Ўзбекистон | 19:13 / 04.03.2019
3690
2 дақиқада ўқилади

Елена Исинбаева Ўзбекистонда ўтган спорт фестивали ғолибларини қутлади

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда февраль-март ойларида хотин-қизлар ўртасида спортнинг стол тенниси, бадминтон, волейбол, гандбол, баскетбол, велоспорт турлари бўйича “Нафосат - 2019” спорт фестивалини ўтказди. Ғолибларни қутлаш учун фахрий меҳмон -  россиялик машҳур спортчи Елена Исинбаева ташриф буюрди. 

Фото: Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизмати

Спорт феcтивали икки босқичда ўтказилди. 1-босқич (27 февраль – 1 март) ҳудудларда ўтказилиб, ғолиб деб топилган иштирокчилар 2-босқич – Республика босқичи (1-2 март)да беллашишади.

Хотин-қизлар қўмитаси матбуот хизматидан Kun.uz'га хабар берилишича, 3 март куни Тошкент шаҳрининг “Ўзбекистон” спорт мажмуасида спорт фестивалининг умумжамоа ҳисобида ғолиб деб топилган жамоаларнинг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра, Тошкент шаҳри 1-ўрин, Қорақалпоғистон Республикаси 2-ўрин ва Қашқадарё вилояти 3-ўринни қўлга киритди.

Спорт фестивали давомида таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди. Тадбирнинг фахрий меҳмони сифатида иштирок этган икки карра Олимпиада чемпиони, россиялик спортчи Елена Исинбаева фестиваль иштирокчиларини байрам ва қўлга киритган ютуқлари билан табриклади.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид