Жамият | 17:00 / 24.03.2019
29586
3 дақиқада ўқилади

Йўл-йўлакай. Пайариқ туманидаги қишлоқлар ҳаётидан бир лавҳа

Kun.uz мухбирлари мурожаатлар сабабли кўп сафарларда бўлади. Йўл-йўлакай қишлоқлардаги яшаш шароитларига ҳам кўз тушади. Қуйида эътиборингизга Самарқанд вилояти, Пайариқ тумани «Жувозхона» маҳалласидаги қишлоқлар ҳаёти, уларнинг турмуш шароити ва йўллари тасвирлари келтирилади.

«Жувозхона» маҳалласида минглаб кишилар истиқомат қилишади. Маҳаллада Жувозхона қишлоғидан ташқари Оқчелак, Тезакчи, Наволи, Шўртепа ва Йигирматепа каби қишлоқлар ҳам мавжуд.

Оқчелак қишлоғини Жувозхона қишлоғи ва туман маркази билан боғловчи марказий йўлда жойлашган авария ҳолатидаги кўприк аҳолини хавотирга солиб турибди.

Оқчелак ва Жувозхона қишлоғини боғловчи кўприк

Ушбу кўприкдан ҳар куни йўловчи машиналари ва юк машиналари қатнайди. Кўприк «илиниб» турибди. Агар шу ҳолат қоладиган бўлса, фожиа рўй бериши ҳам мумкин.

Кўприкдан сўнг эса катта-катта чуқурларга эга бўлган «асфальт йўллар» сизни қарши олади.

Оқчелак қишлоғи йўлларидаги ҳолат

Бу йўлларга узоқ вақтдан бери ҳеч ким эътибор бермаган. Оқчелак, Тезакчи, Наволи ва Шўртепа қишлоқларидаги одамлар туман марказига шу йўллар ва кўприк орқали ўтади.

Йигирматепа, Ялоқтепа қишлоқларига олиб борувчи ички йўллар ҳам шу аҳволда...

Жувозхона ва Ялоқтепа қишлоғини боғловчи йўл

Бу йўлларда ҳар-ҳар жойда асфальт қолдиқларини кўриш мумкин. Давлат бу йўлларга қачонлардир эътибор қаратган, аммо вақтлар ўтиши билан қаровсиз ҳолга келиб қолган.

Бу йўллар орқали юзлаб болалар мактабга қатнайди, аҳоли ҳам туман марказига шу йўлдан боради. Ёғингарчилик мавсуми бошланаётгани ҳисобга олинса, бу йўлларда ҳаракатланиш қандай кечишини тасаввур қилиш қийин эмас. Болалар мактабга кечикиши, аҳоли эса туман марказидаги ишига вақтида улгуролмаслиги тайин.

Бундан ташқари, «Жувозхона» маҳалласи аҳлини тоза ичимлик суви муаммоси ҳам қийнаб келади. Аҳоли артезиан сувлари ва ҳовузларнинг ичишга яроқсиз сувларидан фойдаланишга мажбур. Табиий газни унутишганига анча бўлган.

Маҳалла аҳлига «беминнат» хизмат қилаётган эски бекат
Маҳалла аҳлига хизмат қилган «қадимий» озиқ-овқат дўкони

Қишдан базўр чиқиб олган маҳалла аҳли Наврўз шодиёналарини юқори кайфиятда қарши олмоқда.

Умид қиламизки, Самарқанд вилоят ва Пайариқ туман ҳокимлиги ва йўл ташкилоти мутасаддилари бу муаммоларга эътибор қаратишади. Kun.uz мутасаддилардан ташаббус кўрсатишларини кутиб қолади.

Мавзуга оид