Ўзбекистон | 15:25 / 05.08.2023
16335
6 дақиқада ўқилади

“Суғур куни” ёхуд Ўзбекистон ЖСТ аъзоси бўлиш имконияти борми?

Нега ЖСТга ҳеч аъзо бўлолмаяпмиз? Дунёнинг аксар давлатлари аъзо-ку! Яна қанча кутиш керак? Музокараларнинг охири борми? Бу ва бошқа саволлар устида иқтисодчи Юлий Юсупов фикр юритади. Унинг ёзишича, иқтисодий сиёсатимизни кескин ўзгартирмасак, бунга эришолмаймиз. Бу учун эса ислоҳотчилар жамоаси тузилмоғи ва бу жамоага катта ваколатлар берилмоғи керак.

Ҳозирда 164 мамлакат – Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) аъзоси. Ўзбекистон ҳалигача бу ташкилотга кирмади, ҳолбуки унга аъзолик – мамлакатимиз учун ҳаётий зарурат. Иқтисодий ривожланишни тезлатиш, дунё иқтисодиётига интергация қилиш учун керак бу.

Манба: Wikipedia

Ҳозирда давлатимиз ЖСТга кириш бўйича жадал музокаралар олиб боряпти. Масъулларнинг қуйидаги ҳисоботлари қулоққа чалиняпти: “олдинга қараб кетяпмиз; сўровларга жавоб беряпмиз; меъёрий базани ўзгартиряпмиз; оғир, аммо прогресс бор; туннелнинг охирида ёруғлик кўринди”.

Одамни хурсанд қиладиган гаплар, албатта. Аммо бу гапларни кўп маротаба эшитгандек туйғу пайдо бўляпти менда. Гап шундаки, биз ЖСТга 30 йилдан бери “киряпмиз” (балки адашаётгандирман, аммо чамаси ЖСТга кириш бўйича музокаралар ўтказиш давомийлиги бўйича бу – рекорд).

Ўқтин-ўқтин “яқинлашиб қолдик”, “мана ҳозир, оз қолди”ни эшитяпмиз... Аммо сал кейин жараённи яна нолдан бошлаб қоляпмиз.

Айнан шу учун ҳам нега ҳар гал ҳаммасини қайтадан бошлаётганимизни тушунмасак, унда:

  • бу ғаройиб аҳвол сабабларини билолмаймиз,
  • бу боши берк кўчадан чиқиш имкониятларимизни баҳолай олмаймиз,
  • муаммони ҳал қилиш учун керак бўлган ҳаракатларни аниқлаштириб ола олмаймиз.

Хўш, гап нимада ўзи?

Тафсилотлар ичига кирадиган бўлсак, муаммо бизнинг норматив базамиз ва давлат бошқаруви амалиёти бозор иқтисодиёти ва бизнес юритиш тамойилларига мос эмаслигида экани маълум бўлади. Бу норматив акт ва амалиётлар:

  • эркин савдо учун тўсиқлар қўяди;
  • баъзиларга имтиёзлар бериб, баъзиларга чекловлар қўювчи сунъий монополияларни пайдо қилади;
  • бозорнинг нарх ва рақобат механизмлари нормал ишлашига халақит қилади.

Бу эса ЖСТ тамойилларига зид.

“Нима бўпти – дейишингиз мумкин – бу яроқсиз қоидаларни ўзгартирамиз, ўзимизга фойда-ку бу. Ахир, бозорларнинг яхши ишламаслиги, сунъий монополиялар, коррупцион охурлар – ривожимизга тўсиқ бўлаётган нарсалар-ку! Биз бу ислоҳотлардан манфаатдормиз!”

