Ўзбекистон | 16:26 / 14.02.2019
104508
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонликларнинг «Америка орзуси»: виза, грин-карта ва фуқаролик

Фото: Getty Images

Сўнгги уч йил ичида собиқ аҳолиси америка фуқаролигини олган минтақалар рўйхатида Осиё ҳам Шимолий Америка қаторида етакчилик қилади. Бошқа минтақалар нисбатан орқада, дейилади uzanalytics.com сайти эълон қилган таҳлилий мақолада.

Мақолада қайд этилишича, келиб чиқиши осиёлик бўлган янги америкаларнинг асосий улуши Ҳиндистон, Хитой ва Филлипин аҳолисига тўғри келмоқда. Бу мамлакатлар фақат Мексикадан орқада қолади холос. Агар 2017 йилда АҚШ фуқароси бўлган шимолий америкаликлар фуқаролик олгунча грин-карта билан 11 йил яшаган бўлсалар, осиёликлар бунга 6 йилда эришдилар.

Сўнгги уч йилда Марказий Осиёнинг бешта республикасидан минтақадаги энг зич аҳолига эга республика сифатида Ўзбекистон аҳолиси энг кўп виза олган. Ўзбекларнинг мустаҳкам (ва кенг кўламли) оилавий алоқалари кўплаб оилавий бирлашишларга сабаб бўлмоқда.  

Марказий Осиёликлар асосан Нью-Йоркка интилмоқдалар. Минтақа вакиллари учун фуқаролик ва яшаш жойи тақдим қилиш бўйича Калифорния иккинчи ўринда.

 АҚШ фуқаролигини олиш учун АҚШда яшаш гувоҳномаси (грин-карта) билан маълум вақт давомида истиқомат қилиш керак.

Грин-карталар сони бўйича ўзбекистонликлар ва қозоғистонликлар етакчилик қилади. Қирғизистон аҳолиси Тожикистонникига нисбатан кам бўлишига қарамай, қирғизистонликлар ҳар йили АҚШ грин-картасини уларга нисбатан кўпроқ қўлга киритишмоқда.

2017 йилда грин-карта олган Марказий осиёликларнинг энг кўпи қаерда яшамоқда? Албатта, Нью-Йоркда. Қирғизистонликлар кўпинча Чикагони танлашади. Қуёшли Калифорния қозоғистонликлар ва қирғизистонликлар учун иккинчи ўриндаги севимли маскан ҳисобланади. Айрим штатлар бўйича маълумотлар мавжуд эмаслигини ҳам таъкидлаш керак.

 Америкалик фуқаролар Марказий Осиёнинг бешта республикаси орасидан қайси мамлакат болаларини фарзандликка асраб олишига оид рўйхатда фақат Қирғизистон кўрсатилган. 2017 йилда ушбу мамлакатдан 15 нафар бола – 6 нафар қиз ва 9 нафар ўғил бола фарзандликка асраб олинган. Мазкур рўйхатга фарзандликка олиш сони 10 тадан ошмаган мамлакатлар киритилмаган.

Фуқаролар АҚШ миграция визасини ўз ватанида туриб, айрим дастурлар ёки лотерея ютуғи орқали олишлари ҳам мумкин. Айнан лотереядан ютиб олиш дунёнинг кўплаб халқлари, хусусан бизнинг халқимиз учун ҳам янги дунёга йўлланма олишнинг энг устувор йўли ҳисобланади.  

Дунё миқёсида лотерея (Diversity Lottery) бўйича яшаш фуқаролигини олиш 5 фоиздан камроқни ташкил этган. 2017 йилда Қозоғистон ва Қирғизистонда бу рақам қарийб 30 %, Туркманистонда эса 37 фоизга етган. Шу йили Тожикистондаги 55%, Ўзбекистондаги 58% фуқаролар фуқароликни олганлар лотерея ютиб олганлар.

