Спорт | 14:42 / 31.01.2019
12431
4 дақиқада ўқилади

ЎФА Азиз Турғунбоев ишини кўриб чиқади

Фото: «Навбаҳор» матбуот хизмати

Ўтган мавсумни “Навбаҳор” сафида якунлаган ва айни вақтда кимга тегишли эканлигини ўзи ҳам билмаётган Азиз Турғунбоев масаласи Профессионал футбол лигаси томонидан атрофлича ўрганиб чиқилади.

Ташкилот расмий сайтида маълум қилинишича, Турғунбоевнинг ПФЛ рўйхатидан ўтказилган ва “Навбаҳор”га тегишли бўлган шартномаси 2018 йилнинг ноябрь ойи сўнгида ўз кучини йўқотган.

“Навбаҳор” ва “Пахтакор” футбол клублари ўтган йилнинг сўнгги ойида футболчини ПФЛ рўйхатидан ўтказишга уриниб кўрди. Бироқ трансфер ойнаси 17 декабрь санасида очилишидан келиб чиқиб, ПФЛ ҳар икки томон шартномасини ҳам қабул қилмади.

Шу йилнинг 22 январь куни “Пахтакор” Азиз Турғунбоев билан 1 январь куни тузилган шартномани Чемпионлар лигаси учун рўйхатдан ўтказишга олиб келди. 28 январь куни эса клуб мазкур шартномага имзо қўйган футболчи “Навбаҳор” сафида хориж йиғинида иштирок этаётгани юзасидан шикоят аризаси билан ПФЛ бош директорига мурожаат йўллади”, – дейилади хабарда.

Хабар берилишича, мазкур шикоят аризаси ПФЛ томонидан ЎФАнинг Футболчиларнинг мақоми ва ўтиши бўйича қўмитасига оширилган.

“Комиссия тез кунлар ичида бу масала юзасидан иш бошлайди. Унда “Навбаҳор” ва “Пахтакор” футбол клублари бош ҳамда спорт директорлари, футболчи Азиз Турғунбоевнинг ўзи ва мазкур масала юзасидан маълумотга эга дея тахмин қилинаётган бошқа шахслар иштирок этади”, – дея қайд этилган ПФЛ хабарида.

Фото: «Пахтакор» матбуот хизмати

“Профессионал футбол лигаси мазкур масала юзасидан маълумотларни, фактларни жамоатчиликка тақдим қилиб боради. Қолган футболчилар ва клублар бундай вазиятга тушиб қолмасликлари йўлида бу муҳимдир. 2019 йилги мавсумдан эътиборан ПФЛ шартномалар масаласига жиддий эътибор қаратмоқда. Ташкилот футбол клублари билан шу йўлда ишлаш ва шартномаларни ҳурмат қилиши юзасидан ишларни аллақачон бошлаган”, – дея эслатиб ўтилган ПФЛ баёнотида.

Ўз навбатида, ЎФА ҳам мазкур масалада расмий билдириш билан чиқди, унда мухлислар томонидан ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган видеомурожаатларга тўхталиб ўтилади.

«Ҳозирда ижтимоий тармоқларда баъзи мухлислар томонидан Азиз Турғунбоев масаласи бўйича турли видеомурожаатлари эълон қилинмоқда. ЎФА бу видеомурожаатларни кўриб чиқди ва у ердаги мухлислар фикрини ҳурмат қилишини маълум қилади.

Шу билан бирга футболчининг трансфери билан боғлиқ ҳуқуқий масала видеомурожаатлар асосида эмас, қонуний йўл билан ҳал қилиниши кераклигини ҳам эслатиб ўтади.

Томонлар бир стол атрофида ўтириб, юзма-юз ҳолда футболчи ва унинг агенти иштирокида муҳокама олиб боришади. Агар бу масалада бирор клуб айбдор бўлиб чиқса, тегишли тартибда жазоланади. Агар айб футболчида бўлса, футболчи дисквалификация қилиниши мумкин», – дейилади ЎФА расмий сайтидаги хабарда.

Ассоциация ўз баёнотида «мазкур масала тегишли тартибда ҳал қилингунга қадар мухлислардан турли гап-сўзларга учмай, оқилона йўл тутишни ва ЎФАнинг якуний қарорини кутиш ҳамда ўша қарорни ҳурмат қилишни» сўраган.

ЎФА мазкур иш кўриб чиқилиши муддати тўғрисида маълумот бермаган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид