Light | 22:01 / 07.04.2019
27454
7 дақиқада ўқилади

Forbes 30 U 30 Осиё: шоирдан тортиб ошпазгача

Фото: Forbes

Forbes нашри Осиё бўйича 30 ёшгача бўлган умидли ёшлар рўйхатини эълон қилди. 30 under 30 рукни остида эълон қилинувчи бу рўйхатдан ўзбекистонлик ёшлар ўрин олишмаган. Қўшни Қозоғистондан 4 нафар, Афғонистондан 4 нафар ва Қирғизистондан бир нафар ёш Forbes ’нинг ушбу нуфузли рўйхатидан жой олган.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Қуйида рўйхатнинг санъат йўналиши бўйича сараланган ёшлари билан танишишингиз мумкин.

Абҳинав Агравал, 26 ёшда. Ҳиндистон. – Anahad жамғармаси асосчиси. 2013 йилда Беркли коллежини битирган Абҳинав ҳинд фольклор мусиқа меросини ёзиб олиш учун Anahad нодавлат ташкилотини тузади. Овоз ёзиш лейбли Ҳиндистон бўйлаб ҳали қулоққа чалинмаган фольклор ижод намуналарини қайд этиб келади ва ўша ҳудудларнинг маданияти орқали иқтисодий жозибадорликни оширишга хизмат қилади.

Шантану Ананд ва Нандини Варма, 26 ёшда. Ҳиндистон. – Airplane шеърият ҳаракати асосчилари. Асли ҳуқуқшунос бўлган бу икки ёш Ҳиндистонда шеърият ривожи учун 125та шеърият тўгарагини очишга улгурган.

Жоржиа Бренч, 29 ёшда. Австралия. – Trichomia компанияси асосчиларидан бири. Компания икки бренд – Hemple ва Soul Seed брендларини ўз ичига олади. Компания 500 дўкон ва йилига 1,2 миллион доллар миқдоридаги даромадга эга.

Виктория Чоу, 29 ёшда. Ҳонгконг. – The Woods махсус коктейлига эга барлар тизими асосчиси.

Анаҳита Донди, 28 ёшда. Ҳиндистон. – Анаҳита Лондондаги Cordon Bleu Grand Diplome курсларини тамомлагач, Ҳиндистонга қайтган. Ҳиндистоннинг умидли ва таниқли рестораторларидан бирига айланган ёш ошпаз Нью-Делидаги SodaBottleOpenerWala ресторани акцияларига эгалик қилади.

Гао Луди, 28 ёшда, Хитой. – Бу ёш рассомнинг асарлари Хитойнинг уч шаҳри – Пекин, Шанхай, Тянжиндаги музейларда сақланади.

Го Ижантян, 27 ёшда, Хитой. – Лондон мода коллежини битирган Го 2014 йилда Yirantan брендига асос солади. Дизайнер бренди Хитойдаги 35 ритейлерлар билан алоқа ўрнатган.

 

Ҳюн Мин Ҳан, 17 ёшда, Жанубий Корея. – Отаси нигериялик, онаси кореялик бўлган модель мамлакатдаги машҳур моделлардан бирига айланиб улгурган.

Шота Итои, 26 ёшда, Япония. – 2018 йилнинг ноябрь ойида Шота Япониядаги энг машҳур ошпазлар мусобақаси – RED U-35 ғолибига айланди ва ҳозирда Taka Ashiya ресторанининг таниқли ошпазларидан саналади.

Сзюй Сяовен, 29 ёшда, Хитой. – Mark Jacobs, Prada, Louis Vuitton, DKNY брендлари тўпламлари тақдимотида турли мода ҳафталикларида қатнашган Сзюй Vogue, Elle каби нашрлар муқовасида ҳам кўп бора кўзга ташланган.

Ке Ке, 26 ёшда, Хитой. – Печенелар ишлаб чиқарувчи Akoko бренди асосчиси. Бренд 2018 йил бошида бюджетини 7 миллион долларгача кўтариб олган.

Сан Ҳён Ким, 24 ёшда, Жанубий Корея. – Ханой шаҳрида ўз новвойхона бренди очган. Ёш новвойнинг Bread Factory бренди вьетнамлик ёшларни иш билан таъминламоқда.

Жумпеи Комашита, 25 ёшда, Япония. – Lovegraph фотостудияси асосчиларидан бири ўз ҳоббиси ортидан 3 миллион долларлик катта суратга олиш брендига эга бўлиб олган.

