Жаҳон | 08:53 / 24.02.2019
36102
2 дақиқада ўқилади

Молдова президенти кортежига автомобил урилди (видео) 

Фото: Facebook/Poliția Republicii Moldova

22 февралда Молдова президенти Игорь Додон кортежидаги автомобиллардан бирига қарама-қарши йўналишдан бир автомобил чиқиб урилди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди. 

Додоннинг айтишича, тўқнашув оқибатида ҳеч ким жабрланмаган.

“Мен туманлардан бирига ишчи сафар билан кетаётгандим. Қарама-қарши йўналишга бир автомобил чиқиб, автомобилим ортидан келаётган кузатувчи автомобилга урилди. Ҳеч ким жабрланмади, тўқнашув тафсилотларини полиция аниқлаштирмоқда”, деб айтган Додон.  

ОАВ маълумотларига кўра, бундан аввалроқ Додон унга суиқасд тайёрланаётгани ҳақида аноним мактуб олган. Мактубда Молдова парламенти демократик партияси етакчиси Владимир Плахотнюк парламент сайловларидан кейин президентни ўлдиришни режалаштираётгани айтилган. Мактуб сўнгида Додондан “Молдованинг Жон Кеннедиси” қилишмоқчилиги айтиб ўтилган (АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннеди 1963 йил 22 ноябрда Далласда отиб ўлдирилган).

Додоннинг ўзи барча ҳамкасблари, дўстлари ва тарафдорларининг сайловлар олдидан йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ турли гаплар тарқатмасликка чақирди.

Додон 2018 йил сентябрда ҳам шунга ўхшаш автофалокатга учраганди. Ўшанда қарама-қарши йўналишдан юк машинаси чиқиб, Молдова президенти машинаси ва унга ҳамроҳлик қилувчи машиналардан бирига урилган. Оқибатда президент машинаси тўнтарилиб кетганди. Машинада президентдан ташқари унинг онаси бўлган. Додон ўзи, онаси ва тансоқчилари жароҳат олганига қарамай, ҳайдовчига эътирозлар билдирмаган.

Ўшанда бу автофалокат атрофида баҳслар авж олган. Шунингдек, суиқасд версияси истисно қилинмаган: бу версия тарафдорларининг таъкидлашича, юк машинаси президент  кортежи йўлига кутилмаганда чиқиб, айнан президент кетаётган лимузинга урилган. Бир қатор депутатлар ва сиёсатчилар йўл-транспорт ҳодисасининг тафсилотларини халқаро мутахассисларни жалб қилган ҳолда аниқлаштиришни талаб қилишганди.

Молдовада парламент сайловлари бугун, 24 февралда бўлиб ўтади. У илк бор аралаш сайлов тизими бўйича ўтказилади.

Мавзуга оид