Спорт | 13:38 / 08.03.2019
46304
11 дақиқада ўқилади

30 йиллик «тавқи лаънат». «Ливерпуль»га яна нима етишмаяпти?

Фото: Getty Images

Англия Премьер-Лигаси 29-туридан сўнг мусобақа пешқадами ўзгарди. Узоқ вақт етакчилик қилиб келган «Ливерпуль» ҳамшаҳари «Эвертон» билан дуранг ўйнагач, иккинчи ўринга тушиб қолди. Англиянинг энг совриндор икки клубидан бири бўлган «Ливерпуль» 29 йилдан буён Англия чемпиони бўла олмайди. Бу орада Чемпионлар Лигаси, УЕФА Кубоги ва Европа Суперкубогида ғолиб бўлган жамоага негадир ички чемпионатда омад кулиб боқмаяпти.

Англияда футболда пул асосий нарса эмас, деб ўрганишган. Ўзларининг «олд скул»ларини қадрлайдиган инглизлар катта пуллар эвазига пайдо бўлган клубларни хушламасликлари ҳам бор гап. Шундай бўлса-да, араб капитали эвазига янги даврга қадам қўйган «Манчестер Сити» АПЛда ғолиб бўлди. Кейинчалик омадсизлик рамзига айланган «Арсенал» ҳам нолинчи йиллар бошида Венгер билан уч марта Премьер-Лигани ютганди. Рус капиталисти оёққа турғизган «Челси» мунтазам чемпион бўлиб келади, «МЮ» сэр Алекс вақтида Премьер-Лигада ғолиб бўлавериб зерикиб кетганди. Орада бир мавсум олдин зўрға лигада жон сақлаб қолган «Лестер» ҳам чемпион бўлди, лекин альбионнинг энг севимли жамоаларидан бири «Ливерпуль» ҳеч чемпион бўла олмаяпти. Нимага ахир?!

Клопп келгач анча кучайган «Ливерпуль» жорий мавсумда иккинчи ўриндаги «Сити»дан 7 очко илгарилаб кетганида, мухлислар ана энди чемпионликни ҳеч кимга бермаймиз дейишганди. Лекин 7 очколик фарқ йўққа чиқиб, яна «Сити» етакчига айланди. Наҳот «Ливерпуль» яна Англия чемпиони бўла олмаса? Клопп ва йигитларига яна нима етишмаяпти?

Бошдан баланд сакраш...

Фото: AFP/Getty Images

Юрген Клоппнинг «Ливерпул»га келиши нафақат «Ливерпуль» ва Англия футболи учун, балки бутун дунё футболи учун яхши ўзгариш бўлди. Чунки Клопп мухлислар кўз ўнгида жуда ёқимтой ва ҳеч кимдан қўрқмайдиган жамоани ташкил қилди. Клоппнинг ҳар бир мавсумида прогресс сезилмоқда. 2016 октябрда «Ливерпул»ни қабул қилиб олган Юрген жамоани ҳақиқий «безори»га айлантирди. Чемпионатда 8-ўрин билан кифояланган «Қизиллар» Европа Лигасида финалгача етиб боришди. Бироқ ҳал қилувчи ўйинда «Европа Лигасининг «Реал»ига айланган» «Севилья» Клоппнинг «безори йигитларини» мағлуб этади.

Кейинги мавсумда эса (2017-18 йилги мавсумда) «Ливерпуль» АПЛда катта қийинчилик билан бўлса-да, тўртликка кирди. Клоппнинг «Ливерпуль»даги ҳозирча энг катта натижаси эса Чемпионлар Лигасида қайд этилди. Жамоа финалгача етиб борди. Тан олиш керак, «Ливерпуль»нинг финалга етиб бориши катта сенсация бўлди. Ҳатто Англияда ҳам кўпчилик Клопп жамоасининг финалгача боришини кутмаганди. «Қизиллар» чорак финалда АПЛнинг бўлажак чемпиони «Манчестер Сити»ни мағлуб этишгани эса жамоа мухлисларига икки ҳисса завқ бағишлади.

