Ўзбекистон | 20:08 / 19.01.2019
17929
3 дақиқада ўқилади

​Ўзбекистонда айбсизлик презумпциясига путур етмаяптими? Бош прокуратура жавоб берди

Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 297-моддасида жиноят сабабларини бартараф этиш ва олдини олиш ҳақида суриштирувчи, терговчи, прокурор тегишли органлар (шахснинг иш жойи, маҳалласи)га тақдимнома киритиши айтилади. 

Ҳали суд томонидан шахснинг ҳаракат ё ҳаракатсизлигига ҳуқуқий баҳо берилмай, жиноятни келтириб чиқарувчи омиллар бартараф этилиши сўралади. Яъни, шахснинг ҳаракатида жиноят аломатлари борлигини суд билдиргунча, тергов органлари айрим ҳолатларни жиноят ҳолати сифатида билиб, тақдимнома киритади. 

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори биринчи ўринбосари Эркабой Таджиевга кўра, тақдимноманинг мазмуни – жиноятни келтириб чиқишига сабаб бўлган шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида [тақдимнома] киритилади. 

Бош прокурори биринчи ўринбосари Эркабой Таджиев​​​​

«Ҳақиқатан, иш судга юборилгунга қадар, жиноят бўйича тақдимномалар киритилади. Тақдимноманинг мазмуни – жиноятни келтириб чиқишига сабаб бўлган шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида [тақдимнома] киритилади. 

Бу масалаларни, Жиноят-процессуал кодекси янги таҳрирда қабул қилинганда, чуқур ўрганиб, синчковлик билан, ҳолатлар кўриб чиқилади. Лекин терговчиларнинг тақдимномаси ҳам муҳимлигини эътибордан четда қолдиришимиз керак эмас. Тақдимнома жиноятларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Бугунги кунда, терговчиларнинг олдига шундай вазифа қўйилганки, улар томонидан жиноятларнинг туб сабаблари жуда чуқур ўрганилиб, аниқланиши лозим», –  дейди у.

Ўзбекистон Республика Бош прокуратураси маълумотига кўра, тақдимномалар ҳар қандай ҳолатда ҳам қайтариб олинмайди, чунки у шахсга эмас, жиноят содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларга нисбатан киритилади. Шахс оқланган ҳолатда ҳам у аҳамиятли бўлиб қолади. 2018 йилнинг 11 ойи давомида жами 16090​та тақдимнома киритилган. Улар асосан:

  • қасддан одам ўлдириш;
  • ҳокимият ёки фуқаролик бурчини бажарган шахсга қаршилик кўрсатиш;
  • сифатсиз маҳсулот ишлаб чиқариш;
  • солиқ ва бошқа тўловлардан бўйин товлаш жиноятлари юзасидан киритилган.  

Шунга қарамай, АҚШ судлови тарихида ёрқин тажриба сифатида ўрганиладиган суд ишини эслаш жоиздир. Рафиқаси ва унинг хуштори Рональд Голдманни ўлдирганликда айбланган америкалик футболчи О. Жей Симпсонга нисбатан 1994 йил 12 июнда жиноий иш қўзғатилади. Шунга қарамай, 1995 йили у оқланган ва ўлим жазосидан қутулиб қолган. Негаки, давлат айбловчисининг айблови суд муҳокамасида ўз тасдиғини топмайди. Шундай экан, айбланувчининг жиноят содир этганини белгилаш фақат суд ваколатида эканини унутмаслик лозим.

Мавзуга оид