Ўзбекистон | 15:58 / 24.02.2019
34553
3 дақиқада ўқилади

Мубин Мирзаев: «Камерал назорат – текширувнинг бир тури»

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев солиқ органлари томонидан камерал назоратнинг ўрнатилишига муносабат билдирди. У бу ҳақда Kun.uz'га берган интервьюсида гапириб берган. Унинг айтишича, камерал назорат солиқ органларида маълумотлар базасини тўғри шакллантиришга ёрдам беради.

– Ўзбекистонда 2019 йил мажозан хуфёна иқтисодиётга қарши курашиш йили, деб айтилмоқда. Солиқ органи вакили сифатида бу йўлда нималар қилишимиз керак деб ўйлайсиз?

– Ҳозир Туркия ва Жаҳон банки мутахассислари билан импортда қандай ҳужжатлар бўлиши кераклиги тўғрисида батафсил ўрганяпмиз. Ишлаб чиқарувчида, корхонани рўйхатдан ўтказишда, маҳсулотни ташувчи транспортда бўлиши керак бўлган ҳужжатларни қараб чиқяпмиз. Мақсадимиз ишлаб чиқарган маҳсулотни қонунлаштириш ва солиқ базасини тўлиқ шакллантириш. Шунга асосан қисқа, ўрта ва узоқ муддатли стратегия ишлаб чиқяпмиз. У 4та йўналишда иш олиб боряпти: солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш, уларни назорат қилиш, солиқ тизимларининг таркиби, кадрлари қандай бўлиши, солиқ сиёсати қандай ташкиллаштирилиши.

– Тизимдаги камерал назорат нима ва унинг мақсадлари қанақа?

– Бу текширувнинг бир усули. Дунёда қарийб барча давлатларда мавжуд тизим бўлиб, бу орқали биз аниқ ҳисоботларни билиб оламиз. Камерал назорат ходимлари ишлаб чиқарувчи қанча солиқ тўлаши керак, қанча қисмини тўлади, қанча тўламади саволига аниқ жавоб бериши, ҳисоботни яширмаслиги шарт. Албатта, биз дастлабки ярим йилликда тушунтириш ишларини олиб борамиз.

– Ўзбекистон келгусида солиқ ислоҳотларини амалга оширишда Грузия тажрибасидан фойдаланадими? Агар фойдаланса, бу бизда қандай самара беради?

– Ҳар бир давлатнинг ўзига хос хусусияти бор. Шу сабаб биз барча давлатни ўрганамиз. Бироқ ички, миллий, халқимизга қулай услубни ўзимиз яратамиз. Биз олдимизга солиқ органлари тадбиркорларга, ишлаб чиқарувчиларга маслаҳатчи, кўмакчи ташкилот бўлиши керак деган мақсадни олдимизга қўйдик. Солиқ ташкилотларида ишлайдиганлар одамларни қўрқитиши эмас, ўзи чин дилдан уларнинг оғирини енгил қилишга ҳаракат қилиши керак. Солиқ қўмитаси қошида ҳудудлараро солиқ тўлаш инспекцияси ташкил қиляпмиз. Бу инспекция 500 йирик корхонага солиқ масалалари бўйича хизмат, маслаҳат ва тушунтириш ишларини олиб боради. Агар у ўзини оқласа, ўрта (вилоятларда) ва кичик (туманларда) шундай марказ ташкиллаштирилади. Ҳар қандай корхона саволи юзасидан кимга мурожаат қилишни билиши керак.

Мубин Мирзаев билан интервьюни тўлиқ шаклда қуйида томоша қилишингиз мумкин. 

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Мавзуга оид