Бугун «Ливерпуль» Европанинг энг кучли жамоаларидан бирига айланди, ҳужумдаги учлик супер ҳолатда, лекин ўтган мавсум олдидан уларга қандай қарашарди бир эслаб кўринг. Роберто Фирмино «Ҳоффенхайм»да ўзини кўрсатган, лекин Англияда кутилганидек порлай олмаётган бразилиялик футболчи эди. Бугун у Клоппнинг таъбири билан айтганда, «Ливерпуль»нинг юрагига айланган Бобби Фирмино. Садио Мане «Саутҳэмптон» сафида АПЛнинг энг тезкор ҳет-тригини муаллифи бўлган африкалик фуболчи эди. Бугун у Европанинг топ даражадаги ҳужумчиларидан бири.

Муҳаммад Салоҳ ошиб борса Англияда ишлари юришмай Италияга кетган ва «Рома»да тузуккина вингер эканини исботлаган мисрлик футболчи эди. Бугун у АПЛ тарихида бир мавсумда энг кўп гол урган футболчи, Европада «безбетларча» Роналду ва Мессининг ҳукмронлигига дахл қилишга уринаётган мегаюлдуз. Эндрю Робертсон Премьер-Лигада охирги ўринларда юриб, кейинчалик чемпионшипга йўл олган «Ҳалл Сити» футболчиси эди. Клоппнинг жамоасида у Европанинг энг зўр чап қанот ҳимоячиларидан бирига айланди. Юргеннинг таъбири билан айтсак, Эндрю бугун Шотландиянинг Уильям Уоллеси. Клопп «нафақа остонасидаги» Милнерни жамоанинг энг зўр ассистентига, ўртача футболчи бўлган Жордан Ҳендерсонни супер таянч яримҳимоячисига, ҳали мактабни ҳам битириб улгурмаган Трент-Александ Арнольдни асосий ўнг қанот вингерига айлантирди. Бунинг номини эса чинакамига ўз имкониятларидан бир бош баланд сакраш дейишади. Бундай жамоадан эса чемпионликни талаб қилиш тўғри эмасди.

Ҳа, Клопп мана шундай катта миссияни жуда тез уддалади. Эсингизда бўлса, «Ливерпуль» 2016 йил Брендан Рожерсни истеъфога чиқаргач, футбол жамоатчилиги унинг ўрнини ким эгаллаши борасида мулоҳаза юрита бошлади. «МАТЧ ТВ»нинг «Инглизча акцент» деган кўрсатувида қатнашган таниқли шарҳловчи Роман Гуцайт бу борада айтган гапи ҳеч эсдан чиқмайди: «Агар «Ливерпул»га узоқ кутилган Англия чемпионлиги керак бўлса, Карло Анчелоттини олиб келиши керак. Агар «Ливерпуль» хўжайинлари «банда» яратишни хоҳлашса, у ҳолда Юргенн Клопп энг яхши вариант». Чиндан ҳам Клопп «банда» ярата олди. Унинг жамоаси хоҳлаган жамоасига 5талаб гол ура бошлади, лекин ҳар қандай ўртамиёна жамоа ҳам «Ливерпул»ни енгиб кетаверди. Оқибатда Клоппнинг жамоаси Робин Ҳуд лақабини олди.

Клопп ўтган мавсумлардаги ўта қайноқ ўйин натижа бермаслигини, жамоа «ўзини босиб олиши кераклигини» тушунди ва «Ливерпуль» ўйинига босиқлик, ақл қўшишга қарор қилди. Бошқача қилиб айтганда «Ливерпуль» жорий мавсумда 1:0 ҳисобидаги ғалабага ҳам қаноат қилишни ўрганган, ҳақиқий етакчиларга хос салобатли жамоага айланди. Мавсум аввалидаги қуруқ ўйинлар, кучли бешликда кам гол ўтказиб юбориш бўйича энг яхши кўрсаткичлар барчаси яхши кетаётганини кўрсатди. Аммо мавсум ҳал қилувчи палласига кирар экан, «Ливерпуль» яна қоқилишни бошлади. 30 йилдан буён чемпион бўла олмаётгани жамоага катта босим юклай бошлади. Оқибатда етакчилик бой берилди. Ҳозирча, албатта.

