Спорт | 17:59 / 01.02.2019
30845
2 дақиқада ўқилади

Бир ойда учта класико. Испания кубоги қуръаси «Реал» ва «Барселона»ни учраштирди

Фото: AFP

Испания Кубогининг ярим финали иштирокчилари ўз рақибларини билиб олишди.

Қуръа «Реал»–«Барселона» ва «Бетис»–«Валенсия» жуфтликларини аниқлаб берди. Финал йўлидаги илк баҳслар катта эҳтимол билан 6 февраль, жавоб учрашувлари 27 февраль кунлари бўлиб ўтади.

«Эл-класико»нинг биринчи ўйини «Камп Ноу»да, жавоб учрашуви «Сантьяго Бернабеу»да бўлиб ўтади.

Эндиликда мухлислар кейинги бир ой ичида кетма-кет учта «класико»нинг гувоҳи бўлишади. Принципиал рақиблар дастлаб кейинги ҳафтанинг чоршанба куни кубок доирасида рўпара келишса, февраль охирида жавоб ўйинини ўтказишади. Финалга ким йўл олишини аниқлаб олишгач, 2 март куни Ла Лиганинг 26-тури доирасида яна Мадридда учрашишади.

Кубокнинг финал ўйини Севильяда, «Бетис»нинг уй стадиони «Бенито Вильямарин»да бўлиб ўтади. Ушбу ўйингоҳ илк маротаба мамлакат кубогининг ҳали қилувчи баҳсини қабул қилмоқда.

Маълумот учун, «Барса» ва «Реал» ҳозирга қадар Испания кубоги доирасида 34 марта тўқнаш келган бўлиб, уларнинг 15тасида каталонияликлар, 12тасида мадридликлар ғалаба қозонган, 7та баҳсда кучлар тенг келган.

Copa del Rey'да бош соврин охирги 4 мавсумдан буён «Барселона»га насиб этмоқда. Бу серия бошланишидан аввал, 2014 йилда «Реал» Испания кубоги соҳиби бўлган.

Мавзуга оид