Спорт | 14:16 / 13.02.2019
10444
3 дақиқада ўқилади

VAR Янгни четлаштиролмасди. Видеоарбитрлар қандай ишлайди?

Фото AFP

ЕЧЛ нимчорак финали биринчи учрашувлари доирасида «Манчестер Юнайтед» ва «ПСЖ» ўртасида кечган ўйиннинг биринчи бўлимида мезбонлар сардори Эшли Янг рақиб яримҳимоячиси, «қизил иблислар»нинг собиқ футболчиси Анхель Ди Марияга қарши қўпол ўйнади.

Унда бу вақтгача ҳам сариқ карточка бор эди, учрашув бош ҳаками Даниэле Орсато футболчини кечирди ва уни майдондан четлаштирмади.

Кўпчилик бу вазиятга видеоҳакам (VAR – Video Assistant Referee) Массимилиано Иррати аралашиши керак эди, деб ҳисобламоқда. Уларнинг фикрича, видеоҳакам бош ҳакамга футболчини огоҳлантиришни тавсия қилиши керак эди.

Аслида уларнинг фикри хато. Нима учун?

Халқаро футбол ассоциациялари кенгаши томонидан VAR иши бўйича алоҳида протокол ишлаб чиқилган. Ушбу ҳужжатга кўра, тизим тўртта вазиятда – гол, пенальти ва тўғридан-тўғри қизил карточкага тортадиган ҳолатни текшириш, шунингдек, сариқ ёки қизил карточка англашилмовчилик боис бошқа футболчига кўрсатилганида – ҳакамларга тўғри қарор чиқаришда ёрдам беради.

Эслатма:
– VAR арбитр сариқ карточкани хато кўрсатганида ёки кўрсатмаганида бош ҳакам ишига аралашмайди;

– VAR арбитр карточкани хато кўрсатиб, футболчини ноҳақ майдондан четлатганида бош ҳакам ишига аралашмайди (яқиндагина Италияда футболчи тўпни қорни билан тўхтатганида, ҳакам уни қўл билан ўйнашда айблаб иккинчи сариқ карточкани кўрсатган ва уни майдондан четлатганди). VAR арбитр иккинчи сариқ карточкани кўрсатмасдан, футболчини четлаштирмаса ҳам вазиятга аралашмайди.

– VAR агар бурчак зарбаси амалга оширилишидан аввал тўп хато ўрнатган бўлса ва жарима зарбаси гол билан якунланса, голни бекор қилиб, жарима зарбасини қайтадан амалга ошириш бўйича қарор чиқара олмайди.

– VAR жарима зарбаси ёки эркин зарба хато белгиланса ва бунинг оқибатида гол бўлса, вазиятга аралашиб, голни бекор қилдира олмайди.

Худди шу қоидалар ишлагани туфайли, Иррати Орсатога Янгни майдондан четлатишни буюра олмасди. 

Мавзуга оид