Спорт | 14:52 / 26.02.2019
6721
2 дақиқада ўқилади

Брендан Рожерс АПЛга қайтди

Фото: Getty Images

«Селтик» бош мураббийи Брендан Рожерс клубни тарк этиб, «Лестер»да худди шу лавозим эгасига айланди. Инглиз ОАВда тарқалган ушбу маълумот ҳозирча расман тасдиқланмади.

Маълумотларга кўра, шотланд клубини Рожерснинг ўрнига мавсум охирига қадар Нил Леннон бошқариб туради.

«Лестер» 24 февраль куни бош мураббий Клод Пюэль истеъфосини маълум қилганди. Шундан сўнг кеча вакант лавозимга Рожерсдан ташқари Бельгия терма жамоасининг амалдаги бош мураббийи Роберто Мартинес ва «Ньюкасл»ни бошқараётган Рафаэль Бенитес номзодлари кўриб чиқилаётгани хабар қилинганди.

Брендан Рожерс 2016 йилда «Селтик»ни қабул қилгунга қадар 2012-2015 йилларда «Ливерпуль» бош мураббийи сифатида фаолият юритган. Ундан аввалроқ «Суонси», «Ридинг» ва «Уотфорд» клубларини бошқарган; «Челси»нинг ёшлар жамоасига устозлик қилган.

46 ёшли мутахассис «Селтик»да муваффақиятли ишлаб келаётганди: у жамоани уч йилда икки маротаба Шотландия Премьер-лигаси, икки маротаба мамлакат кубоги ғолиблиги сари бошлаб борди; кетма-кет уч марта Шотландия Лига кубогини қўлга киритди.

«Лестер» АПЛда 27-турдан кейин 12-ўринда боряпти. Клуб эртага, 27 февраль куни навбатдаги турни ўз майдонида «Брайтон»га қарши ўтказади.

Мавзуга оид