Перси Лау, 29 ёшда, Ҳонгконг. – Дизайнер Перси Лау 2013 йилда Ҳонгконгда кўзойнак брендига асос солган. Унинг кўзойнакларини Нью-Йорк, Сидней ва Пекиндаги дўконлардан топиш мумкин.

Ча Вон Лим, 29 ёшда, Жанубий Корея. – GOPIZZA бренди асосчиси. Кичик фудтракдан бошланган фаолият ҳозирга келиб, ойига 500 минг доллар даромад келтирувчи катта тармоққа айланди.

Лю Ва, 24 ёшда, Хитой. – Йель университетида антропологияни ўрганган Люнинг асарлари АҚШ, Дания, Хитой ва Францияда намойиш этилган.

Саҳил Наик, 26 ёшда, Ҳиндистон. – Гоада ўсиб-улғайган Наик ҳайкалтарошлик асарларида сиёсат, наср, ҳаёт фалсафасини акс эттиришга ҳаракат қилади. Унинг ижод намуналари Нью-Йорк ва Лондонда намойиш қилинган.

Дастан Омуралиев, 29 ёшда, Қирғизистон. – Омуралиевнинг Ecoproduct Asia шарбат ишлаб чиқарувчи компанияси 2022 йилга келиб маҳаллий бозорнинг 50 фоизлик қисмини қамраб олиши кутилмоқда.

Ҳа Юн Пак, 27 ёшда, Жанубий Корея. – Анимация ва иллюстрация устаси Disney ва FOX студиялари билан фаолият олиб боради.

Шармен По, 28 ёшда, Сингапур. – ижтимоий муаммоларни фотосуратларида акс эттирувчи ижодкорнинг ишлари The New York Times саҳифаларида босилиб чиққан.

Абҳай Ранган, 21 ёшда, Ҳиндистон. – Goodymilk лактомаҳсулотлар брендининг асосчиси мамлакат бўйлаб минглаб оилаларни озиқ-овқат билан таъминлайди.

Понгчарн Рассел, 28 ёшда, Таиланд. – Ресторатор Лондонда олган билим ва тажрибаси эвазига 2019 йилда Ter’ra тамаддихоналар концептига асос солган.

Палак Шоҳ, 27 ёшда, Ҳиндистон. – Ekaya замонавий сари бренди асосчиларидан бири. У Salvatore Ferragamo, Missoni брендлари билан коллаборация тўпламларини яратган.

Ишвараж ва Прабҳтеж Сингҳ Бҳатиа, 24 ва 27 ёш, Ҳиндистон. – 2016 йилда чанқоқбосди ичимликлар брендига асос солган ака-укалар 2018 йилда 20 миллион доллар миқдоридаги савдо айланмасига эга бўлди.

Сун Итян, 27 ёш, Хитой. – Асарлари Нью-Йоркдаги Метрополитан павильони, Макао санъат музейида ва Берлиндаги кўргазмаларда намойиш этилган.

Флоренс Ван Дайк, 29 ёш, Янги Зеландия. – Chia Sisters бренди асосчиси. Энергетик ичимликлар ишлаб чиқарувчи компаниянинг айни вақтдаги директори.

Вен Янг, 29 ёш, Ҳонгконг. – NOSH озиқ-овқат етказиб бериш хизмати бош бошқарувчиси.

Шохеи Ясуда, 27 ёш, Япония. – Kabi ресторани асосчиси. Франция ва Данияда ошпазлик бўйича маҳоратини ошириб Осакага қайтган Шохеи бугун нордик-япон услубидаги ошхона таомларини тайёрлайди.

Жанг Сзипиао, 25 ёшда, Хитой. – 1993 йилда рассомлар оиласида туғилган Жангнинг санъат асарлари Чикаго ва Лос-Анжелесдаги коллекция йиғувчилар томонидан харид қилинган.

Чжоу Сзюн, 29 ёшда, Хитой. – Милан ва Лондондаги дизайн мактабларини тамомлаган Чжоу ҳозирда Pronounce брендида эркаклар кийими дизайнери бўлиб ишлайди. Унинг ишлари Милан, Шанхай ва Лондон шаҳарларидаги мода ҳафталикларида намойиш этилади.

Forbes нашрининг 30 under 30 рўйхатларидан турли соҳаларда муваффақиятга эришган ёшлар ўрин олади. Ушбу рўйхатдан 2017 йилдагина ўзбекистонлик, молия стартапи директори – Дилмурод (Род) Асқаров ўрин олганди, холос.

Мавзуга оид