Спорт | 19:20 / 21.02.2019
42324
2 дақиқада ўқилади

«Ҳумо» аренаси тайёр бўлмоқда. Бу ерда Наврўз байрами тантаналари ўтказилиши мумкин

Тошкентдаги «Ҳумо арена» кўп функцияли спорт мажмуаси шу йилнинг март ойида очилиши ва унда Наврўз байрами тантаналари бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиевга асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Ҳумо Арена» ҳақиқатан ҳам халқаро стандартларга жавоб беради. Бу ерда турли спорт мусобақаларини ўтказиш мумкин. Раҳбаримиз (Президент назарда тутилмоқда - таҳр.), насиб бўлса, Наврўз байрамини ўша ерда нишонлаймиз, деганлар. Арена шундай тадбирлар учун ҳам мўлжалланган», – деган Дилмурод Набиев бугун вазирликда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Мажмуанинг март ойида фойдаланишга топширилишини ҳафта бошида Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов ҳам тасдиқлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, Афросиёб ва Бешёғоч кўчалари кесишувидаги 9 гектар майдонда қурилиш ишлари 2017 йилнинг февралида бошланган эди. Мажмуа ўлчамлари 60×30 метр бўлган иккита - асосий ва машқ муз ареналаридан иборат бўлиб, 4 қаватли бино умумий майдони 74 минг квадрат метрни, баландлиги эса 36 метрни ташкил этади.

Муз саройи 12,5 минг ўтириш жойларига эга ва концерт зали сифатида ўн минг, спорт мусобақалар ўтказиш зали сифатида эса 14 минг томошабинга мўлжалланган. Асосий бинода 300 ўринлик машқ аренаси ҳам лойиҳалаштирилган.

Мавзуга оид