Жаҳон | 11:11 / 03.02.2019
50888
3 дақиқада ўқилади

Фото: АҚШга аномал совуқлар ва қутб бўронлари кириб келди

Фото: Reuters

Февраль ойи бошида АҚШда аномал совуқлар кузатилмоқда, метеорологлар қутб бўронлари кириб келиши муносабати билан айрим жойларда ҳарорат Цельсий бўйича 53 даражагача тушиб кетиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

Айова штати ҳукумати аҳолидан имкон қадар чуқур нафас олмаслик ва кўчада гаплашмасликни тавсия қилмоқда.

Ўрта Ғарбда жойлашган Висконсин, Мичиган ва Иллинойсда фавқулодда ҳолат эълон қилинган. Нисбатан жануброқда жойлашган Алабама ва Миссисипида ҳам шундай эҳтимол мавжуд. Бу ҳудудларда кучли қор бўронлари кутилмоқда.

Ҳафта бошида Чикаго Антарктидадан совуқроқ бўлиши мумкин.

АҚШ президенти Дональд Трамп ўз твиттерида ҳазиломуз тарзда бошқаларга керак бўлмаган «глобал исиш» айни вақтда америкаликларга кераклиги ҳақида ёзди.

«Глобал исиш билан нима бўлди. Тезроқ қайт, сен бизга кераксан?», деган у.

Метеорологлар фикрича, кескин совиш Шимолий қутбда Африка шимолидан иссиқ ҳаво оқими бориши ортидан келиб чиққан. Бу оқим таъсирида совуқ ҳаво оқими жанубга силжиган.

Етакчи олимларнинг ҳисоблашича, инсон фаолияти оқибатида юзага келган глобал исиш туфайли қишлар аввалгидан ҳам қаттиқроқ бўлади.

Кескин совиш нималарга олиб келиши мумкин?

Чикаго полицияси маълумотига кўра, совуқ оқибатида бир неча талончилик ҳолатлари кузатилган. Қуролли шахслар дўконлардан нархи 1100 доллар турадиган, Canada Goose фирмаси томонидан ишлаб чиқарилган момиқ кийимларни талаб қилишган.

«Ҳамилтон» мюзикли учун чипталар эса одатдаги нархидан икки баробар арзонга - 70 долларга сотилмоқда. Чунки, одамлар кўчага чиқишни исташмаяпти.

Ўрта Ғарбдаги штатларда минглаб мактаблар ва бошқа муассасалар ёпилган.

Баъзи шаҳарларда уйсизлар учун вақтинчалик исиниш хоналари очилган.

Чикаго ва атрофдаги ҳудудлар кейинги ўн йилликлардаги энг совуқ ҳароратга дуч келишган
Фото: Reuters
Висконсин, Мичиган, Иллинойс, Алабама ва Миссисипи штатларида фавқулодда ҳолат жорий қилинган
Фото: Zuma/ТАСС
Чикагода кучли шамол ҳисобига совуқ ҳарорат 45 даражагача етган (Цельсий шкаласи бўйича)
Фото: Reuters
Бундай совуқда терининг очиқ жойини беш дақиқада совуқ уриши мумкин
Фото: Reuters
Ҳукумат одамларни зарурат бўлмаса кўчаларга чиқмасликка чақирмоқда
Фото: Reuters
Мичиган кўли ва дарёси қарийб бутунлай муз билан қопланган
Фото: Reuters
АҚШда ноқулай об-ҳаво туфайли 5 киши ҳалок бўлди
Фото: AP/ТАСС
Кучли совуқлар минглаб авиарейслар бекор қилинишига олиб келмоқда
Фото: epa/vostock-photo
Аномал совуқлар туфайли Чикагодаги Брукфилд ҳайвонот боғи ўзининг 85 йиллик тарихида тўртинчи марта ёпилди
Фото: Reuters
Нью-Йорк штатини Онтариодан ажратиб турадиган Ниагара шаршараси музлаб қолди
Фото: Reuters