Фан-техника | 09:39 / 01.03.2019
15228
2 дақиқада ўқилади

Tesla Model 3’нинг энг арзон модели сотувга чиқди

Фото: Tesla

Tesla компанияси 1 март куни Tesla Model 3 седанининг 35 минг доллардан сотилиши бошланишини эълон қилди. Компания бу нархга ушбу моделни 2017 йилда ишлаб чиқаришни бошлагандан бери интилиб келган. Бу моделнинг нархи охирги вақтгача 45 минг долларни ташкил қилган.   

Бироқ бу нархга машинанинг энг минимал комплектацияси таклиф қилинмоқда. Бу комплектацияда ўрнатилган батарея қайта қувватлашсиз 350 км йўл босиб ўтишга имкон беради. Бир қувватланишда 520 км йўл босишга имкон берувчи комплектация учун 43 минг доллар тўлашга тўғри келади.

Моделнинг машинани бошқа машиналарнинг ҳаракатидан ёки тўсиқлар бор-йўқлигидан келиб чиқиб тезлаштирадиган ёки секинлаштирадиган автопилотли версияси учун қўшимча 3 минг доллар, машина белгиланган манзилга мустақил бора оладиган ва ўзи парковка қиладиган тўлиқ автопилотли версияси учун яна қўшимча 5 минг доллар тўланади.

Бундан ташқари, компания сайтида белгиланган нарх ўз ичига солиқ ва йиғимларни олмаслиги айтилган ва ҳақиқатда харидор машина учун каттароқ нарх тўлашига тўғри келади. Машинанинг буюртмачига етказиб берилиши муддати 2 ҳафтадан 4 ҳафтагача вақтни ташкил қилади.

2019 йилда компания Model S ва Model X моделлари савдосини 2018 йилда уларга талаб юқори бўлгани сабабли қисқартирмоқчи. Компаниянинг тушунтиришича, 2018 йилдаги талаб максимал бўлган ва шу сабабли унинг пасайиши кутилмоқда. 2019 йилда Model 3’дан ҳафтасига 7 мингтагача ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда.

Мавзуга оид