Жаҳон | 23:57 / 19.02.2019
15341
2 дақиқада ўқилади

Спортчи одам қутқариш учун 2 тонналик автомобилни жойидан қўзғатди

Фото: Ryan Belcher`нинг фейсбук саҳифаси

АҚШнинг Ипсиланти аҳоли пунктида пауэрлифтинг билан шуғулланувчи спортчи автомобилни жойидан қўзғатиб, у босиб қолган одамни қутқарган. Бу ҳақда Fox News телеканали хабар берди.  

29 ёшли Райан Белчер иш куни охирида қаттиқ шовқин овозини эшитиб, нима юз берганини билиш учун ташқарига югуриб чиққанда, йўл-транспорт ҳодисасидан кейин ағдарилиб ётган Jeep Cherokee машинасини кўрган. Унинг остида бир одам ётган бўлган. Жабрдийданинг пастки қисми машина салонида бўлган, юқори қисми эса машина ва йўл белгиси ўртасида сиқилиб қолган бўлган.   

“Мен келганимда, у ерда 4 киши бор эди. Улар машинани жойидан силжитишмоқчи бўлишган, бироқ бундан ҳеч нарса чиқмаслиги кўриниб турарди”, деб эслаган воқеани Белчер. Шунда пауэрлифтер бу вазиятда машғулотлар вақтида эгаллаган малакалари асқотишини англаган. Спортчининг таъкидлашича, у 400 кгдан оғирроқ штанга билан ўтириб тура олади.

Натижада Белчер машинани жойидан қўзғатиб, жабрланувчини озод қилишга муваффақ бўлган. Жабрланувчи жиддий жароҳатлар олганига қарамай, омон қолган. Машина ичида бўлган яна бир аёл йўловчи шифохонага етказилган.

 

Мавзуга оид