Ўзбекистон | 14:46 / 21.01.2019
71502
4 дақиқада ўқилади

Каримов Фонди 1989 йилги Фарғона воқеаларини ёдга олди

Фото: Facebook/Karimov Foundation

1989 йилнинг майида Фарғонада ўзбеклар ва месхети турклари ўртасида даҳшатли қирғинга айланган оммавий тўқнашувлар бошланиб кетди, бутун Фарғона олов ичида қолди. Зиддият тўлқини ўша кезлар республика аҳолисининг қарийб ярми яшаётган Фарғона водийсини бутунлай ўз домига олиши мумкин эди. Фарғона ҳодисалари пайти 100 дан зиёд киши қурбон бўлди, мингга яқин инсон жароҳатланди, деб ёзмоқда Каримов Фонди.

Ана шундай мушкул паллада Ислом Каримов республика раҳбари этиб сайланди. Сайланганидан кейин у зудлик билан Фарғонага борди. Каримовнинг пухта ўйлаган сиёсати ва фаол саъй-ҳаракатлари ҳамда жараёнда Марказ вакиллари ҳам бевосита қатнашиши лозимлиги ҳақидаги қатъий талаблари туфайли қонли ихтилоф авж олмасдан тўхтатиб қолинди. Акс ҳолда, бутун республикада беқарорлик юзага келиши мумкин эди.

Фото: Facebook/Karimov Foundation

«Ислом Каримов Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида аланга олаётган миллатлараро зиддиятларни бартараф этиш бўйича дадил ва мардонавор чора-тадбирларни амалга оширди. Шу тариқа у 1990 йил февраль-март ойларида Бўка ва Паркентда, 1990 йил июнь ойида Ўшда қонли этник ихтилофларнинг олдини олди. Президент Ислом Каримов Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, ҳам “титул” миллат, ҳам миллий озчиликлар манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратди», - дейилади Фонд хабарида.

Фото: Facebook/Karimov Foundation
Фото: Facebook/Karimov Foundation

Биринчи президент томонидан ислом динининг қайта уйғониши, қолаверса, мамлакатдаги барча конфессияларнинг эркин фаолият юритишига ғамхўрлик кўрсатилгани бу борада улкан аҳамият касб этди. Барча диний конфессиялар вакиллари ўз эътиқодига эмин-эркин ва тўсиқларсиз амал қилишлари учун зарур шарт-шароит яратилди.

Фонддан таъкидлашларича, миллий ва маданий марказларнинг ташкил этилгани Ўзбекистон халқининг бирлиги ва якдиллигини таъминлаган муҳим омиллардан бири саналади. Тошкентда мамлакатдаги миллий-маданий марказларнинг бошини қовуштирган марказ таъсис этилди, 1992 йил январда у Республика байналмилал маданият марказига айлантирилди. Ўша йиллари Ўзбекистонда татар, немис, корейс, озарбойжон, қозоқ, яҳудий каби 54 та миллий ва миллатлараро марказларга асос солинди. Марказлар фаолияти, қолаверса, турли миллат ва элатларнинг ўз тарихи, адабиёти, тилини ўрганиш, анъаналар, миллий байрам, урф-одат ва маросимларни тиклаш ва ривожлантириш сингари маданий, маънавий ва ижтимоий талабларини қондириш учун қулай муҳит яратилди.

1989 йил октябрда Ислом Каримовнинг дадил сиёсий қадами маҳсули сифатида “Давлат тили ҳақида”ги қонун қабул қилинди. Ушбу қонун билан узоқ вақт иккинчи даражада бўлиб келган ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Бу ҳодиса ўзбек халқининг миллий ўзлик туйғуси ўсишида муҳим роль ўйнади. Қолаверса, бу мустақилликка эришиш йўлидаги дастлабки ғалаба ҳам эди.

Бугун Ўзбекистонда 140 га яқин республика ва ҳудудий миқёсдаги миллий-маданий марказлар фаолият юритмоқда. 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари тинч-тотув ва аҳилликда яшаб келмоқда. Уларнинг этник маданияти, анъана ва урф-одатларини асраб-авайлаш ва ҳар томонлама ривожлантириш учун шароитлар яратилган. 16 та конфессияга мансуб диний ташкилотлар фаолият юритмоқда. Таълим муассасаларида 7 тилда сабоқ берилмоқда, Миллий телерадиокомпания ўз дастурларини 12 тилда эфирга узатмоқда, газета-журналлар эса 10 дан зиёд тилда чоп этилмоқда.

«Биринчи президент томонидан мамлакатимиздаги барча миллат ва элатларга кўрсатилган ғамхўрлик – унинг бошқа халқларга эҳтироми ва ўз она элига юксак фарзандлик муҳаббатининг ифодасидир. Миллатидан қатъи назар, ватандошларимизнинг Ислом Каримовга бўлган чуқур ҳурмати ва меҳр-муҳаббатининг боиси ва тарихий қадр-қиммати ҳам ана шунда», - дея хулоса қилишган Фонд вакиллари.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Каримов Фонди ҳарбий учувчилар Ўзбекистонни қандай қилиб очарчилик хавфидан қутқарганини маълум қилганди.

Мавзуга оид