Жамият | 16:33 / 14.02.2019
46275
6 дақиқада ўқилади

Харобаларда ҳали одамлар бор. Фарғона шаҳри ҳокимлиги эса мавзуни ёпди

Январь ойи бошида Фарғона шаҳри марказидаги «Гидролиз» шаҳарчасидаги 1946—1947 йилларда қурилган икки қаватли кўп хонадонли уйларни бузиш бошланиб, бу уйларда яшовчи одамлар ОАВга шикоят қилиб чиққач, шаҳар марказида бўлаётган ишларга кўпчилик эътибор қаратганди.

Аввал ҳам бу масалани ўрганган Kun.uz ижодий гуруҳи жараённинг давомини билиш мақсадида водий сафарини айнан Фарғона шаҳридан бошлади.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Бузилаётган ҳудудга етиб келганимизда ёмғир шаррос қуяётган эди. Қийин шароитда қолган кишилар бизни дарров ўраб олишди.

Келибоқ «бўшатинглар» дейишди

«Бу ерда ҳеч қандай расмий жавоб бўлмаган. Ҳаммаси оғзаки тарзда айтилди. Мен ўзим Москвада меҳнат таътилида эдим. Ўша жойдан келдим. Ҳокимлик томонидан аввалига, «Уй топинглар, лекин қиммат бўлмасин», деган таклифлар берилган эди. Маълум вақтдан сўнг, умуман дараги йўқ бўлиб кетишди. Президентга муаммоимизни ёздик. «Натижаси бўлса керак», деб бемалол юраверганмиз. Ҳокимиятдан ҳеч қанақа ҳужжат келмаган. 2 январда келиб, «Фалончи фалончи жойга кўчади! Нарсаларингизни йиғиштиринг» дейишди. Уйни ҳали кўрмаган ҳам эдик. Бир ҳафта тин олишди-да, 8 январда бузилиш ишлари бошланди. Уларнинг айтишича, ўша ёзда келганлари огоҳлантириш бўлган экан.

Лекин, бирор одам бизга ҳоким қарорини кўрсата олмади. Фарғона шаҳар ҳокими келган эди, унга ҳам шу гапни айтдим. Одамлар янги уйга ҳали кўчиб улгурмасидан уйини бузишни бошлаб юборишгани жуда катта қийинчиликлар туғдирди», - дейди шикоятчилардан бири Светлана Турсунова.

«Ўша куни уйда меҳмонларим бор эди. Қоғоз олиб келишди. «Шу жой сизларники, шу ерга кўчасизлар. Уйларингиз «снос»га тушди, зудлик билан харакатни бошланг, дейишди. Бизга олдин ҳеч қандай қоғоз берилмаган», -дея таъкидлайди Мунира Турсунова.

 

«Ҳолатни ўзингиз кўриб турибсиз. Томни бузиб ташлашгани учун уйимиз шифтидан чакка ўтмоқда. Ҳар қандай вақтда шифт қулаб кетиши мумкин. Биз фақат ўз қонуний ҳаққимизни талаб қиляпмиз. 4 киши яшаймиз. Мен, 88 ёшли онам, набирам ва жияним. Менга эса бир хонали квартира таклиф қилишяпти. Буни қандай тушуниш мумкин? Мен буни масхаралаш сифатида қабул қиламан. 70 йил яшаб ҳаётда кўп нарсани кўрдим. Бундай ҳолатга тушишни ҳеч кимга раво кўрмайман. Биз ўз ҳуқуқларини биладиган одамлармиз. Ахир, Вазирлар Маҳкамасининг 97-қарорида ёзиб қўйилган-ку? Аввал, уй қуриш, унга фуқароларни кўчириш ва кейин уйни бузиш керак. Бизда эса тескариси бўляпти. Аввал бузиляпти, кейин бошқа ишлар қилиняпти», - дейди бузилган уйлардан бирида яшаётган Богдан Бубняк.

«Ҳозир уйимизнинг ярмини бузиб бўлишди. Улар уйда 93 ёшли, I гуруҳ ногирони бўлган онам борлигига ҳам эътибор беришмаяпти. Усталардан бузмасликни сўрасак, «бизга боғлиқ эмас, менга ҳоким ўринбосари ва ички ишлар раҳбарлари буюришяпти» дейди. Прораб (қурилиш иш бошқарувчиси) ҳоким ўринбосарига бу уйни онам борлиги сабабли бузмаслигини айтибди. Улар девор ёриқларини ҳам суратга олишди», -  дейди Татьяна Васильева.

Бузилаётган уйлар оралаб

Мурожаатчилар чорлови билан уйлар ичига кирдик. Очиғини айтиш керак, биз бу жойда кўп вақт қолмаган бўлсак ҳам ҳар дақиқа юрагимиз ҳадикда бўлди. Ҳар қандай вақтда ё том шифти, ёки остимиздаги пол қулаб тушиши ҳеч гап эмас эди.

Уйлар оралаб юрган вақтимизда ёриқлардан иборат ва ҳадемай қулаш арафасида бўлган уйларнинг бирида яшаб келаётган 93 ёшли онахонни ҳам кириб кўрдик. Қизи уйларини кўздан кечиришимизни, ҳолат қай даражага келганини ўз кўзимиз билан кўришимизни хоҳлади.

Шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари бу кишиларнинг дардига қулоқ солиб, рози қилиб кўчириш ҳаракатини қилмаган.

Ҳокимият остонасидаги мавҳумлик

Бузилаётган ва бузилиб бўлган уйларни кўздан кечириб бўлгач, Фарғона шаҳар ҳокимиятига йўл олдик. Бу ҳокимиятга бошқа мурожаатлар сабаб ҳам кўп йўлимиз тушган. Мухбирлар ушбу ҳокимият тўсиқларидан нарига  ўтиши қийин.

Дарвоза олдидаги қўриқчилар учрашув ташкиллаштириб бериш учун аввал «каттакон»ларга қўнғироқ қилишди. Сўнгра, номаълум сабаб туфайли маълум муддат эшик олдида қолдик. Маълум муддат ўтгач, Фарғона шаҳар ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Шарифжон Ниязметов билан эшик олдида кўришишга муяссар бўлдик. Бу киши бизга кўчирилмаган одамлар қолмаганини, ҳеч қандай муаммо йўқлигини маълум қилди ва жуда ҳам шошиб турганини айтди.

Ҳоким ўринбосарининг «муаммо йўқлиги ва бирор одам қолмагани» ҳақидаги сўзларидан кейин ўзимиз ҳам иккиланиб қолдик. Биз бироз аввал арвоҳлар билан сўзлашгандикми? Бузилаётган жойлар шунчаки кўзимизга кўриндими экан?

Аввало, биз Фарғонага бўлаётган муаммоли ҳолатни «кавлаш» учун эмас, бир ойдан бери бутун дунёга овоза бўлаётган «кўчиш» масаласи қандай якун топганини билиш учун келгандик. Оддий аҳоли вакиллари орасида ҳали ҳам муаммоси ҳал бўлмаганлари билан суҳбатлаша олдик. Бироқ мутасаддилар масалага қандай ечим топилгани ҳақида маълумот бермагани бизни ҳайрон қолдирди.

Баҳодир Аҳмедов

Мавзуга оид