Фан-техника | 11:55 / 13.03.2019
8632
2 дақиқада ўқилади

Microsoft ахборот хавфсизлигига бир йилда қанча пул сарфлаши маълум бўлди

Фото: REUTERS/Carlos Barria

Американинг Microsoft корпорацияси ахборот хавфсизлиги ва хакерлардан ҳимоя учун ҳар йили 1 миллиард доллардан зиёд маблағ сарфлайди. Бу ҳақда сешанба куни Хьюстондаги CERAWeek конференциясида компания ижрочи вице-президенти Жейсон Зэндер маълум қилди.

Унинг билдиришича, Microsoft дастурлари дунё бўйлаб юз миллионлаб кишилар томонидан фойдаланилади ҳамда компания ушбу дастурлар хавфсизлиги учун масъулдир. «Хавфсизлик - биз доимо ишлашимиз керак бўлган йўналиш», - дея таъкидлади Зэндер. Унинг билдиришича, кибержиноятчилар томонидан таҳдид тобора ортиб боряпти.

«Шунинг учун йилига 1 миллиард доллардан зиёд маблағ сарфлаймиз», - дея қайд этиб ўтди у. Зэндернинг аниқлик киритишича, бу маблағлар, жумладан, Windows операцион тизими ва Microsoft’нинг бошқа дастурларида маълумотлар хавфсиз сақланишини таъминлаш учун кетади.

Зэндернинг айтишича, хакерлар томонидан инфратузилма элементлари, жумладан, энергия тизимлари учун дастурий таъминотнинг қўлга киритилиши жуда хавфлидир. «Биз тўғри бошқарилмаса, хавфли бўлиши мумкин бўлган ускуналар ҳақида гапиряпмиз», - деди у. 

Бундан олдин, Microsoft ходимлари 480 млн долларлик ҳарбий шартномадан воз кечишни талаб қилишаётгани хабар берилганди.

Мавзуга оид