Жаҳон | 23:00 / 24.02.2019
30923
5 дақиқада ўқилади

«Россия озод бўлади!» Москвада Немцов хотирасига ўтказилган маршдан репортаж

Фото: Reuters

Москвада, Санкт-Петербургда ва Россиянинг бошқа шаҳарларида 4 йил муқаддам ўлдириб кетилган мухолиф сиёсатчи Борис Немцовни хотирлаш маршлари ўтказилди.

Қаторасига тўртинчи йил ўтказилаётган марш ва митингларда бу йил ҳам минглаб кишилар иштирок этди. Полиция маълумотига кўра, Москва марказидаги митингга 6 минг нафардан ортиқ киши келган. Фаолларнинг айтишича эса, акцияда 10 мингдан ортиқ киши қатнашган. Акция ҳеч қандай кўнгилсизликларсиз ўтган ва ҳеч ким ҳибсга олинмаган. 

Фото: Андрей Любимов / РБК

Митингга чиққанлар «Қаҳрамонлар ўлмайди! Россия озод бўлади!» ёзувлари туширилган улкан плакатни кўтариб кўчалардан ўтишди. Шунингдек, уларнинг қўлида Россия байроқлари, турли мухолиф ҳаракатларнинг байроқлари (ўнлар ҳам, сўллар ҳам), Борис Немцовнинг портретларини кўриш мумкин эди. Улардан бири ҳатто Европа Иттифоқи байроғини кўтариб олганди. Плакатлардан бирида шундай ёзилганди: «Немцов кўприги —у шу ерда ўлдирилгани учун эмас, у шу кўприкда кўп сайр қилгани учун». Яна бир плакатда «У бизнинг келажагимиз учун курашган» дея ёзилган.

Фото: Андрей Любимов / РБК

Намойишчиларнинг қўлларида сиёсий маҳбусларнинг ва ҳалок бўлган фаолларнинг портретлари ҳам бор эди.

Фото: Влад Докшин / «Новая газета»
Фото: Влад Докшин / «Новая газета»

Москвада маршчиларнинг биринчи қаторларида Алексей Навальний, Геннадий Гудков, Дмитрий Гудков, Владимир Лев Понамарёв, Владимир Рижков, Владимир Кара-Мурза, Валерий Цатуров, Михаил Касьянов, Григорий Явлинский ҳамда Илья Яшинни кўриш мумкин эди.

Алексей Навальний рафиқаси Юлия ҳамда укаси Олег билан
 Фото: Влад Докшин / «Новая газета»
Григорий Явлинский
Фото: Андрей Любимов / РБК
Михаил Касьянов
Фото: Андрей Любимов / РБК
Валерий Цатуров
Фото: Андрей Любимов / РБК
Лев Понамарёв
Фото: Андрей Любимов / РБК

«Медуза» митинг вақтидаги бир воқеани келтиради.

«Россия бир куни озод бўлади!» — маршда кетаётганлар шиори эшитилади.

— Қачон? — дейди 70 ёшлардаги аёл.

— Ҳа ҳеч қачон! — қўшилади унга ҳамроҳ тенгдоши.

— Лекин, биз умид қилишимиз мумкинку? — дейди унга жавобан 20 ёшлардаги қиз.

— Биз қариб чириб кетамиз, — дейди пенсионерка.

— Келинг, митингларда чириймиз, — дейди киноя билан қиз.

Митинг вақтида энг кўп янграган шиорлар «Путинсиз Россия»,  «Бизнинг исмимиз — Борис Немцов» ва «Путин —ўғри» шиорлари бўлган.

Борис Немцов 2015 йилнинг 28 февраль кунига ўтар кечаси Москва шаҳри марказида, Кремль яқинида, Большой Москворецкий мостида отиб кетилганди. Унга орқа тарафдан бир неча бор ўқ узишган.

Бу воқеадан бир неча кун ўтиб қотилликни содир этишда гумонланган 5 нафар чеченистонлик қўлга олинади. Кейинроқ уларнинг барчаси айбига иқрор бўлади ва 11 йилдан 20 йилгача бўлган муддатларга қамалади.

Сиёсатчига ўқ узган деб топилган Заур Дадаевга 20 йил берилади, унга ҳамроҳ бўлган Анзор ва Шодид Губашевлар, Тамерлан Эскерхонов ҳамда Ҳамзат Бахоев турли муддатларга қамалади. Жиноий гуруҳнинг олтинчи аъзоси Беслан Шаванов 2015 йилнинг 7 мартида қўлга олиш вақтида ҳалок бўлганди.

Расмий талқинга кўра, Немцовнинг қотиллиги диний нафрат жинояти дея баҳоланган. Тергов «Севар» батальони офицери Руслан Мухудиновни қотиллик ташкилотчиси ва буюртмачиси деб топган, у халқаро қидирувга берилган.

Немцовнинг қариндошлари ҳисоблашича, «Север» батальони қўмондони ўринбосари, Россия думаси депутати Адам Делимхановнинг қариндоши Руслан Геремеевнинг ҳайдовчиси бўлган Руслан Мухудинов бу қотилликни ўзи ташкиллаштира олмасди.

Улар Геремеевнинг қотилликка алоқадорлигини текширишни талаб қилишган, аммо у терговга жалб этилмаган, айни вақтда қидирувга берилган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид