Фан-техника | 01:03 / 07.02.2019
95472
9 дақиқада ўқилади

Автомобиль саноатини қандай қилиб рақобатбардош қилиш мумкин?

“Ўзавтосаноат” раисининг ўринбосари Азизбек Шукуров автомобилларга божларни пасайтиришда ўта ҳушёр бўлиш кераклигини таъкидлаб ўтди. "Мен буни бошқача атаган бўлар эдим. Монополистнинг ўз монопол ҳолатини таъминлаб бераётган божхона божларини пасайтириш ёки пасайтирмаслик ҳақидаги фикрларни эшита туриб ўта диққатли ва ҳушёр бўлиш лозим".

Жаноб Шукуров ўз позициясини асослантириш учун қўйидаги далилларни келтирган:

  • Йилига 200–250 минг автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга бизнинг автосаноатимиз йилига 10 миллион автомобиль ишлаб чиқарувчи Volkswagen билан рақобатга кириша олмайди, чунки 10 миллионта машина ишлаб чиқарилганда 200–250 мингта ишлаб чиқарилган ҳолатга нисбатан битта автомобилнинг таннархи албатта паст бўлади (миқёс эффекти деган нарса амал қилади).
  • Бутун дунёда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳимоя қилинади. Шу сабабли биз ҳам шундай йўл тутишимиз керак. Невада штати губернатори томонидан Tesla компаниясига электромобиллар учун литий-ионли Gigafactory батареяларини ишлаб чиқариш учун берилган 1,4 миллиард доллар имтиёз мисол тариқасида келтирилган.
  • Кўплаб давлатлар гўёки “кучли компаниялар, монополиялар” туфайли “оёққа туриб олган” (бу ерда “абжир қўллар”га эътибор беринг: “кучли компаниялар” ва “монополиялар” синоним сифатида ишлатилмоқда).

Менда эса жаноб Шукуровга айрим аниқлаштирувчи саволлар бор:

1. Жаҳонда ўнлаб муваффақиятли авто ишлаб чиқарувчи компаниялар бор. Шукуровнинг ўзи фақат 8–9 та япон компаниясини ёдга олиб ўтган (уларнинг йиллик умумий ҳажми 9 миллион автога етади). Қўрқмасдан таъкидлаш мумкинки, ишлаб чиқарувчиларнинг барчаси ҳам Volkswagen эришган ҳажмга эриша олмаган. Табиийки, улар ҳам миқёс эффектидан Volkswagen сингари фойдалана олмайди. Модомики шундай экан, жаҳон бозорларида улар қандай қилиб рақобатга киришишмоқда? Умид қиламанки, жаноб Шукуров уларнинг барчаси биздаги автосаноатдек (100 фоиздан юқори) божхона божлари билан ҳимояланган, деб таъкидламайди. Лекин бу ҳолатда Volkswagen фойдаланадиган миқёс эффекти автомобилсозлик учун у қадар ўтиб бўлмас тўсиқ ҳисобланмас экан-да! Негадир фақат ва фақат бизнинг автосаноатимиз учун бу тўсиқ мавжуд.

2. Агар жаноб Шукуровнинг миқёс эффекти рақобатбардошликка эришиш учун ўта муҳим деган фикрига қўшилсак ҳамда ишлаб чиқариш миқёслари бўйича Volkswagenʼга яқин келишни ҳаттоки ўйламаётган бўлсак, бу ҳол автосаноатимиз протекционистлик ҳимоясидан бир неча ўн йилларга фойдаланишдан умид қилаётганини билдирадими? (Бу вақтга келиб бензин ва газда юрадиган машиналардан фойдаланмай қўйишади, албатта, ҳарф терувчи машинкалар сингари). Яъни, биз — ўзбекистонлик истеъмолчилар ва солиқ тўловчилар маҳаллий автосаноатнинг монополиясига маҳкум этилганмизми?

3. Мана, биз, ундан очиқ ва оммавий информацияни эшитдик: АҚШнинг (дунёдаги энг бой давлатнинг!) бой штатларидан бирининг губернатори юқори технологияли ишлаб чиқариш учун 1,4 миллиард долларли солиқ имтиёзлари тақдим этибди. Билишни хоҳлар эдикки, ривожланишининг 20 йилдан зиёдроқ вақти давомида Ўзбекистон (дунёнинг энг камбағал давлатларидан бири) автосаноати давлат ва халқдан қанча ва қандай имтиёзлар (бу эса ўнлаб миллиард долларни ташкил этади) олган? Бинобарин, давлатимиз қуйидаги имтиёзлардан қанча маблағ йўқотди:

  • миллий автосаноат учун валютанинг имтиёзли конвертациясидан (бозор нархларидан каррасига зиёд бўлган айрибошлаш курсидан);
  • автосаноатга берилган солиқ имтиёзларидан;
  • импорт автомобилларга қўлланиладиган божхона божлари ва ҚҚС туфайли бюджетга кирмаган тушумлардан (бу тўловларнинг миқдори ўта юқори бўлганлиги сабабли, импорт деярли йўқ, бинобарин, бюджет божхона божлари ва солиқлардан тушумга эга бўлмайди);
  • имтиёзли кредитлардан (бу ерда имтиёзли ва бозор баҳосидаги кредитлар фоиз ставкалари ўртасидаги фарқни инобатга олиш лозим);
  • маҳаллий автомобилларга тўланган қиммат нархлардан (бу ҳолатда автосаноатнинг донорлари истеъмолчилар бўлишади, улар арзонга олиш мумкин бўлган товарга ортиғи билан ҳақ тўлашади);
  • навбатларда туриш, “шапка” бериш, қондирилмаган талаб ва Ўзбекистонда автомобиль харид қилишда юзага келадиган бошқа “кўнгилхушликлар” (балким мен бирор нарсадан бехабардирман, бошқа мамлакатларда ҳам “ривожланишнинг маълум бир босқичи”да автомобиль харид қилишда “шапка”лар ва навбатлар оддий ҳол бўлгандир?)

