият ва антропология биз ўйлагандан-да кўпроқ умумийликка эга. Олимлар Даниэль Браун ва Итске Крамер ўз китобларида қандай қилиб классик антропология жиҳозларидан фойдаланиб, корпоратив маданиятни яхшилаш ёки ўзгартириш, ҳамкасблар ва бўлимларнинг ўзаро алоқаларини қандай йўлга қўйиш ва баҳолаш мумкинлигини кўрсатиб беришган.

Максим Ильяхов ва Людмила Сарычева. «Ёзишмаларнинг янги қоидалари»

Иш бўйича ёзишмалар — поёнсиз реверанслар, шаблонлар ва хушмуомалалик шакллари эмас, балки ишлаш қулай бўлган тил. Максим Ильяхов ва Людмила Сарычева иш ёзишмалари маданиятини ўзгартиришни таклиф қилиб, икки янги қоидани илгари суришган: иккинчи томонга ҳурмат ва унинг манфаатлари борасида қайғуриш. Ушбу оддий қоидалар иккинчи томон билан тил топишиш ва унда мулоқотга мойиллик уйғотиш билан бирга, иш бўйича мулоқот чегарасидан ташқарига чиқмасликка ҳам ёрдам беради.

Ричард Брэнсон. «Айбсизликни излаб»

Оролда яшовчи ва Virgin империясига эгалик қилувчи инқилобчи-ишбилармон, у биринчи таржимаи ҳоли чоп этилганидан 20 йил ўтиб, янги биографияси билан бўлишди. Бу йиллар ичида Брэнсоннинг ҳаётида кўп нарса ўзгарди, аммо унинг ўзи ва ҳаёт ҳамда бизнесга бўлган муносабати эмас. Янги китобида ишбилармон поездлар, самолётлар ва сунъий йўлдошлар, болалар тарбияси, рақобат ва Илон Маск билан дўстлик ҳақида сўз юритади.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид