Ўзбекистон | 13:59 / 02.03.2019
7766
3 дақиқада ўқилади

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида янги марказ ташкил этилди

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Тармоқ бозорлари ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш тадқиқотлари маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг "Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 30 октябрдаги ПФ-5564-сон фармони билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Тармоқ бозорлари ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқариш тадқиқотлари маркази ташкил этилган.

Қуйидагилар Марказнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

республикада ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган маҳсулотлар (товарлар ва хизматлар) номенклатураси ва турлари тўғрисида хўжалик юритувчи субъектларга ахборот бериш учун мунтазам янгиланиб бориладиган электрон-ахборот порталини яратиш;

ички ишлаб чиқариш қувватлари, товарларга бўлган талаб ва таклифнинг ҳажмлари, шунингдек, ишлаб чиқариладиган ва истеъмол қилинадиган маҳсулотлар ички бозорда нархларнинг ўзгариши ҳақидаги маълумотлар базасини шакллантириш;

товар бозорларидаги нархлар, талаб ва таклифларнинг ўзгариши динамикасини таҳлил ва мониторинг қилиш ҳамда шу асосда тегишли таклифлар тайёрлаш;

тармоқ бозорлари конъюнктурасини республика ва ҳудудлар кесимида комплекс ўрганиш, уларнинг мувозанатли ривожланиши тўғрисида таклифлар тайёрлаш.

Белгилаб қўйилишича:

Марказ директори Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт ва саноат вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;

Марказ директори мақоми, меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизматлари шароитлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг департаменти бошлиғига тенглаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг бюджетдан ташқари Марказни ахборот билан таъминлаш ва моддий рағбатлантиришни ташкил этиш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

Вазирлик ва хўжалик юритувчи субъектларнинг буюртмалари бўйича шартнома асосида товарлар ва хизматлар бозорини тадқиқ этиш борасида бажарилган ишлар учун олинган маблағлар ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар бюджетдан ташқари Жамғармани шакллантириш манбалари этиб белгиланди.

Қуйидагилар Марказни молиялаштириш манбалари этиб белгиланди:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг маблағлари;

бюджетдан ташқари Жамғарманинг тўлов асосида бажарилган ишлар учун олинган маблағлари;

халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ҳузуридаги тугатилаётган Товар бозорлари конъюнктурасини ўрганиш ҳамда инвестиция лойиҳалари ва дастурларини экспертиза қилиш республика марказининг асосий воситалари, мулки ва бошқа активлари, архив ҳамда бошқа ҳужжатлари Марказга берилди.

Мавзуга оид