Ўзбекистон | 10:57 / 05.01.2019
25057
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан давлат чегарасида нечта ўтиш пункти ишлаётгани айтилди

Фото: KUN.UZ

2018 йилда давлат раҳбари бошчилигида мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналиши – яқин қўшниларга нисбатан очиқ ва конструктив сиёсат олиб бориш, Марказий Осиёдаги муаммоларни тенглик, ўзаро манфаатларни ҳурмат қилиш ва оқилона келишув асосида ҳал этишга қаратилган тизимли ишлар амалга оширилди, деб хабар бермоқда ТИВ.

Қайд этилишича, минтақанинг барча давлатлари билан олий даражадаги ташрифлар алмашуви бўлиб ўтди.

Ўзбекистон президентининг Тожикистонга (9-10 март) ва Тожикистон президентининг Ўзбекистонга (17-18 август) давлат ташрифлари якунига кўра стратегик аҳамиятга эга ҳужжатлар имзоланди: Дўстлик ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма баёнот ва Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартнома, шунингдек бошқа икки томонлама келишувлар тўплами.

Туркманистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи (23-24 апрель) чоғида 2017 йилда имзоланган Икки давлат ўртасидаги стратегик шерикчилик тўғрисидаги шартномани амалга оширишга қаратилган қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилинди ҳамда Европа, Яқин Шарқ ва Осиё давлатларига юк ташиш ҳажмини кўпайтириш учун икки мамлакат транзит салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга келишиб олинди.

Умуман олганда, бугун кунда Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чегараларни делимитация ва демаркация қилиш, чегара пунктларидан ўтиш ва чегара олди ҳудудларда савдони ривожлантириш каби жуда мураккаб масалаларга ечим топиш учун мутлақо янги, конструктив сиёсий муҳит ва қулай шароитлар яратилди, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан давлат чегарасида 64 та ўтиш пункти фаолият кўрсатмоқда.

Чегара билан боғлиқ муаммоларнинг ҳал қилиниши натижасида Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалари сезиларли даражада фаоллашди. Улар билан савдо айланмаси ўсиши 9 ой давомида ўртача 50 фоиздан кўпроқни ташкил қилди, дея хабар беради ТИВ.

Мавзуга оид