Жаҳон | 14:08 / 30.01.2019
5005
2 дақиқада ўқилади

«Википедия»да бир муҳаррир уч миллион мақолани таҳрир қилгани аниқланди

Фото: The Washington Post

«Википедия»нинг инглиз тилидаги талқинида олти миллионга яқин мақолалар жойлаштирилган ва уларнинг учдан бир қисми таҳрири 35 ёшли америкалик Стивен Прюиттга тегишли. 

Стивен таҳрирлардан ташқари 35 мингга яқин мақоланинг ҳам муаллифи ҳисобланади. CBS каналининг Reddit тармоғида эълон қилинган материалига қадар Прюитт ҳақида ҳеч ким билмаган.

Америкалик кўнгилли ҳар кунининг уч соатини «Википедия»даги таҳрирларга ажратади. У ўзи туғилиб-ўсган Виргиния штатида ота-онаси билан яшайди. Прюиттнинг асосий иши ҳам маълумотларни саралаш билан боғлиқ: у АҚШ Божхона ва чегара назорати хизматининг архив ва қайдлари билан шуғулланади.

Стивен «Википедия»да 2006 йилдан буён текинга ёзади ва таҳрир қилади. Мақола муҳаррирлари орасида яққол етакчи Прюитт ва иккинчи ўриндаги муҳаррир ўртасида 900 минг таҳрир тафовути бор. Прюиттнинг сўзларига кўра, унинг онаси собиқ иттифоқда ўсган, социалистик тузумдаги ахборот эркинлигига чеклов очиқ маълумотнинг қадр-қимматини оширган.

Time журнали Стивен Прюиттни интернетдаги энг аҳамиятли инсонлар сафига қўшган. Reddit’да у ҳақда эълон қилинган хабардан сўнг, фойдаланувчилар ўз изоҳларида Прюиттни ташаббускорлик учун олқишлаган. Кўпчилик унга уйга вазифалар, имтиҳонларга тайёргарлик кўришда катта кўмак берганлиги учун миннатдорлик билдирди.

Маълумот учун, «Википедия» кўп тилдаги интернет-энциклопедиясига 2001 йилнинг 15 январида Жимми Уэйлс ва Ларри Сэнгерлар томонидан асос солинган. Платформа 301 тилдаги мақола ва саҳифаларни ўз ичига олади.

Ўзбек тилидаги «Википедия» 2003 йилнинг 13 декабрида иш бошлаган. Ҳозирда Вики-мақолалар сони бўйича 53 ўринда турган ўзбек тилидаги «Википедия»да 130 414 мақола ва 2 миллиондан зиёд таҳрир мавжуд.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид