Ўзбекистон | 16:00 / 27.02.2019
71689
4 дақиқада ўқилади

«Қийноқлар тугаган». «Жаслиқ» маҳкуми билан учрашув ҳақида

Фото: Абдураҳмон Ташанов

25 февраль куни Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов «Жаслиқ»қа бориб маҳкум Искандар Худойберганов билан учрашди. У Kun.uz мухбири билан суҳбатда учрашув тафсилотлари ҳақида айтиб берди.

«Искандар Худойберганов билан учрашиш учун билдирилган мурожаат пайсалга солинмай, ўз вақтида кўриб чиқилди. Мен учрашувни белгилашда қийинчиликларга дуч келмадим. Худойберганов билан суҳбатимиз тахминан 40 дақиқа давом этди», – дейди инсон ҳуқуқлари фаоли. 

Фото: Абдураҳмон Ташанов

1974 йилда Тошкент шаҳрида туғилган Искандар Худойберганов 2002 йил 28 ноябрь куни Тошкент шаҳар суди томонидан Жиноят кодексининг 155-моддаси 3-қисми («Терроризм»), 156-моддаси 2-қисми («Миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш»), 159-моддаси 4-қисми («Ўзбекистон Республикаси Конституциявий тузумига тажовуз қилиш»), 161-моддаси («Қўпорувчилик»), 242-моддаси 2-қисми («Жиноий уюшма ташкил этиш»), 247-моддаси 3-қисми («Ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш»), 248-моддаси 1-қисми («Қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш»)да кўзда тутилган жиноятларни содир этишда айбланиб ўлим жазосига ҳукм қилинган, кейинроқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди ажримига асосан ҳукм ўзгартирилиб, 25 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Худойберганов белгиланган жазони Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/71-сонли («Жаслиқ») муассасасида ўтамоқда. 

Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, маҳкумга нисбатан қийноқлар ишлатилаётгани, унинг соғлиғи оғирлашиб, яшаш шароити қийинлашгани каби асоссиз тарқатилган хабарлар учрашувда ўз тасдиғини топмади. 

Фото: Абдураҳмон Ташанов

«Худойберганов сўнгги икки йилда умуман қийноқлар қўлланилмаётгани, унга нисбатан куч ёки босим ишлатилмаганини билдирди. Мен унинг сўзларига шунчаки ишонмадим, барча тафсилотларни бирма-бир сўрадим. Менинг назаримда, у ҳақиқатан ишончли гапирди. Овқатланиш рационини тасвирлаб беришини сўрагандим, алдамай, ростини айтди. Масалан, учрашувга қадар шўр бодринг, пиширилган лавлагидан салат, гречка, тухум ва перловкадан пиширилган овқат берилганини айтди. У кўпгина нон ўртага тўғраб қўйилганини айтди», – дейди Абдураҳмон Ташанов.

Аввалроқ, Ички ишлар вазирлиги гўёки И.Худойбергановнинг аҳволи оғирлашгани ҳақида тарқалган хабарни рад этиб, муносабат билдирганди. 

«Унинг соғлиги қониқарли даражада бўлиб, стационар ёки амбулатор тартибда даволанишга муҳтож эмаслиги, у барча маҳкумлар қатори жазо муддатини ўтаётганлиги билдирилган», – дейилади ИИВ муносабатида.

Ташановнинг таъкидлашича, маҳкум тишларини даволаган, шунингдек, простата бези касаллигига қарши муолажа олган. 

«Албатта, унинг тиббий касалликлар варақасини кўрмадим, аммо тишлари ўртамиёна янги қўйилганига гувоҳман. Унинг аҳволи ётиб даволанадиган бемор ҳолида эмас. Мен кўп йиллик тажрибамга асосланиб айтишим мумкинки, Искандар Худойберганов ҳақиқатни яширмай, рост гапни айтди. Унинг ёлғон гапиришдан мақсади ҳам йўқ, узоқ муддатга озодликдан маҳрум этилган шахс очиқ гапларни айта олади», – деб қўшимча қилди Ташанов. 

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси маълум қилишича, маҳкум жазонинг 2/3 қисмини ўтагани ва бошқа важларни келтириб, Олий судга ариза билан мурожаат қилган.

Мавзуга оид