Жаҳон | 09:53 / 22.01.2019
17710
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги илк ирсий модификация қилинган болалар туғилгани тасдиқланди

Фото: Depositphotos / efks

Хитой ҳукумати олим Хэ Цзянькуй ўтказган тажриба натижасида ДНКси ўзгартирилган болалар туғилганини расман тасдиқлади. Бу ҳақда Xinhua ахборот агентлиги хабар берди. 

Олим ишининг дастлабки тергови у Хитойнинг бир қатор қонунларини бузган ҳолда ирсий модификация қилинган болаларни яратганини аниқлаган.

“Олим хорижий ходимларни ўз ичига олувчи лойиҳа гуруҳини ташкил этган. Бу гуруҳ инсон эмбрионлари генларини таҳрирлаш учун нохавфсиз технологиядан фойдаланган, бу эса қонунан тақиқланган”, деб айтганлар терговчилар. 

Бундан ташқари, олим икки йил давомида ахлоқ текшируви натижаларини қалбакилаштирган ва тажрибасида иштирок этиш учун 8 жуфтликни тўплаган. Бу эса иккита ҳомиладорликка олиб келган. 

Тажриба натижасида оналардан бири Лулу ва Нана деб номланган эгизак фарзандларни дунёга келтирган. Бир аёл эса ҳали ҳам ҳомиладор ва ДНКси таҳрирланган ҳомилани кўтариб юрибди.

2018 йил ноябрда хитойлик олим Хэ Цзянькуй ДНКси ОИВдан касалланишга қарши ўзгартирилган болалар дунёга келганини маълум қилиб, дунё жамоатчилигини карахт ҳолга туширганди. Олимни ушбу иши учун ҳамкасблари билан бир қаторда ҳукумат ҳам танқид қилган. Хитойнинг соғлиқни сақлаш ва режали фарзанд кўриш ишлари бўйича қўмитаси ушбу ҳолат юзасидан тергов бошлаган.   

Олим ўз ишини оқлаш мақсадида ОИВни даволашда эришилган барча ютуқларга қарамай, ушбу касаллик бир қатор давлатларда ўлимга асосий сабаблардан бири бўлиб қолаётганини айтган. 

Мавзуга оид