Невада штати губернатори қилгани сингари конкрет рақамларни тушунарли ва аниқ-тиниқ қилиб айтинг-чи: автосаноатимизни “ҳимоя” қилиш бизга қанчага тушган, тушмоқда ва тушади? Балким автосаноатдан ҳимоя қилиш учун фурсат етиб келгандир?

4. Мана, 20 йилдан зиёд вақтдирки, автосаноатимиз жаҳоннинг у қадар бой бўлмаган давлати истеъмолчилари ва солиқ тўловчилари чўнтагидан тўланадиган мисли кўрилмаган имтиёзлардан фойдаланиб келмоқда. Биз — Ўзбекистон аҳолиси бу “миллий ишлаб чиқарувчини ҳимоя қилиш”дан нима фойда олдик?

  • йўлга қўйилган рақобатбардош ишлаб чиқаришними?
  • автомобилларнинг замонавий моделлари қаториними?
  • замонавий ишлаб чиқариш технологиялариними?
  • паст таннархлар ва баҳоларними?

Йигирма йиллик протекционистик сиёсатнинг конкрет натижалари ҳақида билсак бўладими?

5. Автомобилларимизнинг оддий йиғилиши ҳолатида ҳам уларнинг таннархи хориждаги аналогларидан қимматроқ бўлишига қандай қилиб “эришяпмиз”? Нима, бизда ойлик иш ҳақи, электр энергияси нархи ва солиқлар Германиядагидан ҳам баландми? Э, айтмоқчи, автосаноатимиз деярли солиқ тўламаган-ку! Биздаги баланд таннархни унга тўнкаб бўлмаса…

Автосаноатга рақобатбардош бўлиш учун яна неча йил бериш керак? Агар бунинг мутлақо имкони бўлмаса, бизга шундай автосаноат керакми ўзи?

Энди саволлардан шарҳларга ўтамиз.

Нечоғлик самарасиз бўлмасин, ҳеч ким автосаноатни тугатиш керак, демаяпти. Гап фақат божхона божларини тақиқловчи миқдордан оқилона даражага, айтайлик, 20-30 фоизгача тушириш ҳақида бормоқда. Бу ҳам бюджетимизни тўлдиришга хизмат қилади, асосийси, авто ишлаб чиқарувчиларимиз учун рақобат юзага келтиради. Уларни ўлдирмайди. Уларни ўлдирувчи, майиб ва норақобатбардош қилувчи нарса ўзлари мавжуд бўлган монопол ҳолат. Фақатгина рақобат ҳар қандай ишлаб чиқарувчини рисоладагидек ишлашга мажбурлай олади. Токи корхона монопол позицияда, бўлиб ҳам мутлақ монопол экан, ҳеч қанақа модернизация дастурлари, кадрлар алмашинуви ёрдам бера олмайди.

“Ҳукмронлик инсонни бузади, мутлақ ҳукмронлик мутлақо бузади”, деган гап бор. Суҳбатимиз мавзусига кўра уни шундай ўзгартирса бўлади: “Мутлақ монополия мутлақо айнишга олиб келади ва ривожланиш учун бирор имкон қолдирмайди”.

Микроиқтисодиёт бўйича исталган дарсликни олинг ва монополчи ўзини қандай тутишини ўқинг. У харажатларни қисқартириш, сифатни яхшилаш, ассортиментни такомиллаштиришни мутлақо ўйламайди. У ишлаб чиқариш ҳажмларини сунъий қисқартириб, нархни кўтариш мақсадида ўз фойдасини максималлаштиради. Агар унинг нархларини давлат назорат қилса (бизнинг ҳолатдагидек) монополчи ўз маҳсулотига баланд нархлар белгилаш заруриятини давлатга исбот қилиш учун таннархни шишира бошлайди.

Бизнинг ҳолатда вазиятни оғирлаштирувчи яна бир жиҳат борки, автосаноатнинг бош заводи доимо тўлиқ ёки қисман давлатга тегишли бўлган. Бу ерда монополизмга қўшимча равишда яна қудратли коррупцион “чизги”лар пайдо бўлади: чунки реал ва самарали мулкдорнинг ўзи йўқ. Шунинг учун корхона менежерлари сунъий тақчилликдан тортиб бутловчи қисмлар харид қилишда “откат”ларгача — коррупцион фойда олишнинг турли-туман усулларини излаб топишади.

Шу сабабли, агар биз рақобатбардош автомобиль саноатига эга бўлишни ҳамда монополчилар ва коррупционерларга ўлпон тўлашдан воз кечишни истасак, бизда қўйидаги чораларни амалга оширишдан ўзга йўл йўқ:

  • соҳада рақобатбардош муҳит ҳосил қилиш;
  • автосаноатни хусусийлаштириш.

Юлий Юсупов.

Мавзуга оид