Спорт | 17:34 / 19.02.2019
8020
4 дақиқада ўқилади

Умид Аҳмаджонов: «Ўзбекистонни футбол фабрикасига айлантиришимиз керак»

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Ўзбекистонда футбол академиялари ўзлари тарбиялаган футболчиларни сотиш орқали ўз харажатларини қоплаши ва даромад олиши лозим, деб ҳисоблайди ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов. У бу ҳақда бугун, 19 февраль куни Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтган йиғилишда айтиб ўтган.

«Иқтидорларни тарбиялаш орқали Ўзбекистонни футбол фабрикасига айлантиришимиз лозим. Тарбияланган футболчиларни сотиш орқали академиялар ўзини қоплаши ва даромад кўриши керак. Ишлаб топилган маблағ орқали ҳудудда футболни янада ривожлантириш мумкин бўлади. Биз биргаликда ана шу тизимни яратиб олишимиз лозим. Режалар ҳар бир вилоят учун алоҳида ишлаб чиқилади», – деган Аҳмаджоновнинг сўзларини келтирмоқда қўмита матбуот хизмати.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Йиғилишда вилоят футбол федерациялари ва футбол академиялари раҳбарлари иштирок этган ҳамда ўз вилоятларида футболни оммалаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот беришган. Шунингдек, мажлисда академиялар фаолиятини ривожлантириш, мураббийлар малакасини ошириш, мухлисларни стадионга жалб қилиш ва бошқа масалалар кўриб чиқилган.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

«Футбол академиялари футболчини 17 ёшгача тарбиялаб, ўқитиб, унга футбол сир-асрорларини ўртагатади. Кейинчалик бу футболчи сотиладиган бўлса, академиялар бундан ҳеч қандай манфаат кўрмайди. Бу нотўғри. Тарбияланувчилар билан тузиладиган шартномаларда кейинчалик футболчи сотиладиган бўлса, трансфер нархидан маълум қисми уни тарбиялаган академияга тушиши керак. Бу пуллар академия ривожи учун сарфлаб борилади. 

Шунингдек, болалар футболини ривожлантириш, жойларда футболни ривожлантириш учун ҳам ҳар бир вилоят алоҳида режа тузган ҳолда иш олиб бориши керак. Чунки ҳар бир вилоятнинг ўзига хос шароити бор. Маҳаллаларда футбол майдонлари қурилиши бўйича ҳам ЎФА Футболни ривожлантириш департаменти ва «Маҳалла» жамғармаси билан биргаликда иш олиб бориш зарур», - деган Умид Аҳмаджоновдан иқтибос келдирди ЎФА расмий сайти.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Бундан ташқари, вилоят футбол ассоциациялари вице-президентларига янги футбол мавсумига жиддий тайёргарлик кўриш бўйича ҳам топшириқлар берилган. Суперлигада қатнашаётган клублар стадионларда барча шароитларни яратишлари зарурлиги, футбол томоша қилишга ташриф буюрадиган мухлислар стадионда ҳақиқий ҳордиқ чиқариб, футбол учрашувини томоша қилишлари, таом ва ичимликлар савдосини йўлга қўйиш, барча ёшдаги мухлислар учун қулайликлар яратиш, оилавий секторлар ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинган. Шунингдек, стадиондаги мухлислик маданиятига риоя қилиш, ўйин давомида сўкиниш, ҳакам ва футболчиларни ҳақорат қилиш каби салбий одатларга барҳам бериш зарурлиги таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта академия бўйича талабларни бажармагани учун 7та клуб Суперлигадан четлатилиши мумкинлигини хабар қилинганди. ПФЛ маълумотига кўра, «2018 йилда натижа кетидан қувиб, юлдуз футболчилар учун катта чиқимлар қилган, аммо ўз футбол академиясини ташкил қилиб улгурмаган» «Локомотив», «Пахтакор», ОКМК, «Металлург», «Бухоро» ва «Қўқон-1912» клублари чемпионатга қўйилмаслиги мумкин.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид