Спорт | 21:35 / 09.01.2019
37187
3 дақиқада ўқилади

Эктор Купер: «Ҳисоб 1:1 бўлиб турган вақтда ҳам ғалаба қозонишимизга ишонаётгандим»

Фото: KUN.UZ

Осиё Кубогини Уммонга қарши қийин кечган учрашувдаги ғалаба (2:1) билан бошлаган Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ўйиндан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида журналистлар саволларига жавоб қайтарди.

«Уммон билан ўйиннинг қийин ўтишини кутгандик. Тўпга эгалик қилиш жиҳатдан кучли жамоа эканини кўрсатди. Биз иккита икки хил бўлимларга гувоҳ бўлдик. Иккинчи таймда, афсуски, Уммон ўйинни кўпроқ назорат қилишига қўйиб бердик. Шунга қарамай, ҳар иккала жамоа ҳам етарлича вазиятларга эга бўлди», – деди Эктор Купер анжуманнинг кириш қисмида.

– Жамоа иккинчи бўлимда сизнинг кўрсатмангиз билан ҳимоявий футбол кўрсата бошладими? 
– Иккинчи бўлимда ҳимоявий ўйин кўрсатиш борасида кўрсатма берганим йўқ. Танаффусда футболчиларга кўпроқ тўпга эгалик қилишни айтгандим, аммо афсуски Уммон жуда яхши прессинг қўллай олди. Ҳимоявий футбол кўрсатиш бўйича топшириқ бермадим.

– Мусобақа эндигина бошланди, аммо футболчиларда ҳозирданоқ чарчоқ аломатлари кўзга ташлана бошлагандек кўринмоқда.
– Футболчилар тетик, чарчашгани йўқ. Иккинчи бўлимдаги ўйиннинг бундай кечиши сабабли улар бироз асабий тўп суришгани учун ҳам шундай кўринишди.

– Ҳисоб 1:1 кўринишига келганда ғалаба қозона олишингизга қанчалик ишонаётган эдингиз? 
– Дуранг ҳисоб бўлаётганда ҳам ғалаба қозонишимизга ишончим бор эди. Бундай қийин ўйинда ғалабага эриша олганимиздан хурсандмиз.

– Позицион ҳужумлар жуда кам; биринчи гол стандарт вазиятдан, иккинчиси эса захирадан тушган Шомуродовнинг индивидуал маҳорати эвазига урилди. Асосий таркибда ўйнаган Бикмаев ва Сиддиқовнинг ўйини ҳақида нима дея оласиз?
– Мен муайян ўйинчиларнинг якка ўзини олган ҳолда муҳокама қилмайман. Футболчиларнинг ўзлари билан гаплашиб олишимиз керак бўлган мавзулар етарлича. Гап фақат бир ёки икки ўйинчида эмас.

Ўзбекистон терма жамоаси кейинги учрашувини Дубай шаҳрида Туркманистон термасига қарши ўтказади. Учрашув 13 январь, якшанба куни Тошкент вақти билан соат 21:00да бошланади.

Мавзуга оид