Жаҳон | 14:23 / 29.03.2019
8558
3 дақиқада ўқилади

Тереза Мэйнинг эҳтимолий ворислари маълум қилинди

Фото: REUTERS

Буюк Британия бош вазири лавозими учун тўрт нафар номзод кураш олиб боради. Бу ҳақда Financial Times ёзмоқда.

Тереза Мэйнинг истеъфосидан сўнг, бу лавозимга тўрт нафар сиёсатчи асосий номзод бўлиши мумкин. Улар орасида собиқ ташқи ишлар вазири Борис Жонсон, амалдаги ташқи ишлар вазири Жереми Хант, Brexit ишлари бўйича собиқ вазир Доминик Рааб ҳамда атроф-муҳит, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги вазири Майкл Гоув бор.

Хабар қилинишича, сўнгги номзодни Евроиттифоқдан чиқиб кетгандан кейин континентал Европа билан муносабатларга прагматик ёндашув тарафдори бўлган консерваторларнинг парламентдаги фракцияси аъзолари қўллаб-қувватламоқда. Букмекерлар фикрича, Гоувда ғалаба қозониш учун энг катта имконият мавжуд. Хант эса партиянинг мўътадил қаноти номзоди саналади.

Газета билдиришича, Мэйнинг кетиш ҳақидаги ваъдаларидан сўнг, агар парламент у томонидан ЕИдан чиқиш бўйича таклиф этилган келишув шартларини маъқулласа, лавозим учун «шафқатсиз пойга» бошланади.

27 март куни бош вазир «мамлакат ва партия учун зарур бўлган нарсага эришиш учун режалаштиргандан кўра эртароқ лавозимни тарк этишга тайёр»лиги ҳақида эълон қилди.

Бунга қадар Буюк Британиядаги қатор вазирлар ҳукуматнинг амалдаги раҳбарини лавозимдан четлатишга келишиб олгани маълум бўлганди.

Евроиттифоқ давлатлари етакчилари 21 март куни Буюк Британиянинг иттифоқдан чиқиб кетишини кечиктириш ҳақида келишиб олдилар. Агар Британия парламенти ЕИ билан келишувни тасдиқласа, унда Brexit 22 майга қадар қолдирилади. Акс ҳолда, жараён фақат икки ҳафтага кечиктирилади ва 12 апрель куни бошланади.

Расман Буюк Британия 2019 йил 29 март куни ЕИдан чиқиб кетиши керак. Бироқ, британиялик сиёсатчилар мамлакат Евроиттифоқдан қачон, қандай ажралиб чиқиши борасида бир ечимга кела олмаяпти. Натижада парламент икки марта Мэйнинг келишув бўйича таклифини рад этди, бу ҳукумат инқирозига олиб келди.

Бундан олдин, Евроиттифоқ Brexit'ни кечиктириш бўйича иккита вариантни маъқуллагани хабар қилинганди.

Мавзуга оид