Иқтисодиёт | 15:00 / 08.01.2019
71001
5 дақиқада ўқилади

Бизда метан, бошқаларда-чи? Газда ҳаракатланувчи автомобиллар яна қайси давлатларда оммалашган?

2019 йилнинг дастлабки кунлари метан баҳоси ошиши билан боғлиқ муҳокамалар билан бошланди. Бу борадаги баҳс-у мунозаралар, тушунтиришлар шу қадар кўп бўлганидан билиш мумкинки, автомобиллар ҳаракатланиши учун зарур ёқилғи масаласи ниҳоятда муҳим ва кўпчиликни ташвишлантиради.

Ҳозирги кунда Ўзбекистонда метан нархи ошиши бу қадар кўп гапирилишига объектив сабаблар бор албатта. Чунки, аслида биз учун янгилик бўлган бу ёқилғи ҳозирги кунда ўрта синфга мансуб, автомобилдан кундалик эҳтиёжи ва даромад мақсадида мунтазам фойдаланадиган, умрининг кўп қисми машина бошқарувида ўтадиган ҳайдовчиларнинг доимий харид маҳсулотига айланган. Қимматбаҳо автомобилга эга ёки оз миқдорда бензин сарфлайдиган, қисқа масофалар билан кифояланадиганлар учун ёқилғи ҳақидаги баҳслар у қадар қизиқ эмас.

Юртимизда метан оммалашуви тахминан 12-15 йил нарига бориб тақалади. Ўшанда бу турдаги ёқилғи қуйиладиган АЁҚШлар енгил автомобиллар учун энди-энди хизмат кўрсата бошлаган, кўпчилик тадбиркорлар бизнеснинг янги туридаги юқори даромадни англаб етмагани каби, ҳайдовчилар ҳам ускуналар ўрнатишдаги катта харажатлар ва АЁҚШлар камлиги боис бу ёқилғини яхши қабул қилишмаганди.

Аммо кейинчалик бозор иқтисодиёти ўз ишини қилди – бензин нархи мунтазам ошиб бориши ортидан арзонлиги учун метанга талаб кўпаяверди. Автомобилларга бундай ускуналар ўрнатиш деярли индустрияга айланди, ўзини кучли деб билган тадбиркор борки «метан заправка» очди, айрим ишбилармонлар бир нечтасини ҳам бошқара бошлади.

Бугунги кунга келиб бемалол айтиш мумкинки, умумий босиб ўтилаётган йўл масофаси бўйича метан ёқилғиси бензинни ортда қолдирмоқда. Вилоятлараро йўллардаги «метан заправка» сони «бензоколонка»лардан кўпайиб кетган.

Хўш, бизда шунчалик оммалашган метан яна қайси давлатларда етакчилик қилади? Умуман, дунё бўйлаб автомобилларга ёқилғи қуйишда газ ва бензиннинг мутаносиблиги қанақа?

Албатта, дунё бўйлаб умумий ёқилғилар орасида шубҳасиз бензин етакчилик қилади. Ундан кейинги ўринда турувчи дизель ёқилғисида ҳам юрувчилар кўп. Аммо йилдан-йилга газ орқали ва электромобиллар ёрдамида юрувчи машиналар сони кўпайиб бормоқда, бу эса нефть маҳсулотларида ҳаракатланувчилар улушини камайтирмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, дунё бўйлаб жами автомобилларнинг 12-15 фоизи газ маҳсулотларида ҳаракатланади. Жуда оз экан-ку, дейишингиз мумкин. Лекин бу шиддат билан ошиб бораётган рақамлардир. Масалан, арзимас 10 йил муқаддам улар сони 5 фоиздан ошмасди.

Бу борада  АҚШ етакчи ҳисобланади. Турли ҳисоб-китобларга қараганда, бу давлатда газдан фойдаланиш улуши 40-45 фоизга етган. Айниқса, узоқ масофаларга қатновчилар, юк ташувчилар орасида газ ёқилғиси жуда оммабоп. Шунингдек, давлат тасарруфидаги автомобилларни «газ»га ўтказиш бўйича махсус дастурлар бор. Масалан, Юта штатидаги барча полиция автомобиллари газ ёрдамида ҳаракатланади ва бу тажрибани бошқа штатларда ҳам қўллашга киришилган.

Узоқ ва иссиқ Аргентинада 35 фоиздан ортиқ автомобиллар газ ёрдамида ҳаракатланади. Лекин уларнинг босиб ўтган масофалари жуда кўп, чунки айнан узоққа қатновчи автомобиллар, юк ташувчилар ва бизнесга хизмат қилувчи машиналарнинг деярли ҳаммаси газга ўтказилган ёки ишлаб чиқарилиш жараёнидаёқ газ ускунаси билан жиҳозланган.

Италия ва Польша бу борада Европа давлатлари орасида етакчилик қилади. Мазкур давлатларда газ қуйиш шохобчалари тармоғи жуда яхши ривожланган ва ҳайдовчилар бу турдаги ёқилғининг иқтисодий самарасини яхши англаб етишган.

Туркияда газли автомобиллар оммалашаётганининг ўзига хос сабаблари бор. Бу давлатда турли хил акцизлар туфайли бензин баҳоси анча қиммат ва кўпчилик ҳайдовчиларни тежамкорликка мажбур қилади. Давлат томонидан газ ускуналари ўрнатиш ҳар тарафлама қўллаб-қувватланади, субсидиялар берилади.

Газга бўлган талаб Хитойда ҳам ошиб бормоқда. Аммо бу ерда асосий сабаб иқтисодга боғланмаган. Нефть маҳсулотларида ҳаракатланувчи автомобиллар сони ҳаддан ортиқ кўплиги сабабли Хитойда экология аянчли аҳволга келиб қолган, йирик шаҳарларда ҳаво туман қоплангандек тусга кириши оддий ҳолга айланган. Бунга қарши курашиш мақсадида Хитой ҳукумати экологияга зарари анча кам бўлган газ ускунали автомобиллар сонини кўпайтиришга киришган.

Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон ва Туркманистонда бензин мутлақ гегемон. Қирғизистонда метан ва пропан ёқилғисидан оз миқдорда фойдаланилади, Тожикистондаги кўп ҳаракатланувчи автомобиллар (масалан киракашлар) асосан пропандан фойдаланишади.

Шунингдек, дунё бўйлаб октан, бутан каби ёқилғилар, водород гази ёрдамида ҳаракатланувчи автомобиллар ҳам бор. Аммо уларнинг сони ниҳоятда кам ва тажриба мақомидан ўтмаган.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид