Спорт | 08:58 / 02.02.2019
5530
2 дақиқада ўқилади

Сардор Озмун фаолиятини «Зенит»да давом эттиради

Фото: Getty Images

«Рубин» ҳужумчиси Сардор Озмун фаолиятини «Зенит»да давом эттиради. Трансфер ҳақида ҳар иккала клуб ҳам расман маълумот беришган.

Эрон терма жамоаси етакчисининг питерликлар билан шартномаси 3,5 йилга мўлжалланган. Аввалроқ трансфер қиймати 10-15 млн евро атрофида бўлиши тахмин қилинаётган эди. 24 ёшли ҳужумчи янги жамоасида 7-рақам остида ўйнайди; у бунга қадар Эрон термаси ва «Рубин»да 20-рақамда ўйнаб келган.

Озмун 15 ёшида «Сепаҳон» аъзосига айланган, 17 ёшида – 2012 йили «Рубин»га келиб қўшилган эди. Қозон клуби уни 2015 йилда «Ростов»га ижарага берган, Сардор бу клуб таркибида Россия чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлган. Ўтган мавсумда Озмун «Рубин» ихтиёрига қайтиб келди.

Озмун профессионал фаолиятини фақат Россия чемпионатида ўтказиб келмоқда. У РПЛдаги 5,5 мавсумида ҳужумчи 154та ўйин ўтказиб, 42та гол муаллифи бўлди. Шунингдек, у Эрон термаси либосида 46та учрашувда қатнашган ва 28та гол урган.

Қўшимча қилиш жоиз, «Зенит» кеча «Бока Хуниорс»дан Вильмар Барриос трансфери ҳақида ҳам эълон қилганди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид