Ўзбекистон | 14:23 / 17.02.2019
12226
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 150 минг оилага турар-жой зарурлиги маълум қилинди

Пойтахтда 750 мингга яқин оила истиқомат қилади. Шулардан 150 мингига турар-жой зарур. Бу ҳақда 16 февраль куни ташкил этилган матбуот анжуманида Тошкент шаҳар ҳокимининг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникация ишлари бўйича ўринбосари Даврон Ҳидоятов маълумот берди. 

«2018 йилда 800 минг квадрат метр уй фойдаланишга топширилди. 2019 йилда эса бу кўрсаткич 1 млн. квадратга етказилиши мўлжалланган. Фақатгина турар-жой қурилишига эмас, балки ижтимоий инфратузилма ҳолатини яхшилашга ҳам эътибор қаратмоқдамиз. Ўтган йили 14та мактаб, 11та боғча реконструкция бўлган. Бу йилда эса 64та объектни реконструкция қилишни инвестиция дастурига киритганмиз», — дейди у.  

Тошкент шаҳар ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, саноатни, туризмни ривожлантириш ва хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш масалалари бўйича ўринбосари Шароф Раҳмоновга кўра, жорий йилда 64та меҳмонхона, 50та боғча, 40та тиббиёт муассасаси қурилиши инвестиция дастурига киритилган. 

«Ичимлик суви таъминоти масаласида Франция, асфальт ва кўприк қурилиши бўйича Туркия корхоналари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. Шаҳарни ёритиш, транспорт хизмати, чиқиндилар масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда», — дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, анжуманда Тошкент шаҳри иқтисодиётининг асоси қилиб инвестиция маблағлари белгиланганлиги, 2019 йилда 2,7 млрд доллар инвестиция жалб қилиш режага киритилганлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил апрель ойи якунига қадар ишлаб чиқилиши назарда тутилган Тошкент шаҳри янги бош лойиҳасининг концепцияси устида турк, хитой ва британ компаниялари иш олиб бораётгани маълум қилинганди.

Мавзуга оид