Жамият | 18:19 / 19.02.2019
38453
5 дақиқада ўқилади

​Психотроп моддалар сирасига қандай дори воситалари киритилди?

Фото: Ўзбекистон ёшлар иттифоқи

Гиёҳвандлик — ақлдан озиш, мурдадек яшаш дегани. Бугунги кунда аср вабосига айланган мазкур иллат ёшлар ўртасида кун сайин кенг қулоч ёзиб бормоқда. Агар гиёҳванд моддалар тарихига назар солсак, бундан 600 йил илгари фойдаланилган. ХIХ асрга келиб, унинг тарқалиши тезлашган ва оғриқ қолдирувчи сифатида ишлатилган. ХХ аср бошларида эса дунёнинг кўп давлатларида аҳоли ўртасида авж олиб, касаллик сифатида намоён бўлган. Бу гиёҳванд воситалари қўшни Афғонистонда етиштирилиб, қайта ишланиб, зарурий кимёвий моддалар аралашмаси қўшилиб, қўшни Қирғизистон ва Тожикистон Республикалари орқали яширин ҳолда турли йўллар билан республикамиз ҳудудига кириб келмоқда. Бунинг оқибатида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида гиёҳвандлик иллати илдиз отяпти.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида “Ёшлар — наркотик ва гиёҳвандликка қарши” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси наркотик моддалар устидан назорат қилиш Миллий Маркази, Ёшларга ижтимоий-психологик хизмат кўрсатиш маркази, Тошкент шаҳридаги таълим муассасаларидаги ёшлар етакчилари, малакали психологлар ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.

Мулоқот давомида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар таҳлил қилиниб, салбий иллатларнинг олдини олишда инновацион лойиҳалар ҳамда ёшлар билан ушбу йўналишда индивидуал ишлашнинг долзарб вазифалари тўғрисида фикр-мулоҳазалар юритилди. Шунингдек, ёшларимиз ўртасида наркотикка ва гиёҳвандликка қарши самарали курашишнинг инновацион йўллари ва воситалари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

— Бизга мурожаат қилган аксар ота-оналар фарзандимни бу йўлга кирганини сезмай қолганини айтишади. Буни билмай қолиш мумкин эмас, – дейди Тошкент тиббиёт академияси психиатрия ва наркология кафедраси мудири Зарифжон Ашуров. — Психотроп моддаларни қабул қилаётган ёшлардаги биринчи белги ўқишининг пасайиши, турмуш тарзи ва кайфиятидаги ўзгарувчанлик ҳолатларида кузатилади. Кейинги аломати юз ва кўзларида қизариш, уйқусининг алмашишида билинади. Бу касалликни даволашни қанча эрта бошласак, самараси ҳам шунча яхши бўлади. Даволашда тўғри ёндашув жуда муҳим. Бунда ота-она ва беморнинг яқинлари уни соғлом ҳаётга қайтишига умид уйғота олиши, жамиятга қўшилишига кўмаклашиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ИИББ, Жиноят қидирув бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Сайфулло Аҳмедовнинг таъкидлашича, 2018 йил якунига қадар жами 989 та жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, ушбу жиноят ишлари бўйича 50 килограммдан ортиқроқ турли хилдаги гиёҳванд моддалари далилий ашё сифатида олинган. Шу йил бошидан ҳозирга қадар 121 та гиёҳвандлик билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган. Уларнинг ҳар бири бўйича жиноий иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тадбир қатнашчилари юртимиздаги ёшлар ўртасида гиёҳвандликка қарши курашиш ойлиги иш-режаси билан яқиндан таништирилди. Ёшлар ҳаётида оммавий маданият таъсири, гиёҳванд воситаларнинг тарқалишига қарши курашиш масалалари муҳокама этилиб, амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.

Шу билан бирга, психотроп моддалар инсон руҳиятига қаттиқ таъсир этиши, уни тинчлантирувчи модда сифатида асосан тиббиётда қўлланилиши ҳақида тўхталиб ўтилди. Психотроп моддалар сирасига трамадол, лирика, бакласан, самнол, диазепам, сибазол, валиум, феназенам каби дори воситалари киритилди.

— Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда Республика наркотик моддалар устидан назорат қилиш бўйича давлат комиссияси аъзолари ўртасида “Ёшлар орасида гиёҳванд воситаларнинг тарқалишига қарши кураш” тезкор профилактик тадбирини ўтказиш бўйича қўшма-режа тасдиқланди. Бугун ҳамкорлик асосида мазкур давра суҳбатини ташкил этдик – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бош мутахассиси Шарофиддин Хонимов.

Суҳбат якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Талаба ёшлар билан олий таълим муассасаларида жамоатчилик асосида “Мобил” ва “Профилактика” жамоатчилик гуруҳларини шакллантиришга келишиб олинди.

— Ҳозирда Афғонистондаги гиёҳванд моддалар захираси бутун дунёни 10 йил давомида таъминлашга етарли даражада кўп, – дейди Ўзбекистон Республикаси наркотик моддалар устидан назорат қилиш Миллий Маркази масъул ходими Мирзабой Утиниязов. — Биз бу моддаларни юртимизга кириб келишини олдини олиш учун бирлашиб ҳаракат қиляпмиз. Гиёҳвандликка қарши курашиш давомида таркибида гиёҳванд моддалари бўлган ўсимлик турларини Ўзбекистонга олиб кириш ва бу ҳудудда ўстириш ҳолатларини назоратга олганмиз. Гиёҳвандларни ўз вақтида аниқлаб, уларни даволанишга жалб этяпмиз. Давлат чегаралари орқали гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга ҳам тўсиқ яратилган. Кейинги олдимизда турган вазифалар ёшларни гиёҳвандликнинг аянчли оқибатларидан огоҳ этишга қаратилган профилактик тадбирлар ўтказиш ва бу иллат кўчасига кириб қолганларни соғлом ҳаётга қайтаришдир.

Шаҳноза Нуруллаева

Мавзуга оид