Жаҳон | 21:00 / 05.02.2019
19367
2 дақиқада ўқилади

Швеция қиролининг ўғирлаб кетилган тожи ва олтин шари топилди

Фото: Mikael Gustafsson/ N / Ibl Bild / Globallookpress.com

Швеция ҳуқуқ-тартибот идоралари қирол Карл IX ва унинг рафиқасининг тожи ва хоч шакли солинган олтин шарини топишди. Бу буюмлар 6 ой олдин ўғирлаб кетилган эди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар берди.

Швецияда XVII аср бошида ҳукмдорлик қилган қиролга тегишли бўлган қимматбаҳо буюмлар Стокҳолм яқинида топилган. Воқеа тафсилотлари экспертиза топилган буюмларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлагач маълум қилинади. Таъкидланишича, тожлар ва олтин шар “бомба” деб ёзилган чиқинди бакидан топилган.   

Ўғирлик 2018 йил 31 июлда содир этилган. Жиноятчилар Стренгнес шаҳридаги кафедрал черковдаги витринани синдириб, у ердан қирол ва унинг рафиқаси бирга дафн қилинган иккита тож ва олтин шарни олишган. Буюмларнинг қиймати 65 млн швед кронасига (6,5 млн доллар) баҳоланади.

Сигнализация ишга тушганда, ўғрилар велосипедда Меларен кўлигача бориб, у ердан моторли қайиқда яширинишган. 

Велосипед ва жиноят жойида ташлаб кетилган буюмларнинг бирида қон излари қолган бўлган. ДНК таҳлили ёрдамида қон эгаси шахси ўрнатилган ва унга кўра тожларни ўғирлашда гумон қилинган 22 ёшли йигит ҳибсга олинган. Кейинроқ унинг шериги ҳам қўлга олинган.

Маълум қилинишича, жиноятчиларга 6 йиллик қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Мавзуга оид