Ўзбекистон | 08:13 / 08.03.2019
75642
3 дақиқада ўқилади

Гулнора Каримова 865 миллион доллар миқдорида пора олишда айбланмоқда

Фото: Валерий Левитин/РИА «Новости»

Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Гулнора Каримова ва МТСнинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси - «Уздунробита» собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедов АҚШда пул ювиш ва 865 миллион доллар миқдорида пора олишда айбланмоқда. Бу ҳақда Нью-Йорк Жанубий округи прокуратураси хабар берди, деб ёзяпти РИА Новости.

«Бугун Ўзбекистон собиқ расмий вакили, Ўзбекистон собиқ раҳбарининг қизи Гулнора Каримова ва Россиядаги энг йирик телекоммуникация компанияси - «Мобильние ТелеСистеми» («МТС»)нинг Ўзбекистондаги шўъба корхонаси «Уздунробита» собиқ бош директори Беҳзод Аҳмедовга нисбатан жиноий иш очилгани ҳақида эълон қилинди», - дейилади хабарда.

Қайд этилишича, жиноий иш «хорижий коррупция амалиётлари тўғрисидаги қонун тарихида энг йирик ҳолат» юзасидан очилган.

Прокуратуранинг тахминича, Каримовага ҳаммаси бўлиб 865 миллион доллар тўлаб берилган.

Бош прокурор ёрдамчиси Брайн Бенчковскийнинг сўзларига кўра, Гулнора Каримова учта телекоммуникация компаниясидан 865 миллион доллар миқдорида пора олиш ва кейинчалик бу пораларни АҚШ молия тизими орқали ювиш учун ўз расмий мавқеидан фойдаланишда айбланмоқда. 

МТС’дан ташқари, матнда Vimpelcom LTD (Билайн) ҳамда Telia Company AB (Telia) ҳақида сўз юритилган.

Россиянинг МТС мобил оператори АҚШнинг қимматбаҳо қоғозлар ва биржалар комиссияси ва адлия вазирлиги билан Ўзбекистондаги собиқ шўъба корхонаси атрофидаги тергов юзасидан келишув тузди ва бу келишув доирасида 850 млн долларлик жарима тўлайди. 

2015 йил баҳорида АҚШ адлия вазирлиги Нидерландия прокуратураси билан биргаликда Vimpelcom, МТС ва TeliaSonera компанияларининг Гулнора Каримова билан алоқаси борлиги таъкидланадиган Takilant компанияси билан битимлари юзасидан тергов бошлаган. Ўша йил августида АҚШ ҳукумати Европанинг 5 та давлатига ушбу иш бўйича бир млрд долларлик активларни музлатиб қўйиш илтимоси билан мурожаат қилган.

Тергов версиясига кўра, алоқа операторлари коррупциявий схема ёрдамида Гулнора Каримова билан боғлиқ тузилмаларга Ўзбекистон бозорига чиқиш, частоталар олиш ва бошқа битимларни амалга ошириш ҳуқуқи эвазига юзлаб миллион доллар ўтказишган. 2016 йилда Vimpelcom ушбу иш доирасида 795 млн доллар тўлаб берган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Гулнора Каримова умумий тартибли колонияга ўтказилганди.

Мавзуга оид