Ўзбекистон | 08:04 / 03.04.2019
27885
3 дақиқада ўқилади

Ҳукумат мобил алоқасига илк фойдаланувчилар уланди

Фото: РИА Новости/Илья Питалев

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Маданият вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ва «Ўзавтосаноат» АЖ ходимлари UMS’нинг ҳукумат мобил алоқасига уланди, деб хабар бермоқда компания.

Давлат хизматчиларини ушбу алоқага улаш ишлари давлат раҳбарининг 2018 йилнинг 13 декабрдаги «Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувига рақамли иқтисодиёт, электрон ҳукумат ҳамда ахборот тизимларини жорий этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асосида амалга оширилмоқда. Ҳукумат мобил алоқасини жорий қилиш бўйича масъул – Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигидир.

Ўтган йили агентлик ушбу тизимни ишга тушириш, синаш ва ундан тажриба тариқасида фойдаланиш ишларини амалга оширди. Хусусан, 2018 йилнинг охирида UMS компанияси Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ходимларини ҳукумат мобил алоқасига синов тариқасида улади.

Ушбу вақт мобайнида тизимни тўлиқ тижорий фойдаланишга топшириш учун зарурий ускуналар харид қилинди. Давлат хизматчиларини улаш учун йиллик абонент тўловига эга учта имтиёзли тариф режалари тайёрланди. Уларни ишлаб чиқишда давлат органлари хизматчиларининг қўнғироқларни амалга ошириш ва мобил Интернетдан фойдаланишга бўлган эҳтиёжлари инобатга олинди, дейилади хабарда.

1 апрелдан бошлаб Иқтисодиёт ва саноат, Маданият, Ички ишлар вазирликлари, шунингдек, мамлакат автосаноати вакиллари ҳукумат мобил алоқаси фойдаланувчиларига айланишди. 

Кейинчалик давлат органлари, ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарининг ўз хизмат вазифаларини бажаришда тизимдан фойдаланиши мажбурий бўлган ходимлари рўйхатига кирувчи бошқа давлат хизматчилари ҳам ушбу алоқа билан босқичма-босқич таъминланади.

Махсус ҳукумат мобил алоқаси фойдаланувчиларнинг махфийлиги, тезкорлиги, хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Уларга телефон қўнғироқлари, юборилаётган ва олинаётган маълумотларни ҳимояловчи, абонентларнинг шахсий маълумотлари очиқланишидан сақловчи ягона платформада хизмат кўрсатилади. Бундан ташқари, телекоммуникация хизматларига сарфланадиган бюджет маблағларининг тежалишини таъминланади. Амалга оширилиши керак бўлган ишлар ҳажмини инобатга олган ҳолда тизим босқичма-босқич жорий қилинади.

Мавзуга оид