Спорт | 00:37 / 30.01.2019
43820
2 дақиқада ўқилади

Хабиб Нурмагомедов 9 ойга мусобақалардан четлатилди

Фото: REUTERS

Россиялик аралаш яккакураш жангчиси Хабиб Нурмагомедов ирландиялик Конор Макгрегорга қарши жангдан кейин унинг иштирокида чиққан тўполон учун 9 ойга мусобақалардан четлатилди. Бундай қарорни ушбу ишни кўриб чиққан Невада штати атлетик комиссияси қабул қилган.

Нурмагомедов, шунингдек, 500 минг доллар миқдорида жарима тўлашига тўғри келади.

Комиссия Макгрегорга нисбатан ҳам чора кўрган, у ярим йилга четлатилган ва 50 минг долларлик жаримага тортилган. Иккала спортчи учун ҳам дисквалификация муддати 2018 йил 10 октябрдан бошлаб ҳисобланади.

Фото: Josh Hedges/Zuffa LLC

Нурмагомедовнинг дисквалификация муддати агар у безориликка қарши йўналтирилган ижтимоий дастурда иштирок этса, 3 ойга қисқартирилиши мумкин. Шу тариқа Хабиб жорий йил апрелида яна октагонга қайтиши мумкин бўлади.

Хабиб четлатилишига ижтимоий тармоқларда изоҳ берган. Жумладан, у инстаграмда “Барчаси якунлангандан кейин мени уйғотинг”, деб ёзган.

Нурмагомедов, шунингдек, твиттерда қисқагина “Сиёсат абадий” деган ёзув қолдирган. Кўринишича, спортчи шу тариқа у ва Макгрегорга қўлланган жарима санкциялари ўртасидаги катта тафовутга шаъма қилган.

 

Мавзуга оид