Жаҳон | 08:16 / 20.02.2019
46315
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистон ва Қирғизистонда сотувда “резина” тухумлар пайдо бўлди (видео) 

Қозоғистоннинг Усть-Каменогорск шаҳрида сотувда антиқа товуқ тухумлари пайдо бўлди. Бу ҳақда Instagram’даги oo_osa_semey_vko саҳифасида жойлаштирилган видео муаллифи хабар берди.

“Бугун ишда Хитойдан келтирилган пластмасса тухумларни кўрсатишди. Энди Қозоғистонгача ҳам етиб келибди. Улар столда “ванька-встанька” каби рақс тушади. Тухумни ёриб кўрсак, ичидан гель чиқди. Қайнатганингда тухум каби оқаради. Эҳтиёт бўлиб сотиб олинг”, деб огоҳлантирмоқда кадр ортидаги овоз. 

 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 

Усть Каменогорск

Публикация от Общественное Объединение ОСА (@oo_osa_semey_vko)

Бундан аввалроқ Қирғизистон ижтимоий тармоқлари ва мессенжерларида Ўш шаҳридан бўлган эркак бозорда ичидаги сариғи “резина”дан бўлган қалбаки тухумлар сотиб олганини таъкидлаган видео тарқалган. 

“Бир қарашда ҳақиқий тухумларга ўхшайди. Агар ичига қарасангиз, худди резина каби. Хитойда ишлаб чиқариладиган бундай тухумлар Ўшда ҳам сотила бошланибди. Балки бу ҳолат аввалроқ бошлангандир? Еб юриб, билмагандирмиз. Мана қаранг – резина. Тухум ахир бундай бўлмайди-ку. Эҳтиёт бўлиб харид қилинг”, деб огоҳлантирган бу эркак ҳам.

Kaktus.media таҳририяти Қирғизистон паррандачилик уюшмаси раҳбари Рустам Осмоналиевдан бозорда бундай тухумлар қаердан олингани ҳақида сўраган. Осмоналиевнинг айтишича, бу тухумлар Ўзбекистондан келтирилган бўлиши мумкин.

“Биз бир неча маротаба, жумладан ОАВ орқали ҳукуматга Ўзбекистондан тегишли ветеринар ҳужжатларсиз, келиб чиқиш сертификатларисиз бўлган контрабанда тухумлари келтирилаётгани ҳақида мурожаат қилганмиз. Давлатимизда Ўзбекистондан контрабанда бошланиши билан бозорларимизда мана шундай тухумлар учраб турмоқда”, деб айтган мутахассис. 

Амалдор нима учун тухумнинг сариғи резинка каби кўринишда эканлиги ҳақидаги саволга, бунга тухумларнинг музлатгичларда узоқ сақлангани сабаб бўлиши мумкинлигини айтган. “Маҳсулот айнимаслиги учун баъзи ишлаб чиқарувчилар уни музлатишади. Иккинчи тахмин, бу тухумлар ҳақиқатан ҳам ё Ўзбекистонда, ё Хитойда ишлаб чиқарилган сунъий тухумлардир”, деб қўшимча қилган Осмоналиев.

“Бизда ветеринар назорат бўлмаган бир нечта чегара пункти мавжуд. Айнан шу пунктлар орқали “ташмачилар” қўл багажи орқали 75 мингтагача тухум олиб киришлари мумкин. Бу маҳсулот Евросиё иқтисодий иттифоқи ветеринар меъёрлари, техник регламентига мувофиқ келмайди, у истеъмол учун хавфли”, деб айтган мутахассис.

 

Мавзуга оид