Ўзбекистон | 14:21 / 11.01.2019
23409
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда йилига қанча беморда онкологик касаллик аниқланаётгани айтилди

Фото: iStock

2019 йил 10 январь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалари қўмиталари ҳамкорлигида «Ўзбекистонда онкологик касалликлар билан касалланиш ҳолати: мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими» мавзусида семинар ўтказилди.

Қайд этилишича, ҳозирги пайтда Ўзбекистонда йилига 22 мингдан ортиқ беморда онкологик касаллик аниқланмоқда. Бу, ўз навбатида, мазкур хасталикка қарши кураш тизимини такомиллаштиришни, уни молиялаштириш манбаларини аниқ белгилашни тақозо этмоқда.

Тадбирда иштирокчилар томонидан фан ва амалиётнинг тараққиёти, соғлиқни сақлаш ва инсонлар саломатлигини муҳофаза қилиш тизимининг ривожланиши натижасида онкология соҳасида биринчи навбатда, бирламчи бўғинларда профилактика ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш сифати даражасини ошириш билан боғлиқ, ўз ечимини кутаётган бир қатор масалалар мавжудлиги, юқори технологик даволаш ва операцияларни ўтказилишига талаб ва эҳтиёж юқори экани қайд этилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, республикада рўйхатга олинган хавфли ўсма касалликлар орасида сут бези, ўпка, қон ва лимфоид тўқималар хавфли ўсмалари ва бачадон бўйни саратони билан касалланиш кўрсаткичлари ошиб бормоқда. Соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотлар босқичма–босқич давом этаётган бир даврда ўсма хасталиклари билан касалланишни камайтириш мақсадида давлат миқёсидаги кенг қамровли дастурларни амалга оширишга катта зарурат туғилмоқда. Айниқса, кадрлар тайёрлаш масаласига эътиборни кучайтириш, узоқ қишлоқ жойларида ишлаётган умумий амалиёт шифокорларининг онкологик сезгирлигини ошириш, тиббий кўрик сифати яхшиланишига эришиш бу борадаги муҳим вазифалардан саналади.

Тадбир иштирокчилари онкологик хасталикларга чалинган беморларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, ўсма касалликларининг олдини олиш, мазкур йўналишга оид муаммоларни комплекс ҳал этишга қаратилган ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича таклифлар билдиришди.

Мавзуга оид