Тожикистон ва Қозоғистондан грин-карта соҳибларининг ҳар ўнтадан биттаси ютуқни АҚШдан бошпана олиш сифатида қабул қилган. Бу рақам, айниқса, қирғизистонликлар орасида юқори (23 фоиздан кўп) ва ўзбекистонликлар орасида камроқ (4%).

 АҚШда яшаб турган ҳолда бошпана сўраб мурожаат қилган фуқаролар ҳам бор. Бошпана беришнинг икки тури мавжуд – affirmative ва defensive. Биринчи турида даъвогар АҚШ ҳудудида эркин бўлган ҳолида бошпана сўраб мурожаат қилади. Иккинчисида, даъвогар АҚШдан депортация қилиниш жараёнидан олдин, бунинг олдини олиш мақсадида бошпана тақдим этиш тўғрисидаги аризани беради. Умуман олганда, туркманлар ва тожиклар энг кам бошпана сўраб мурожаат қилишади.

Гарчи Америкада ўзбеклар, айниқса грин-картага эга ўзбеклар ҳозир ҳам анчагина бўлса-да, энди чет эл паспортининг берилиши ва мамлакатнинг дунёга очилиши билан кўп сонли ўзбекларнинг АҚШга бориши мумкинлиги кутилмоқда. Марказий Осиёдан Америкага тўғридан-тўғри учадиган ягона ва арзон авиақатнов Тошкентдан Нью-Йоркгача бўлган рейс бўлиб, у ҳам ҳафтасига икки марта амалга оширилади.

Ташриф буюрганларнинг қарийб 80 фоизи ҳужжатларда ташриф мақсадини сайёҳлик деб кўрсатади (Марказий Осиёда Россияга ишлаш учун борган мигрантлар ҳам шундай қилишади).

 Тўғри, мамлакат остонасидан киритилмайдиган ва орқага қайтариб юбориладиганлар ҳам бор, албатта. Ҳар йили Марказий Осиёнинг бир неча ўнлаб (бу рақам бироз ўзгариб туради) фуқаролари АҚШга киритилмайди ва мамлакат ҳудудидан депортация қилинади. Замон зайли билан бу борада туркманларнинг омади чопмайди – ташриф бўйича энг кўп рад жавоблари айнан уларга берилади. Масалан, 2015 йилда Тожикистоннинг беш нафар фуқароси уйга қайтарилган бўлса, Туркманистоннинг 55 нафар(!) фуқаросига нисбатан шундай қарор чиқарилган.

АҚШда ноқонуний тарзда қолаётган Марказий осиёликлар сони нисбатан кам бўлса-да, Америка консуллари томонидан виза беришдаги рад жавоблари сони ҳам номутаносиб, тушунарсиз ва ҳаддан ташқари даражада юқори бўлмоқда. Масалан, 2017 йилда сайёҳлик визасини олиш бўйича мурожаат этган минтақанинг ҳар иккинчи фуқароси рад жавобини олган. Гарчи илгари америкалик консуллар қўшни республикаларга қараганда, Қозоғистон фуқароларига нисбатан хайрихоҳ бўлган бўлсаларда, 2017 йилдан бошлаб бу муносабат ўзгарди. Айниқса, Бишкек, Душанбе ва Тошкентдаги америкалик консулларнинг бундай сиёсати тушунарсиз ҳол бўлиб, мазкур мамлакатлар Ташқи ишлар вазирликлари вакиллари ташаббус кўрсатиб, ўз ҳамюртларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ҳамкасблари билан келишиб олсалар ёмон бўлмасди.

Агарда Трампнинг антииммиграция сиёсати АҚШда маъқулланадиган бўлса, Марказий Осиё фуқароларининг Америка визасини олиши янада қийинлашади. Минтақа аҳолисининг аксарияти яхши жойда таълим олгани, инглиз тилини билиши, меҳнаткашлиги ва қонунга итоаткорлиги билан мақтанса-да, келиб чиқиши Марказий Осиёдан бўлган фуқаролар томонидан содир этилаётган террорчилик ҳаракатлари бу ҳолатни мураккаблаштиради, холос, дейилади таҳлилий мақолада.

Мавзуга оид