Муаммо шундаки, меъёрий база ва бошқарув амалиётидаги бу зиддиятлар иқтисодий сиёсатимизнинг “айрим камчиликлари” эмас, балки унинг асосий мазмун-моҳияти бўлиб турибди. Асосан бизнинг иқтисодий сиёсатимиз мансабдорлардан ва давлат ташкилотларидан (вазирликлардан тортиб давлатдан “мустақил” соҳавий уюшмаларгача) иборат ғоят катта армия қуйидагилар билан банд:

  • турли маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ҳажмини (совет давридаги каби: қанча кўп бўлса, шунча яхши; импорт ўрнини боссак, янада яхши қабилида) режалаштириш,
  • инвестицион лойиҳаларни тасдиқлаш;
  • солиқ ва кредит имтиёзларини ва субсидияларни тақсимлаш;
  • ресурсларга эксклюзив рухсатлар бериш (пахта етиштириш учун ерлар ажратиш ва ҳ.к.);
  • айрим корхона ва соҳаларни рақобатдан ҳимоя қилиш (жумладан, импорт учун тариф ва нотариф тўсиқлар орқали).

Бошқача қилиб айтганда, инвестицион ва бошқа бизнес қарорларни бозор ва хусусий сектор эмас, давлат ва мансабдорлар қабул қилади. Бу эса бизда ҳамон бозор иқтисодиёти йўқ эканидан далолат. Ва статистика буни тасдиқлаяпти: бизда ИЯМнинг 50 фоизи давлат корхоналарида яратиляпти, банк активларининг 80 фоизи давлатга тегишли, ЯИМнинг 40 фоизи бюджет орқали, бюджетдан ташқари давлат жамғармалари ва корхоналарнинг квазидавлат харажатлари орқали тақсимланяпти. Булар – ақлбовар қилмас рақамлар, ва улар на бозор иқтисодиёти билан, на самарали иқтисодий ривожланиш истиқболи билан келишади. Ривожланишга имкон бўлиши учун бу кўрсаткичларни каррасига қисқартириш лозим.

Юқоридагидан тушунарли бўлиб турибдики, бизнинг ЖСТга “киролмай турганимиз” музокарачиларимизнинг ёмон ишлаши билан эмас, балки иқтисодиётимиз бозор иқтисодиёти эмаслиги билан, 1990 йиллардан буён юритаётган самарасиз иқтисодий сиёсатимиз билан боғлиқ.

Шу боис, мадомики биз ЖСТга кириш истагида эканмиз, юритаётган иқтисодий сиёсатимизни кескин ўзгартиришимиз ва ҳукуматимизнинг иқтисодий блокини кескин ислоҳ қилишимиз керак. Кўп маротаба ёзганман: ривожланган мамлакатларда битта иқтисодиёт вазирлиги бажарадиган вазифани бизда мислсиз даражада кўпсонли давлат ва квазидавлат идоралар “бажаряпти”. Ўнлаб ташкилотлар!

Уларнинг ходимлари нима биландир шуғулланиши керак, ахир! Шу учун улар мен тилга олган ишлар билан машғул. Бу ортиқча ташкилотларни бартараф этмагунимизча, бу иқтисодкуш иқтисодий сиёсатимиздан воз кечолмаймиз. Ҳозирча олиб борилаётган “маъмурий ислоҳот” эса кўпроқ бу ташкилотларни йириклаштириш бўляпти. Йириклаштириш эмас, барҳам бериш керак уларга!

Масала ЖСТга кириш қоидаларини ўзгартиришда эмас, балки давлат бошқаруви ва иқтисодий сиёсатни кескин ўзгартиришда. ЖСТга кириш эса бу ҳаракат учун локомотив вазифасини ўташи мумкин.

Бу ислоҳотларни амалга ошириш учун эса кучли сиёсий ирода, малакали мутахассислар ва менежерлардан иборат жамоа, бу жамоага эса қарорлар қабул қилиш ва уларни ижро қилиш учун улкан ваколатлар керак. Давлат структуралари ўзини ўзи ҳеч қачон ислоҳ қилмайди. Улар ҳатто энг яхши ташаббусларни тескарисига айлантиради. Бу каби ислоҳотлар учун бу тизимдан ташқарида турадиган куч керак – институционал структурани бузишга қодир бўлган куч. Тиззасига уриб синдира оладиган куч. Ва ўрнига бозор билан уйғун келадиган бошқарув тизимини таклиф қила оладиган жамоа керак.

Акс ҳолда, яна бир неча йил ўтади, биз эса “мана ҳозир, оз қолди, ЖСТга кирамиз”ни эшитамиз...

Юлий Юсупов,
иқтисодчи

Мавзуга оид