Ўзбекистон | 10:36 / 07.02.2019
7813
5 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини оширмоқчимиз». «Буюк келажак» экспертлари билан интервью

5-6 февраль кунлари Тошкентда «Ўзбекистон-2035» Иккинчи халқаро форуми ташкил этилди. Икки кун давомида «Буюк Келажак» ХННТ экспертлари 2035 йилга қадар Ўзбекистоннинг узоқ муддатли ривожланиш стратегияси концепцияси лойиҳаси учун ўз йўналишлари бўйича тақдимотларни намойиш этишди. Kun.uz мухбири ушбу кенгашнинг аъзолари билан суҳбат қуриб, уларнинг режалари ва фаолиятлари ҳақида сўради. 

«Буюк келажак» экспертлари келиб чиқиши Ўзбекистондан бўлган, хорижда профессионал муваффақиятларга эришган мутахассислар бўлиб, улар кенгаш орқали келгуси 16 йил ичида мамлакат тараққиёти ҳақидаги ўз фикрлари билан бўлишишади ва янги стратегик режаларни ишлаб чиқишади.

Умид Мамадаминов, АҚШдаги Орегон технология институти битирувчиси, Американинг энергетика-архитектура соҳасидаги энг йирик компанияларидан бири STANTEC'нинг собиқ ходими:

«Мен ўтган йили «Буюк келажак» экспертлар кенгашига аъзо бўлгандим. Биз ўзимизнинг соҳадаги янги ғояларни Ўзбекистондан татбиқ қилишни бошладик. Мазкур ташкилот ташаббуси орқали 2018 йилда бўлиб ўтган форумда мамлакатдаги бўлаётган катта ислоҳотларни кўриб, юртимга қайтиб, тадбиркорлик фаолиятимни бошлашга қарор қилдим. Аввалига, ишни бошлаганимизда тўсиқлар ҳам пайдо бўлди. Юқорида ислоҳотлар жуда ҳам яхши кетаётган бир маҳалда қуйи соҳада айрим муаммоли масалалар вужудга келди. Мисол учун, вилоятларда завод қуришга инвестиция киритиб, ер олмоқчи бўганимизда жой олиш бўйича муаммолар юзага келди. Бироқ тегишли органлар ёрдами билан Жиззахда қишлоқ хўжаликлари маҳсулотларини қайта ишлаб, жаҳон бозорига олиб чиқиш бўйича ўз фаолиятимизни бошладик. Ўтган йили март ойида ҳар бир ҳудудда бир-иккитадан кластер ташкил этиш бўйича президентнинг қарори қабул қилинди. Энди биз шу тизимни жорий қилиш учун дуккакли маҳсулотлар кластерини ташкил қилиб, Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ошириш ниятидамиз. 2019 йилда январь ойида 30 минг тоннали дуккак маҳсулотларини қайта ишлайдиган замонавий заводимиз ишга тушди. Энди бу заводни хом ашё билан таъминлаш учун маҳсулотни экишга ер олмоқдамиз. Режа бўйича, энг камида 15 минг гектар майдонга экин экишимиз керак ва бу маҳсулотлар 100 фоизи хорижга, яъни АҚШ, Европа, Япония, Жанубий Корея давлатларига экспорт қилинади».

Азиз Каримов, CIMMYT марказининг Туркиядаги бошқармаси мутахассиси, Ўзбекистондаги бир қанча лойиҳалар координатори:

«Буюк келажак»нинг бир йил ичида амалга оширган ишлари таҳсинга лойиқ. Сабаби, бу ерда энг асосий омил - вақт, барча мутахассислар ўз ишлари, лойиҳалари билан банд. Шу сабабли, ташкилот дунёнинг турли бурчакларида яшаб, фаолият олиб борадиган ўзбекларни бир ерда тўплаб, катта лойиҳаларни амалга ошираётгани кишини қувонтиради. Биз бошида олган тажрибалар ҳозирда катта мақсадларни амалга оширишда қўл келмоқда. Мен Қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик йўналишида иш олиб бораман. Мазкур соҳада сўнгги икки йил ичида сезиларли даражада ўзгаришлар бўлди. Бу эса қишлоқ хўжалиги ва шунга яқин соҳаларда ишловчи экспертлар зиммасига масъулият юклайди, биз мана шу ўзгаришларни тўғри таҳлил қила олиб, келажакни одиндан яхши кўра олишимиз керак. Форумда хўжаликка кириб келаётган янги йўналишлардан бири - кластер тизими бўйича амалга оширилиши керак бўлган ишлар, камчиликлар, ечимлар ҳақида суҳбатлашамиз».

Насиба Шарипова, Лондондаги PwC компаниясининг консалтинг хизматлари бўйича бош менежери:

«Мен Англиядаги корхонанинг Ўзбекистондаги филиалини ривожлантириш учун учиб келдим. Ҳозирда катта ислоҳотлар бўлаётгани сабабли бизнинг консалтинг хизматларимизга бўлган талаб ҳам ортади. Шу сабабли, ҳозирда мижозлар фикрини ўрганиб, ўз хизматларимизни тақдим этиш ниятидамиз. «Буюк келажак»да турли соҳа вакиллари билан танишиб, улар билан фикр алмашишнинг ўзи қизиқ. Экспертлар дунёнинг турли давлатларидан ўша давлат стандартлари бўйича ривожланиб келишган ва бу Ўзбекистоннинг ривожланиш стратегиясига ўз ҳиссасини қўшади. Улар албатта, имконият, шароит бўлса Ўзбекистонга қайтишмоқчи. Бу ерда маблағ масаласи ҳам жуда муҳим. Сабаби, энди улар талаба эмас, кўплаб экспертларнинг оиласи, фарзандлари мавжуд. Бироқ энг катта сабаб - ривожлана олишига кўзи етишидир. Агарда мутахассис сифатида ривожланишга ишонилса, имконият кўп. Биз бу каби имкониятларни бошқа давлатдан топа олмаслигимиз мумкин. Мен ўз компаниям билан нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёдаги филиалларимизда ҳамюртларимизга консалтинг хизматлари бўйича ёрдам беришга тайёрман».

Мавзуга оид