Футбол майдонида – уч ёшли болалар. Footweek'да болалар футболи ҳақида сиз билмаган жиҳатлар
Tribuna.uz'нинг FootWeek лойиҳаси ўз томошабинларини футбол ичкарисига олиб киришда давом этади. Муаллиф кўрсатувнинг бу сонида омма эътиборидан бироз четда бўлган мавзулар – болалар футболи ва футзалга тўхталди.
Илк мавзу – болалар футболи. Аниқроғи, болалар футболининг муаммолари ва ҳолати эмас, балки локал ҳолат ва жой ҳақида лавҳа қилинган.
Катта ёшлилар билишадики, болани футболга 6–7 ёшдан бериш керак, деган тушунча мавжуд. Бироқ болага футбол сир-асрорларини 3 ёшданоқ ўргатиш мумкинлиги кўпчилик учун янгилик бўлса керак. Шу ёшданоқ болакайларни футбол мактабига олиб бориб, тўп билан муомала қилишни ўргатиб бориш мумкин экан.
«Pakhtakor Kids» болалар футбол мактаби асосчиларидан бири, собиқ футболчи Сергей Рекун билан интервью шу мавзуда анча қизиқ жиҳатларни очиб берган.
«Мактабимиз очилганига 1 йилча бўлиб қолди. Темур Яфаров ва мен бу мактаб иш юритувчиларимиз. «Пахтакор» клуби раҳбариятига биз шундай мактаб очиш ва клуб академиясига футболчиларни етказиб бериш таклифини бердик. Улар рози бўлишди.
Болаларни 3 ёшдан футболга олиб борса бўлади, ҳа. Футбол ўзгармоқда. Европадан андоза оламиз, Россияда болалар футболи ва мактаблар қандай иш юритишини ўрганамиз. Замон ўзгармоқда, футбол жадаллашмоқда, янгиликлар киритилмоқда. Биз ҳам шу яхши ва янги жиҳатларни татбиқ қилишга уриняпмиз.
Энг ёш болаларни ўргатиш учун бирмунча бошқачароқ ёндашув лозим. Бу ёшда болалар ўйинқароқ бўлишади. Шунинг учун мураббийлар аввало педагог бўлишлари лозим. Биз мураббийлар танлашда айнан сабрли, профессионал мутахассисларга эътибор қаратганмиз.
Ва мураббийлар доимий тарзда малакаларини ошириб туришади, ўз устларида ишлашади. Мураббийлар – асосан собиқ футболчилар. Клецков, Цой, Пуришкин, Яфаров ва ҳоказо.
Дейлик, сиз ўғлингизни мактабимизга олиб келдингиз. Ёш болакай Клецков ким, Яфаров ким – танимайди. Клецков Ўзбекистоннинг 6 карра чемпиони экани, қай клубда ўйнаганининг унга фарқи йўқ, унга аввало таянч, суянч керак. Мураббийларимиз унинг учун отадек бўлишлари лозим.
Энг ёш гуруҳидаги болакайлар билан фақат футбол эмас, турли ўйинлар ўйнашади, машғулотлардан сўнг уларда стимулни ошириш учун турли ўйинчоқлар ва Панини стикерлари билан қизиқтирамиз. Бизга фарзандини олиб келаётган ота-она унинг соғлом, ақлли бўлиб ўсиши, жароҳат олмаслиги, машғулотлар жараёни доим қизиқ бўлиши борасида ишончи комил бўлади.
Масалан, залда дарвозачаларга эътибор бердингизми? Уларнинг устун ва тўсинлари юмшоқ материалдан. Темир устунли дарвозаларни ишлатмаймиз. Болалар жароҳатланмаслиги учун шунга мос инвентарлар билан таъминлаймиз. Тўплар ҳам айнан болалар учун: 3 ва 4-ўлчамли енгилроқ тўпларни тепишади.
Ўйинларда, машғулотларда болакай гол ургач нима қилади? Хурсанд бўлади. Аммо кўплаб мураббийлар фақат футбол ўйнашни, тўп билан муомала қилишни ўргатишади-ю, бошқа нозик жиҳатларга эътибор беришмайди. Болакай гол ургач, голни нишонлаши керак. Биз мана шу деталларига ҳам эътибор берамиз. Голни хурсанд бўлиб, қийқириб нишонламагунча, мураббийларимиз ўйинни давом эттиришмайди. Эмоциялар бу ёшдаги болакайлар учун зарур. Гол урди, маза қилди, бундан сиз ҳам маза қилдингиз, кайфият зўр, уйга бордингиз, аёлингиз ва бошқа оила аъзоларингизга айтиб берасиз, яхши кайфият уларга ҳам юқади ва бу занжир реакцияси фақат яхшиликка хизмат қилади.
Болажонлар эртага катта бўлишса, эҳтимол, профессионал футболчи бўлишмас, аммо ўзларига ишонган, киришимли, мулоқот учун очиқ, хушчақчақ бўлиб ўсишлари ва келажакда ҳаётда муносиб ўрин топишлари зарур ва бу учун биз ҳам ҳиссамизни қўшамиз.
Бу ерга «Пахтакор»дан профессионал футболчилар келиб туришади, мастер-класс ўтишади, болалар билан ўйнашади, уларга сабоқлар беришади. Мана, мисол учун, бугун «Пахтакор» сардори ва миллий жамоа ҳимоячиси Егор Кримец келди. Аввалроқ Машарипов болакайлар билан учрашганди. Уларнинг ўзлари ҳам қизиқишади бу жараёнга. Жаъфар Ирисметов, Драган Черан, Игнатий Нестеров ўғилларини олиб келишади бу ерга.
Бошланишида «Пахтакор» клуби бизга ёрдам берди. Энди эса ўзимизни ўзимиз таъминлаяпмиз. 12 мураббий, 130 нафар атрофида болалар шуғулланишади. Тўлов – ойига 450 минг сўм. Бу – хусусий мактаб», – дейди Сергей Рекун.
Кўрсатувда футзал мавзусига ҳам эътибор қаратилди. Ўзбекистон миллий жамоаси навбатдаги йиғинида Қирғизистон ва Тожикистон миллий жамоаларига қарши ўйинлар ўтказди.
Футзалчиларимиз жойлашган меҳмонхонадан бошланган саёҳатимиз улар ўтирган автобусда давом этди ва «Бунёдкор» футзал майдонида якунига етди. Бош мураббий Баҳодир Аҳмедов билан интервьюни ҳам томоша қилишингиз мумкин.
FootWeek сизни футбол ичкарисига олиб киришда давом этади.
Бобур Акмалов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳаммаджон Ғаниев.
Мавзуга оид
23:10 / 11.10.2024
ФИФА рейтинги. Ўзбекистон футзал миллий жамоаси ЖЧ-2024дан кейин 10 поғона пастлади
16:42 / 08.10.2024
Ўзбекистон футзал жамоаси бош мураббийи билан тузилган шартнома якунланди
13:19 / 07.10.2024
Инфантино ва «футзал Пелеси» келган, Бразилиянинг омади чопган финалдан эксклюзив фотожамланма
21:53 / 06.10.2024