Ўзгармас 11талик

Ҳозир Англияда чемпионлик учун курашаётган «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль»нинг асосий иккита фарқи бор ва ўша фарқлар Гвардиола жамоасининг фойдасига ишламоқда. Бу фарқлар таркиб билан боғлиқ. «Ливерпуль» жуда кўп ўйинларда деярли бир хил таркиб билан ўйнади. Марказий ҳимоячилар жароҳат сабаб ўзгариб турганини инобатга олмасак, қолган чизиқларда ўзгармас таркиб пайдо бўлди. Бу эса топ-клубларни ҳал қилувчи паллада оёғидан чаладиган нарса. Тўғри, муқим асосий таркибнинг шаклланиши жамоавий ўйин учун зарур, лекин ҳар қандай футболчи асосий таркибда тушиши аниқ эканини билса, бўшашади. Бу керак бўлса инсоннинг ўзига боғлиқ бўлмаган инстинкт.

«Сити»да эса ҳатто клуб афсонаси Серхио Агуэрога ҳам асосий таркибда ўрин кафолатланмаган. Ҳужум чизиғидаги футболчилар доим алмашиб туришади, чунки улар шунчалик кўпки, улардан битта жамоа тузса бўлади. Пеп таркибни тез-тез ўзгартириши билан захирада кучли рақобатни шакллантирган. «Ливерпуль»да эса захирадан ўйинга қўшилиб, натижага таъсир қила оладиган футболчилар рўйхати Шердан Шакири билан бошланади ва шу ерда тугайди. «Сити»нинг биз юқорида таъкидлаган иккинчи устунлиги айнан захира имкониятларининг кенглигида.

Аросатдаги Салоҳ

Фото: AFP/Getty Images

Муҳаммад Салоҳ ўтган мавсум ўнг қанот ҳужумида ўйнаб АПЛ тўпурари бўлди. Жорий мавсум аввалида Клопп уни марказий ҳужумда ўйнатишга қарор қилди. Мураббий бу билан ҳужумчининг самарадорлигини янада оширишга қарор қилди. Бироқ Салоҳнинг марказга мослашиши осон бўлмади. Чунки марказий ҳужумда габаритли футболчилар ўйнаши яхшироқ, Салоҳ эса гавдаси билан мақтана олмайди. Буни пайқаган Клопп охирги ўйинларда Салоҳни яна ўзи ёқтирган чизиқда ўйнатмоқда. Тўғрироғи, Салоҳ Месси каби хоҳлаган ерида ўйнаши мумкин. Мана шундай кўп сонли ўзгаришлар Салоҳнинг ўйинига бироз салбий таъсир қилгандек.

Клопп жавобгарликни ҳис қилмоқда

Бугун кучли бешликда истеъфоси ҳақида гап сўз бўлиши мумкин бўлмаган битта мураббий бўлса, бу шубҳасиз, Юрген Клопп. Бироқ германиялик мураббий клуб «унинг оғзидан чиққан» истагини бажаргани учун ўз-ўзидан катта масъулиятни ҳис қила бошлади. Футбол тарихидаги энг қиммат ҳимоячи, охирги йиллардаги энг харидоргир дарвозабонни олиб келиш клубга 150 миллион еврога тушди. Етмаганига яна шунча пул ўтган ёзда харж қилинди. Бундай супер трансферлар натижа бериши учун эса аввало мураббий жавоб беради.

Айнан мана шу масъулият сабаб Клопп ўтган йилги «бебош» «Ливерпуль» режимини ёқишга шошмаяпти. Бироқ натижалар ҳозирги каби кетса, Клоппнинг ҳам «безорилиги тутиб»: «Йигитлар, бунақа прагматизм бизга тўғри келмас экан, ўтган йилги ултрапрессинг режимига қайтмиз», дейишини кутсак бўлади. «Ливерпуль» футболчиларининг жисмоний ҳолати бунга жавоб беради ахир. Бундан ташқари, ҳимояда ван Дейк, дарвозада Алиссоннинг борлиги ҳар қандай ҳужумкор ўйинда гол ўтказиб юбориш рискини камайтиради. Хуллас, «Ливерпуль» ҳали курашдан чиққани йўқ. Чемпионлар Лигасида ҳам, Премьер-Лигада ҳам. Бошқа жамоаларни чемпионликка чорлаш учун сеҳрли сўзларни топиш қийиндир, лекин «Ливерпуль» футболчилари ҳар қандай рақибни «янчиб ташлаши» учун биргина хитобнинг ўзи етарли: You will never walk alone…

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид