Ўзбекистон | 01:15 / 15.03.2019
50008
4 дақиқада ўқилади

Наврўз байрамини ўтказиш учун Андижон вилоятидаги корхоналар ҳомийликка мажбурий жалб этилмоқда

Kun.uz таҳририяти ихтиёрига Андижон вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Эгамбердиев томонидан имзоланган, кун тартиби Андижон вилоятида «Наврўз» умумхалқ байрами тадбирлари ва сайилларини кўтаринки руҳда ўтказиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги йиғилиш баёни келиб тушди.

Мазкур қарорнинг 6-банди алоҳида эътиборга лойиқ. Унда Андижон вилоятида «Наврўз» умумхалқ байрамини кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида бириктирилган ҳомий ташкилотларнинг рўйхати келтирилган.

Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Эгамбердиевга илова билан тасдиқланган рўйхат асосида ҳомийлар томонидан икки кун муддатда вилоят маданият бошқармаси ҳисоб рақамига белгиланган маблағларнинг туширилишини назоратга олиш вазифаси топширилмоқда.

Рўйхат асосида Андижон вилоятидаги йирик ишлаб чиқариш корхоналари ва банкларга 10 миллион сўмдан 100 млн сўмгача «ўлпон» солинган. Буни ЎЛПОН деб аташга ҳар қанча ҳаққимиз бор. Чунки ҳомийлик ёрдами ҳеч қачон муддат билан назоратга олинмайди ва у ихтиёрийлик асосида кўрсатилади.

Энг катта ўлпон «GM-Uzbekistan» ЁАЖга солинмоқда — 100 миллион сўм. Банкларнинг 10 миллион сўмдан 50 миллион сўмгача ҳомийлик ёрдами кўрсатиши назорат қилинмоқда. Энг қизиғи, нафақат давлат банклари, балки хусусий банкларга ҳам ўлпон солинмоқда.

Кўрсатиладиган жами «ҳомийлик» маблағлари 1 млрд 414 млн сўмни ташкил этади. Лекин бу пуллар айнан қандай тасарруф этилишига ойдинлик киритилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-4-моддаси (Тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш)га кўра назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан тадбиркорлик субъектларини пул маблағлари ҳамда бошқа моддий қимматликларни ажратиш билан боғлиқ ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш — энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин шундай ҳаракатлар яна қайта содир этилган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 192-4-моддаси (Тадбиркорлик субъектларини ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш)га кўра, энг кам ойлик иш ҳақининг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўзбекистонда хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган қонун кучга киргани ҳақида хабар қилган эдик.

Андижон вилоят ҳокими ўринбосарининг бу хатти-ҳаракати маъмурий жавобгарлик ўлароқ баҳоланиши мумкин. Энди Андижон вилоят прокуратураси бу ҳолга қандай жавоб қайтариши барчамизга қизиқ.

Аввалроқ Андижон вилоятида ҳукумат қарорига зид тарзда «навбатдан ташқари ҳашар» — «Маънавият ҳашари» эълон қилингани, сўнгра Андижон вилояти ҳокимлиги мазкур «Маънавият ҳашари» қонуний ўтказилганини кучини йўқотган ҳужжат билан асосламоқчи бўлгани ҳақида хабар берган эдик.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ

Мавзуга оид