Ўзбекистон | 16:48 / 24.03.2019
23656
2 дақиқада ўқилади

Президент Бирлашган Араб Амирликларига жўнаб кетди

 Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 24 март куни расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликлари пойтахти - Абу-Даби шаҳрига жўнаб кетди.

Шавкат Мирзиёев 24-26 март кунлари Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён таклифига биноан расмий ташриф билан ушбу давлатда бўлади.

Дастурга мувофиқ, Шавкат Мирзиёев Абу Даби Амирлиги валиаҳди, Бирлашган Араб Амирликлари Қуролли кучлари Олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён ҳамда БАА вице-президенти, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан учрашиши кутилмоқда. 

Ташриф давомида кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион, банк-молия, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги амалий алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилади. 

Ташриф якунида Ўзбекистон Республикаси ва БАА ўртасида Қўшма баёнотни қабул қилиш, инвестициялар, молия, қайта тикланадиган энергетика, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, божхона маъмуриятчилиги, меҳнат ресурслари, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка оид икки томонлама ҳужжатларни имзолаш кўзда тутилган. 

Мавзуга оид